Ёш йигит қўли гул тикувчи эди. Бисотида бир тикиш машинаси ва бир кичкина дўконидан бошқа нарса йўқ. Эрта тонгдан ярим тунга қадар, баъзан тунни тонга улаб ишласа-да, жуда оз пул топарди. Бир изғирин қиш кечаси, дўконни ёпиб, ижара уйига қайтаётиб, электр печкани ўчиришни унутиб қолдирди. Бу фаромушлик оқибатида, кичик дўкони ва тикув машинаси куйиб кул бўлди. Энди на иши, на пули бор. Энди иш излар, ҳаммоллик қилар, бозорда арава ҳайдарди. Аммо топган пули турган жойининг ижара ҳақига ҳам етмасди. Охир-оқибат уй эгасининг ҳам сабри тошиб, кичик чамадони билан йигитни кўчага чиқариб қўйди. Қишнинг қор-қировли, кўздаги ёш қотиб музлаб қоладиган кунларида, йигитнинг хиёбондан бошқа борадиган ери йўқ эди. Бир куни эрталабдан кечгача иш қидиравериб оёқларида дармон қолмади. Очлик ва совуқдан ҳолдан тойиб, йўл четида ўтирган эди, олдига сўнги русумдаги автомобил келиб тўхтади. Йигит, тезда машинасидан тушиб, орқа эшикни очмоқчи бўлган ҳайдовчини тўхтатишга уринди ва ёлвора бошлади:
-- Қўяверинг, ўз ҳолимга қўйинг мени. Бир амаллаб хиёбонга етиб олсам бўлди, ҳеч кимга зарар етказмайман. Мен ўғри эмасман, қўйворинглар мени...
Кўринишидан бадавлат, тадбиркорлиги кўриниб турган кекса одам, бир неча одим юриб тикувчи йигитнинг титраб-қақшаётганини сезди. Тикувчи йигит эса шу аҳволида ҳам тадбиркорнинг устидаги палтосига диққат билан қаради. Кўнгли бузилиб, тикувчига раҳми келган тадбиркор киши “эссиз, шундай йигит-а, бунга қандай ёрдам берсам экан, палтомни ечиб берсаммикан? Исинишни хоҳлаяпти шекилли?” дея ўйлади. Аммо тикувчи йигит палтонинг иссиқлигини эмас, қалин ва сифатли мўйна бўлса-да, кишининг қоматига мос, ярашиқли қилиб тикилмаганини ўйлаётган эди.
Кекса тадбиркор тикувчи йигитнинг ёнига яқинлашди ва:
– Бу аёзли кунда хиёбонда нима қиляпсан, ўғлим? Истасанг палтомни сенга бераман, деди.
– Йўқ, раҳмат, деди тикувчи йигит унга жавобан. – Мен шунчаки палтоингиз сизга ярашмаганини, матоси жуда қалин ва сизни семиз кўрсатаётганини ўйлагандим.
Кекса тадбиркор, бу жавобдан таажжубга тушди. Чунки у эгнидаги палтони жуда қиммат нархда тиктирган эди, гарчанд тикувчиси палто унга ярашиб турганини айтган бўлса-да, бу палтода ўзини ноқулай ҳис этарди.
– Ўзинг совуқдан титраб турибсан-ку, бундай нарсаларга эътибор беришингни қарая? – ҳайрат билан сўради тадбиркор!
– Мен тикувчиман, деди йигит.
– Қани бўл, машинага чиқ, кимлигингни, ҳаётингни йўлда гапириб берарсан, дея тикувчи йигитга машинага чиқишига ёрдам берди ишбилармон одам.
Бу учрашув тикувчи йигитнинг ҳаётида улкан бурилиш ясади. Касб-корли, ҳунари билан одамларга нафи тегадиган йигитнинг уйсиз, ишсиз юрганини эшитиб раҳми келган савобталаб ишбилармон одам йигитга дўкон очиши ва илгаригидек ҳунарини ишга солишини учун холисан етарли шароит қилиб берди. Тикувчи йигит ишбилармон одамга бошдан оёқ кийим тикиб берди ва натижада тадбиркор, бадавлат кишилар орасида номи чиқди. Буюртмалар устма уст келаверди. Тикувчи ишини соғинган эди, бунинг устига шуҳрати кундан кун ортиб бораётгани ғайратини ошириб бор вужуди билан ишга шўнғиб кетди. Кекса тадбиркорнинг моддий-маънавий кўмаги билан очилган кичкинагина тикувчилик дўкони ҳашаматли модалар уйига айланди. Энди тикувчи йигит машҳур ишбилармон кишига айланди ва модалар уйига тажрибали тикувчиларни ишга жалб этди. Энди у ўзига хос номда либослар ишлаб чиқариш ҳаракатида эди.
Бир куни тикувчи йигитнинг шу даражага эришишига ёрдам берган кекса тадбиркор унинг олдига келди. Бу пайтда ишбилармон тикувчи фойдали ҳамкорлик юзасидан хорижга кетаётган эди, самолётга чиқишига жуда оз фурсат бор эди. Улар бироз суҳбат қурганларидан сўнг, бирдан кекса тадбиркорнинг аҳволи оғирлашди. Юрак хуружи тутиб ўзидан кетиб қолди. Шу заҳоти “Тез ёрдам” машинаси чақириб, кекса ишбилармонни касалхонага жўнатган тадбиркор тикувчи эса фойдали ишни қўлдан чиқармаслик учун аэропортга қараб жўнади.
Кекса ишбилармон юрак хуружини енгиб, ўзига келди, узоқ вақт касалхонада ётишига тўғри келди. У касалхонада шифтга термулиб ётар экан, тикувчи йигитнинг йўқлаб келишини ҳеч бўлмаса телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашини кутарди. Аммо жуда кўп пул топиш мақсадида у ёқдан бу ёққа чопаётган ва ишга шўнғиб кетган тикувчи, бир пайтлари хиёбонда совуқ ва очликдан ўлиб кетиши мумкин бўлган пайтда Аллоҳ жўнатган нажоткор ишбилармон одам хаёлига ҳам келмасди.
Яна кутилмаганда, тикувчининг ишлари орқага кета бошлади. Фабрикаларини ёпишга мажбур бўлди. Жуда катта қарзга ботди. Тирикчилигига яраб турган тикувчилик дўконини зўрға ўзида сақлаб қолди.
Уят ва хижолатда қийналиб кекса ишбилармоннинг ҳузурига борди ва ундан қаерда хато қилганини сўрашга жазм этди. Тикувчининг кўрнамаклигидан қаттиқ дили оғриган кекса ишбилармон уни қабул қилди ва саволига жавоб олгач, шундай деди:
– Бир замонлар камбағал бир ўтинчи бўлган экан. У ўрмондаги бир кулбада яшар ва ўтин кесиб сотиб, шу билан тиркчилигини ўтказар эди. Бир куни ўтинчининг кулбасидан ёнғин чиқди ва олов бутун ўрмоннинг кулини кўкка совурди.
Энди у томонларда бирор киши унга ишониб иш бермаслигини билган ўтинчи, халта-хўржинини йиғиштириб, эшагини минади-да, йўлга тушади. Бир пайт ёғочларнинг орасидан юриб ўтаркан, кимнингдир ўзига гапираётганини эшитади. Бошини кўтариб қараса, гапираётган булбул экан. Булбул унга: “Аҳволингга жуда ачиндим, сенга бир яхшилик қилсам қилибман. Эшагинг ҳанграш ўрнига, жуда гўзал қўшиқлар айтади. Сен эса уни куйлатиб қўйиб жуда кўп пул топасан, бойиб кетасан” дебди.
Ҳақиқатан ҳам эшак бир-биридан чиройли қўшиқлар айта бошлабди. Ўтинчи шаҳарма шаҳар, қишлоқма қишлоқ кезиб эшагига қўшиқ куйлатар, уларнинг овозасини эшитган киши борки, довруғини яна-да достон қилармиш. Ўтинчи ва унинг қўшиқчи эшаги бутун ўлкага машҳур бўлибди. Бир куни одамларга эшагининг қўшиғини эшиттириб пул ишлашга кетаётган ўтинчи, булбулнинг ёрдам сўраган овозини эшитибди. Бир мушук булбулни еб қўйиш учун тутиб олган экан. Уни қутқармоқчи бўлибдию, бирдан эсига одамлар эшагининг томошасини кутаётгани тушибди. Бир булбулни деб шунча пулдан қуруқ қолишни истамай, эшагига қамчи босиб одамлар тўпланган ерга чопибди. Томоша бошлангач, ўтинчининг эшаги ҳар галгидек қўшиқ куйлаш ўрнига оддий эшакка хос овоз чиқариб ҳанграбди. Ўзларини алдаганликда айблаб, ўтинчини боплаб калтаклашни томошабинлар қўлидан аранг қочиб қутулибди. Ўтинчининг кир босган ақли ўша онда тиниқлашиб, булбул ўлган заҳоти сеҳр кучи ҳам йўқолганини англабди...
Мен ҳам сенинг булбулинг эдим, дея давом этибди кекса ишбилармон. – Сен мени ўлдирдинг ва шунинг учун ҳам сеҳр кучи йўқолди. Яъни менга оқибатсизлик қилдинг, кўрнамакликнинг жавоби эса ўша неъматларга муҳтож бўлишдир. Ҳа, афсуски, сен гўзал кийимлар тикдинг-у, дўстлик, меҳр-оқибат ва яхшиликка муносиблик ришталарини уздинг...
Тикувчи йиғлаб юборди. Унинг ортиқ бир сўз дейишга-да ҳоли қолмаган эди...
Турк тилидан Умида Адизова таржимаси
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”