17:25 / 29.03.2019
4 968

Ширин тил, лабдаги табассум, кўздаги ёш

Ширин тил, лабдаги табассум, кўздаги ёш
Момоларимиз бир умр боболаримизни ширин тили, лабдаги табассуми, кўздаги ёши ёрдамида бошқариб келишган. Буни «Алпомиш» достонидан келтирилган қуйидаги парчадан ҳам билса бўлади:

...Хўжа келса, чиқар мурид назири,
Хотин бўлмасмикин эрнинг вазири?!
Эр деганнинг ақлин олмас бўлурми?
Алдаб-сулдаб йўлга солмас бўлурми?

Бу гапларни турмуш кўрган тажрибали аёл эмас, эндигина ўспирин ёшига ўтаётган Ойбарчин ўз онасига айтган. Уларда ўзбек ўтбошисидаги дипломатиянинг нозик ва сирли жиҳатлари яққол намоён бўлган. Оилавий муносабатларда азалдан момоларимиз қонида бор бўлган бу муомала тарзига бугунги кунда ҳам амал қилинаётир. Бугун ҳам тинч, бир-бирини аяб яшаётган оилаларнинг аёллари ўзларини эрларига тенг санамайди, балки айнан эрларнинг «етакчи»лиги, «бошлиқлиги»га урғу бериб, ўзларига билдирмай, уларни зимдан бошқаришни уддалай олади.

Зеро, оилапарвар ўзбек аёли учун ҳуқуқ тенглигига эришишдан кўра, ўтбошиси тинчлигини таъминлаш муҳимроқ саналади. Жисмнинг ожизлигидан қудрат юзага келтира олиш ўзбек аёли маънавиятидаги энг ўзига хос қирраларидан биридир.

Ўзбек аёли маънавиятида сўзнинг аҳамияти беқиёсдир. Боболаримиз бежизга: «Одоб боши тил», дейишмаган. Чунки сўзда, айниқса, аёл сўзида унинг маънавиятидаги деярли барча қирралар намоён бўлади. Ўзбек азали сўзни жуда эҳтиёт бўлиб, ҳатто бир қадар қўрқиброқ ишлатади. Чунончи, бизда ёмонликни ифодаловчи сўзларнинг ўзбекчаси иложи борича қўлланилмайди. Шунинг учун ҳам «ўлди» деган ўзбекча сўз ўрнига «вафот этди», «қазо қилди» каби арабча вариантлар, «касал» сўзи ўрнига «тоби йўқ», «мазаси йўқ» тарзида маъноси юмшатилган иборалар ишлатилади.

Негаки, ўзбекда ёмонликни аниқ ифодаловчи сўз ёмонликнинг ўзини бошлаб келади, деб ҳисобланган. Шунинг учун ҳам «бўри», «илон», «чаён», «айиқ» сингари одамларга хавф туғдиргувчи жониворларнинг оти тилга олинмаган. Улар сўзлашувда «жондор», «чилвир», «гажакдор», «полвон» сингари мулойим кўчимли атамалар билан алмаштирилган.

Ўзбек аёли ҳамиша ҳам ниятини очиқ айтавермайди. Дилидагисини пардалаб гапиришга уринади. Буни бош миллий достонимиз «Алпомиш»даги бир қатор тасвирларда яққол кўриш мумкин. Чунончи, қалмоқларнинг тўқсон алпи зуғумида қолган Ойбарчиннинг Алпомишга ёзган хатида бу ҳолат ёрқин кўзга ташланади. Қизнинг битган хати соф ўзбекча: «Олтойчалик йўлга келдим, тўқсон алпга тойталашда қолдим, олти ойга муҳлат олдим, мендан умиди бўлса, Алпомиш келсин, бўлмаса жавобимни берсин». Кичиккина бу мактубда ҳам хавотир, ҳам ноз, ҳам иддао, ҳам истиғно, ҳам ғурур, ҳам умид, ҳам кўнгил майли акс этган. Ўзбекнинг қизи ҳақиқий маиший вазият билан эмас, кўнгли ҳолати билан яшайди.

Бировга аташтирилган қиз жавобини олмаса, қаерда ва қанча бўлса ҳам, ўзини боши боғлиқ санайди, эгали деб билади. Чунки унга эгалисан, дейилган! Чунки у Яратганни ўртага қўйиб сўз берган! Ўзбекнинг қизи учун сўз шундай қудратли куч ҳисобланади. У «Ҳа, энди, вазият шундай бўлиб қолди, бошқанинг этагини тутишимга тўғри келди», демайди. Деёлмайди. У ўзини ўқилган фотиҳа, аташтирилган одам олдида масъул сезади. Минг йилча олдин яратилган достонда ўзбек аёлининг маънавиятидаги сўз масъулиятини ҳис қилиши, одамнинг сўз олдидаги жавобгарлигини сезиши ёрқин кўриниб турибди...
Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ширин тил, лабдаги табассум, кўздаги ёш