17:13 / 10.04.2019
3 254

Виждонга отилган тош...

Виждонга отилган тош...
Буни менга поездда ҳамроҳ бўлган киши гапириб берганди деб ёзади Azon.uz нашри.

“... Болалигимиздан меҳнатда пишиб, машаққатлар ичида ўсганмиз. Моддий жиҳатдан қийналмаган бўлсак-да, дадам пул қаердан келишини билиб қўйларинг, деб биз болаларни бир дақиқа ҳам бўш қўймасдилар. Шунданмикан, олти оға-ини жигарлар ҳаммамиз меҳнатсевар, топиш-тутиш йўлини биладиган, тадбиркор бўлдик. Фермерман. Пахта, буғдой, полиз маҳсулотлари экиладиган ерларим, мевазор, токзор ерларим бор. Даромад яхшилангани сари, бундан ҳам яхши фойда кўришни, янада бойишни истар экан киши. Ердан кўраётган фойдадан куч олиб, қорамолчиликни ҳам йўлга қўйдим. Гўшт, сут, тухум ўзимиздан чиқа бошлади. Энди уларни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари тайёрлаб, бозорга чиқиш керак эди. Хориж технологиялари асосида гўшт ва сутни қайта ишлаш цехлари ташкил қилдик. Умуман олганда мен кунимни пул топиш нияти билан бошлаб, худди шу истак билан якунлардим. Даромадим ошиб, бойибману, юрагим қаттиқлашиб, раҳм-шафқатдан узоқлашиб кетаверибди. Тўғриси, ака-ука, опа-сингилларимнинг рўзғори ҳам тўкин, ёрдамга муҳтож эмас. Қариндошимизнинг қизига уйланганман.

Қариндош-уруғ ҳамжиҳатликда, аҳилликда ишлаймиз. Фермер хўжалигимизда ҳам қариндошлар, яқинларимиз ишлайди. Маошини вақтида беряпман, ҳеч ким моддий аҳволидан норози эмас, деб даромадимни янада кўпайтириш илинжида юраверган эканман. Дунёда савоб, хайр-садақа, меҳр-оқибат деган нарсалар ҳам бор экану, менинг бойлик ҳаваси билан банд қалбим улардан буткул бехабар экан. Бир куни уйимга маҳалла оқсоқоли келди. Гапни узоқдан бошлаган оқсоқол, маҳаллада кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар борлигини, уларга имкониятим даражасида ёрдам беришимни сўради. Ғашим келди, маҳалла оқсоқли менга саволчан тикилиб тураркан ўша паллада хаёлимдан ўтган биринчи фикр “Менга нима?! Уларни мен камбағал қилибманми? Мен муҳтож бўлсин, дебманми? Ишласин, камбағал бўлса уйида ўтириб бошқалардан ёрдам кутсин, дегани эмас-ку! Улар ишёқмас, ялқов бўлишса менда нима айб” деган гаплар бўлди.

– Ҳмм... Қани, кўрайлик-чи, шароитимизни. Музқаймоқ ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех ташкил қилмоқчи бўлиб турибмиз. Ҳозир бор топган-тутганларимизни шунга сарфлаяпмиз. Фермер хўжалигимиз тармоқларини кўпайтирсак, ишчи ўрни кўпаяди. Ҳалигиларингиз цехларимизда ишласа, пул-мул олади...

Узоқ йиллар мактабда ўқитувчилик қилган, отамга қадрдон дўст бўлган маҳалла оқсоқолини шундай қўрс жавоб билан кузатиб қўйдим. Ўшанда эътибор бермаган эканман, энди ўйласам оқсоқол дарвозамдан оғриниб, юзимга қарашни истамай чиқиб кетганди. У кетгач ҳам мендан ёрдам сўраб келгани учун жаҳлим чиқиб юрди. Кўча-куйда оқосолга дуч келиб қолсам ёки у номини тилга олиб ёрдам сўраган одамларни кўриб қолсам ичимдан ижирғаниб кетардим.

Бир куни сўнги русумдаги автомашинамда кетаётсам, ён эшикнинг ойнасига тош келиб тегди. Қарасам 8-9 ёшлар атрофидаги бола. Мошинани тўхтатиб, жаҳл билан боланинг олдига тушиб бордим ва:

– Нима керак сенга, тарбиясиз?! – деб боланинг елкасидан ғазаб билан туртдим. – Ўтган-кетган мошиналарга тош отиб, кунингни ўтказгунингча, уйингга мол-қўйингга қарасанг ўласанми?! Сендақаларнинг мингтангнинг нархингга бу мошинанинг битта балонини бермайди!

Бола йиғлаб юборди ва кўз ёшларини артганча ерга қараб:

– Кечирасиз, амаки. Кўпдан бери мошиналарга қўл кўтаряпман, тўхтамаяпти. Шунинг учун сизга тош отдим. Дадам ногирон, уларни араваларида сайр қилдириб юргандим. Ариқчадан ўтказмоқчи эдим, арава ағдарилиб кетди. Дадам ариқ ичида ётибдилар, уларни ўринларидан қўзғатолмаяпман. Илтимос, менга ёрдам беринг, дадамни аравага чиқариб қўйинг, амакижон. Уларни уйга олиб борай, онам хавотир олаётгандирлар...

Биласизми, синглим, бола отган тош мошинамнинг ойнасига теккан бўлса, айтган гаплари юрагимга ўқ бўлиб тегди. Болакай мени отаси йиқилиб тушган ариқ бўйига бошлади. Отасини аравасига юклаб, чўнтагимдаги бор пулни болага тутқаздим. Унга телефон рақамимни ёзиб бериб, агар дори-дармон ё бирор нарсага пул керак бўлиб қолса, менга қўнғироқ қилишини, ёрдам беришимни тайинладим. Бола билан отаси қайта-қайта дуо қилиб кузатишди. Болакай отаси ўтирган аравани ҳайдаб қишлоққа олиб борадиган йўлга тушди. Уларнинг ортидан узоқ қараб қолдим. Ич-ичимдан йиғи хуруж қилаётганди. Бола мудраб ётган виждонимни тош отиб уйғотиб юборганди. Нафс чангида кирланиб ётган қалбимнинг ғубори ариди. Бойликка ҳавас қўйган кўнгилда меҳр, оқибат, атрофидагиларга нисбатан раҳм-шафқат, яхшиликка ҳавас деган туйғулар мўртлашиб қолар экан. Ўша воқеа сабаб дунёқарашим ўзгарди. Авваллари камхарж, эҳтиёжмандларга “буларни мен камбағал қилибманми?”, “Меҳнат қилишсин ва яхши яшашсин” деган истеҳзо билан қараган бўлсам, энди “Аллоҳ менга берган ва бераётган бойликда муҳтожларнинг ҳам ҳақи бор” деган фикр билан яшайдиган бўлдим. Автомашинамга тош отиб мени йўлдан тўхтатган бола, аслида мени гуноҳ йўлидан қайтарди...

Ҳамроҳимнинг ҳикоясидан қаттиқ таъсирландим. “Сени нима учун бой-бадавлат қилганимизни тафаккур қилиб кўр!” деган ҳақиқат садоси қулоқларим остида жаранглади...
Баҳор НУР

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Виждонга отилган тош...