Россия Федерацияси энг кўп ўзбекистонлик талабалар таҳсил оладиган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Илк бор мамлакатга борган талабани қандай ҳаёт кутади? У ҳам ўқиб, ҳам ишлаб кунини кўриб кета оладими? Мусофирчиликнинг биз кўрмаган томонлари ҳақида Москвада ўқиб, ҳозирда ўша ерда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Зарнигор Омониллаева «Дарё»га батафсил гапириб берди. Қуйида ушбу суҳбат тафсилотларини Сизнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Зарнигор Омониллаева Фарғона шаҳрида туғилган. У 25 ёшда. 2016 йилда Хакасия давлат университетини тамомлаган. Миграция ҳуқуқлари бўйича юрист. Ҳозирда фарзанд тарбияси билан банд.
Россиядаги ўқиш ҳақида
Россиянинг Ўзбекистондаги таълим ва маданият маркази томонидан ўтказилган ҳар хил волонтёрлик лойиҳаларида қатнашиб, мамлакатдаги университет ва институтлар, талаблар ҳамда шароитлар ҳақида аввалдан билиб олганман. Ўзбекистонда ўқишга кира олмагач Россияга келганман. Россия Халқлар дўстлиги университетида тайёрлов курсларини ўтиб, Москва давлат юридик университетига ўқишга кирганман. Биринчи босқичдагина ўқиш учун шартнома пулини тўлаганман, холос. Қолган икки йил бепул ўқидим. Чунки талаба ҳар ўқув йилининг бошида фанларни ўзлаштиришидан келиб чиқиб, бюджет ўринларига даъво қилиши мумкин эканини билганим, менга фойда бўлган. Турмушга чиққаним боис, 4-босқични бошқа университетга кўчириб ўқидим. Янги олийгоҳ бўлгани учун турмуш ўртоғим шартнома пулини ўзлари тўлаганлар.
Илк бор Москвага келганимда...
Россияга биринчи марта келганимда рус тилим устида ишлашим кераклигини тушунганман. Авваллари тилни зўр биламан деб ўйлардим, лекин бу ерда аксентим борлиги яққол билиниб қолган. Ўзбекистондаги фаол ҳаётдан кейин жуда ҳам мослашишим қийин бўлган. Билсангиз, Ўзбекистонда одамлар кулиб, хушчақчоқ юришади ва гапирганда ҳам баланд овозда кулиб, ҳазил қилиш, гапириш одатий ҳол. Бу ерларда эса ундай эмасди. Ҳамма жиддий, катта сабаб бўлмаса, жамоат жойларида кулишмайди. Шунга кўникишим қийин бўлган. Яна Фарғонада машиналар, одамлар Москвага нисбатан жуда кам. Одамлар Москвада кўп ва доим шошилиб юради. Машиналар кўп, тез ҳаракат қилишади. Пиёдалар йўлакчасидан бошқа ерда йўллар кесиб ўтилмайди. Мана шуларга ўрганишим вақт олган. Чунки Фарғонадаги ҳаёт тезлиги, Москваники олдида жудаям секин эди.
Россиядаги таълимнинг фарқи
Ўқиш жараёнини солиштиришим қийин. Сабаби, Ўзбекистонда олийгоҳда ўқимаганман. Мактаб ва лицейда ўқиганман, холос. Лекин имкониятлар нуқтаи назаридан айтадиган бўлсам, Москвада талабалар учун жуда ҳам кўп халқаро лойиҳалар бор ва деярли ҳаммаси пуллик. Ўзбекистонда бепул имкониятларга ўрганиб қолганим учун буни ҳазм қилиб, ўрганиб кетишим осон бўлмаган.
Фото: Instagram/@zari_begim
Ўқишда ўқитувчилар ортиқча асабларини талабаларга сарфламайди. Ўзбекистонда эса ҳар бир устоз жонкуярдек эди. Бу ерда хоҳласангиз ўқинг, бўлмаса йўқ. Биров кўнглингиз-у, шароитингизга қараб ўтирмайди. Албатта, ҳамма олийгоҳлар ҳар хил. Лекин мен ўқиган университетда шундай эди.
Дедлайнга жуда қаттиққўл туришади. Имтиҳонларда катта назорат йўқ, асосийси фикрингизни асосли ва эркин айта олишингиз керак.
Ўқиш ва ишлаш ҳақида
Ўқиш давомида энг катта қийинчилик мустақил яшаш билан боғлиқ харажатлар эди. Москвада талаба бўлсангиз ҳам, ишчи бўлсангиз ҳам ҳар кунингиз учун харажатларингиз бор ва бу ерда яшаш қиммат. Шунинг учун, имкон қадар кўпроқ пул топиб, ишлашга ҳаракат қилардим. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш қийин бўлган. Энди ишим юришганда ўқишга улгурмай, баҳолар пасайиб кетарди. Ёки акси, ўқишимни маромига келтирсам, харажатларимни қоплай олмай қолардим. Лекин бирор марта ойимдан пул сўрамаганман. Сабаби, ойим ва уйдагилар Москвада ўқишимга қарши бўлган. Йўлкирамни ҳам акам менга тадбиркорлик қилишим учун берган пулидан сарфлаб кетганман. Москвада опам оиласи билан ва холам бор эди, шунинг учунгина хотиржам кузатишган. Лекин шунча ҳаракат қилмай, биринчи босқичдалигимда деярли ишлолмаганим учун барибир холамдан 1000 доллар қарз бўлиб қолганман. Бутун ўқиш давомида шу қарзимни тўлолмадим. Ва ниҳоят, ўқишни тамомлаб, тўлақонли ишга кирганимдагина биринчи ойлигимдан қарзимни дарров уздим. Менимча, ўша вақтдагина ўқишни битирганимни ҳақиқатан ҳис қилдим, битирув кечаси-ю, диплом тақдимотида ҳам бундай енгилликни ҳис қилмаганман.
Фото: Instagram/@zari_begim
Талабаларга маслаҳатлар
Москвада ўқиётган талабаларга тавсиям харажатларни қоплаш юзасидан бўлади. Албатта, транспорт учун чегирма карточкалари расмийлаштиринг. Иш излаётган бўлсангиз, масофавий вакансияларни танланг. Энг яхшиси, Photoshop ёки Coral дастурларини ўзлаштиринг. Улар билан яхши маошли иш топиш осон ва масофавий қилса бўлади. Айниқса, ҳозир SMM (Social Media Marketing) йўналишида ишлар кўп. Мана шундай йўналишдаги вакансиялар талабалар учун қулайдир.
Россия «борди-келди»си йўқ мамлакат
Билсангиз бизда маҳаллаларда катта жамоа бўлиб, яшашади, Ўзаро мулоқот, борди-келдилар бор. Масалан, кўнгил учун уйга ўтинглар деймиз. Бу ерда эса аксинча кўнгил учун меҳмонга келинг дейилмайди. Агар таклиф қилинган бўлсангиз, демак ростан ҳам сизни кутишяпти.
Қўшнилар бир-бирларини танимасликлари мумкин ва бу одатий ҳол. Қариндош, уруғ-аймоғ бу ердагиларда кўп эмас. Нари борса уч-тўртта оила. Ундан кўп қариндошли оилани кам учратасиз. Бу ердагилар уйларига, кийим-кечакларига бизчалик эътибор қилишмайди.
Биз тўйларни яхши ўтказиш мақсадида тинмасак, руслар саёҳат деб яшайди. Бизда катта ва кичикларнинг қизиқиш, ният, ҳаракат ва дунёқарашларида ўхшашлик бор. Бу ерда эса авлодлар ва катталар ўртасида ўхшашлик умуман йўқ. Ёши катта одамлар дала ҳовли деса, ўрта ёшлилар иш дейди. Ёшлар эса, саёҳат тарафдори. Хуллас, ҳар бир авлод кескин фарқ қилади.
Фаолиятим ҳақида ҳам икки оғиз
Ўқишни тамомлашдан олдин мигрантлар учун фойдали маълумот ва мақолалар ёзиб турардим. Миграция ҳуқуқини ўзимнинг юристлик фаолиятим учун танлаганман. Диплом ишимни ҳам «Россияда чет давлат фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқлари кафолати» мавзусида ёқладим. Шу илмий иш давомида миграция йўналиши менга яқинлигини тушундим. Ўзимизнинг одамлар ва Россияга келган чет элликлар билан ишлаш қизиқ. Шунинг учун, бола парвариши (декрет)га чиқишимдан аввал ҳам юрист сифатида мигрантларга ёрдам бериб келганман, ҳозир ҳам кўмак беришга ҳаракат қилаяпман.
Фото: Instagram/@zari_begim
Мусофирликнинг мен илғаган томонлари…
Мусофир бўлган одам, агар мулоҳаза қилишдан эринмаса, жуда кўп ҳикмат топаркан. Мен ҳам мусофир бўлиб, янгидан туғилиб, улғайгандекман. Тафаккурим ҳам, дунёқарашим ҳам ўсиб, кенгайди.
Масалан, аввал бирор нима ёки бирор ким ёқмаса, нега ундай, нега бундай деб, вақт ўтказар эканман. Ҳозир эса менга бирор нима ёқмаса, мана шу нарсани ўзгартириш учун қўлимдан келганини қилишни ўргандим. Мисол учун, фарзандли бўлганимдан кейин биздан кейинги авлодга қандай мерос қолиши жиддий ўйлантира бошлади. Шунинг учун ҳатто чиқиндиларни ҳам саралайдиган бўлдим. Иложи борича экологияга зарар қилмайдиган нарсаларни сотиб оляпман. Ҳаттоки, болалар тагликларини ҳам. Дахлдорлик дейман буни. Бу фикримни тушунтириш учун оддий бир мисол, холос.
Мусофирликда одам янги жамиятга тушиб қолади. Ўзбекистонда инсоннинг жамият олдидаги мажбуриятлари кўп. Жамиятнинг ўзига яраша шахс устидан назорати бор. Мусофирликда эса ундай эмас. Буларни Россия мисолида айтяпман. Мана шу ҳисобига, ўзига яраша кенгроқ эркинлик пайдо бўлади. Мазкур эркинликдан фойдалана олмай, мусофирлар ўз қўллари билан ўзига зарар қилиб қўйишлари мени ранжитади.
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”