13:14 / 23.07.2020
3 184

Тожикистонлик шифокор: «Бизда ҳам ваҳимали давр бўлганди»

Тожикистонлик шифокор: «Бизда ҳам ваҳимали давр бўлганди»
Коронавирус пандемияси оғир кечяпти. Ҳар куни жон талвасасида азоб чекаётган беморларни, вафот этаётганлар ҳақидаги маълумотларни, дафн этилаётганлар видеоларини кузатяпмиз.
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридан бўлган шифокор Раҳимжон Ибрагимов билан Тожикистондаги вазият, икки давлатдаги касаллик кечиши бўйича ўхшашликлар ва фарқлар ҳақида гаплашдик, деб ёзади Kun.uz нашри.

– Раҳимжон ака, Ўзбекистондан салом. Биздаги вазиятни кузатиб боряпсизми?
– Сизларга ҳам Душанбедан салом. Ҳа, Ўзбекистондаги вазиятни мунтазам кузатамиз. Нафақат кузатамиз, балки дуоларимизда эслаймиз, Аллоҳдан шу синовлар тезроқ аришини сўраймиз. Бу икки давлат, икки миллат ҳамиша бир-бири ҳақида қайғурган.

Албатта, Ўзбекистонда сўнгги кунларда кузатилаётган ҳолатдан хавотирдамиз ва бу манзара бизга жуда яхши таниш. Чунки бизнинг Тожикистон ҳам бундай кунларни, ваҳимали онларни бошдан ўтказди.

– Тожикистонда касаллик ортда қолди, деб ўйлайсизми?
– Бундай дейишга ҳали эрта. Лекин кескин кўпайиш, саросимали давр ортда қолди, деб айтиш мумкин. Энг муҳими – одамларимизда хотиржамлик ва бу касалликни енгиш мумкинлигига ишонч пайдо бўлди. Пандемияда эса бу ниҳоятда муҳим.

Ўзбекистондаги янгиликларни интернет орқали кузатиб борарканман, яқинда ўтказган кунларимизни эслайман. Ёшлари улуғ ота-онам, акам, келинойим, жиянларим, қўйингки оиламизнинг аксарият қисми бу касалликка чалинди. Айниқса, ота-онамдан хавотир олдим. Шукр, бугун нафақат улар, балки кўплаб бошқа танишларим ҳам шифо топишди.

– Айни пайтда жуда кўпчилик бизда кислород баллонлари, оксигенераторлар қидириб юришди. Сизларда бу воситаларни харид қилиш муаммо эмасми?
– Айтганимдек, ўша ваҳимали кунларда бизда ҳам шундай бўлди. Мен ўзим олий маълумотли шифокор бўлсам-да, даволаш ишлари билан шуғулланмайман. Тиббий ускуналар етказиб берувчи фирмам бор. Бизга ҳам жуда кўп ускуналар буюртма беришди, борларини ҳам сотиб олиб кетишди. Ҳатто соппа-соғ одамлар ҳам сунъий вентиляция мосламаларини харид қила бошладилар. Айтишим мумкинки, бу давр узоқ давом этмайди. Ҳаммаси ваҳима туфайли.

– Дори-дармонлар билан вазият қандай? Танқислик кузатилмадими?
– Дорилар ҳам шундай бўлди, ваҳима даврида ҳамма ўзини дорихонага урди ва тушуниб-тушунмай сотиб ола бошлади. Лекин кейин англаб етилдики, ҳар бир дори албатта шифокор назоратида қабул қилиниши керак. Ўз ҳолича дори қабул қилиш эса вазиятни оғирлаштириши ҳам мумкин, бизда бундай ҳолатлар афсуски кузатилди. Яна бир жиҳати – кўпчилик бу касалликни дарҳол, 2-3 кун ичида ўтиб кетиши керак, деб ҳисоблайди. Аммо унинг ўзига яраша даврийлиги бор ва ўша ўртача 7-10 кунни сабр ва эҳтиёт билан ўтказиш керак. Табиий воситалардан фойдаланиш энг тўғри усул. Ўзим ҳам оиламга шундай қилдим, Худога шукр, ҳаммалари соғайиб кетишди.

– Ўзбекистонликларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
– Ўзим ҳам ўзбекларга бегона эмасман, бу миллатдан қариндош-уруғлар жуда кўп. Қардошларимизнинг ҳар бири учун қайғураман. Бошидан ўтказган одамнинг гапига ишонинг – бу ваҳималар ўткинчи! Бу вируснинг ўзи одамни ўлдирмайди, худди гриппдек ўтади. Албатта, ўлим ҳолатлари бўлмайди дея олмайман, улар бор ва анчагина. Лекин эътибор берсангиз бу беморлар сурункали касалликлари зўрайишидан вафот этадилар.

Тўғри ва баланслаштирилган овқатланиш, табиий неъматларга эътибор қаратиш, соғлом турмуш тарзи, кўп суюқлик ичиш, ваҳимага тушмаслик – мана шулар бу вирусга қарши энг самарали воситалар. Ахир Ўзбекистон, Тожикистонда табиий неъматлар, витаминларга бой мева-сабзавотлар сероб. Ана шуларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Энг муҳими – касалликка чалинсангиз ҳам ўзингизни йўқотманг. Фикримча, ҳамма барибир шу касалликни бир марта бошидан ўтказиб, иммунитет ҳосил қилиб олиши керак. Бу касаллик ўтганидан кейин ҳам маълум муддат умумий ҳолсизлик, қон қуюқлашиши каби ҳолатлар кузатиларкан. Буни ҳам кўп суюқлик ичиш, тез-тез, фойдали овқатланиш билан енгиш мумкин.

– Умуман, вирусга қарши кураш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида қандай фарқлар, ўхшаш жиҳатларни кўрдингиз?
– Асосий ўхшаш жиҳати – ҳар икки давлат ҳукуматлари қўлларидан келганича ҳаракат қилишяпти. Тўғри, қийинчиликлар бор, лекин бу вирус кучини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу икки давлат нисбатан кам қурбонлар билан ўтказмоқда, ишқилиб шундай бўлиб қолсин. Бизда бошида у даражада қаттиқ карантин қилинмади, яъни уйдан чиқишларга қаршиликлар бўлмади. Ўшанда, касаллик кўпая бошлаганда қўрқув бўлганди.

Албатта, ҳар бир давлат ўзидаги вазият ва имкониятларидан келиб чиқиб чора кўради. Масалан Ўзбекистонда аҳоли биздан кўра анча кўп ва шаҳарлар зич. Ҳар қандай давлат соғлиқни сақлаш тизими эса маълум бир даражадаги юкламадагина бир меъёрда ишлайди. Қаттиқ карантин тактикаси ҳам шунга кўра танланган бўлса ажаб эмас. Лекин бизда бундай қилинганининг ҳам бир ҳикмати бор экан – жуда кўпчилик касалликка чалиниб, соғайиб, иммунитет ҳосил қилиб олди. Иммунитет муддати қисқа дейишяпти, буни энди вақт кўрсатади.

Барча ўзбекистонликларга ўзингизни, яқинларингизни асранг ва соғ бўлинг, деб қоламан.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тожикистонлик шифокор: «Бизда ҳам ваҳимали давр бўлганди»