ИШИДнинг Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги талатўплари минглаб қурбонлар келтириши билан бирга, яна минглаб болаларнинг болалигини ўғирлади. Афсуски, улар орасида ўзбеклар ҳам йўқ эмас.
Бугун биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Абдуллоҳ 17 ёшда, у Эронда туғилган. Онаси Андижон вилоятидан. У 1999 йилда иш топиш мақсадида Ўзбекистондан Эронга кетади ва ўша ерда турмушга чиқади. Оила бир неча йил муқаддам пул топиш учун аввал Туркияга, кейинчалик Ироқнинг ИШИД ишғол қилган ҳудудига бориб қолган.
2019 йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати уюштирган “Меҳр-1” операциясида қайтарилган ўсмир ўзи, ота-онаси ва Ироқдаги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
Ўқлар ёмғири, мажруҳ болалар ва Ироқ лагерларидаги ҳаёт
— Оилада уч синглим ва мен – 4 фарзандмиз. Шу ёшимга қадар мактабда ўқимаганман. Ўқиш-ёзишни, ҳисоб-китобни ҳам билмаганман. Ота-онамдан мени ўқитишларини сўрардим.
Ҳеч қачон бир хил шароитда яшамаганмиз. У ерда вазият жуда оғир – баъзида ёмғирдай ёғилган ўқлар... Бомбалардан болалар танаси парчаланади, оналар боласининг кўз олдида жон беради. Уруш бошланганда жонни асраш учун қочишга тўғри келади. Шу қоч-қочларда оналар болаларини йўқотиб қўйишади.
Ёзнинг иссиғида, қишнинг совуғида палаткаларда яшашга мажбур бўлганмиз. Тўхтовсиз жанглар, тушадиган бомбалар туфайли ҳаво заҳарланган, шунинг учун ҳар хил касалликлар тарқалади.
Уруш анча оғир паллага киргач, Ироқ ҳукуматига таслим бўлдик. Ҳозир ота-онам Ироқ ҳукумати қўлида қолган. У ерда ҳамма миллатдан бор. Улар ҳаммаси қаттиқ пушаймон.
Ота-онам ҳозир аниқ қаерда эканини билмайман. Чунки Ироқдаги лагерда бизни ажратишган. Ўшанда отамни охирги марта кўрдим. Онам ҳаёт эканини биламан, холос.
Лагерда 50-80 киши битта хонада яшашга мажбур бўлганмиз. Тиқилинч, ётишга жой топиш муаммо. Иккита матрасда 5 киши жойлашиши керак. Бошида матрас ҳам етишмаган, бетонда ётишимизга тўғри келган.
“Касал синглимни қўйиб юбораётиб, онам қаттиқ йиғлади”
— Бизга Ўзбекистонга кетишимиз ҳақида хабар келганда, 1,5 яшар кенжа синглим оғир касал эди. Онам унинг ўлиб қолишидан қўрқарди. Ироқ ҳарбийлари унинг қўлидан синглимни тортиб олишганда, онам қаршилик қилиб улардан синглимни қайтариб олди. Шунда онамдан сингилларимни менга ишониб топширишини, ўзим уларга яхши қарашимни айтдим – онамни кўндирдим. Шунда онам жуда қаттиқ йиғлади. Биздан ажралиши қийин бўлган.
Эмизикли синглим жуда қийналди, самолётда йиғлади. Лекин ҳамма бизга ёрдам берди. Ҳозир ўша синглим боғчага боради, шеърлар ёдлайди, шунақа қувноқ қиз бўлган. Сингилларимнинг бахтли эканидан жуда хурсандман. Чунки уларнинг бахти – менинг бахтим. Қачондир онам келганида ҳам мендан фахрланишини истайман.
Бизга яратилган шароитлар, меҳр ва эътибор учун сингилларим номидан президентимизга миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистонга келганимиздан жуда бахтиёрмиз.
“Ўзбекистонни бунчалик яхши деб тасаввур қилмасдим”
— Ўзбекистонни бунчалик даражада деб тасаввур қилмагандим. У ерда онамдан, бошқа миллат вакилларидан Ўзбекистон ҳақида жуда яхши гаплар эшитардим ва бу мақтовлар сабабини тушунмай ҳайрон бўлардим. Кейин уч нафар синглим билан [“Меҳр” операцияси доирасида] бизни бу ерга олиб келишди.
Тўғрисини айтсам, Тошкентга келганимизда худди гулзорга тушиб қолгандай бўлдим. Умримда биринчи марта бунақа эътиборни кўришим: бунақа яхши шароитлар, оппоқ жойлар, яхши таомлар, ўқиш-ёзишни ўрганиш. Булар жуда ҳайратга солди бизни.
Ҳозир Андижондаги болалар шаҳарчасида яшаймиз, 9-синфни аъло баҳоларга тамомладим. Ота-онам билан ўзбек тилида гаплашардик, бундан ташқари турк, араб, форс тилларини билар эдим. Ҳозир инглиз тилини чуқур ўрганишга киришдим. Келажакда таржимон бўлмоқчиман.
Бўш вақтларимда спортнинг самбо, жиу-житсу, дзюдо йўналишлари билан мунтазам шуғулланаман. Комбат аикидо бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўрин соҳиби бўлдим.
“У ердаги ҳаётни ҳеч кимга раво кўрмайман”
— Ўзбекистонни кўрганимдан кейин, онам бу ердан кетгач унга қанчалик қийин бўлганини тушуниб етдим. Бувим онамни кўрмаганига, онам онасини кўрмаганига неча йиллар бўлди, ҳасратда қийинчиликларга чидаб келди. Онамнинг қайтишини, ўзимизнинг диёримизда мана шу биз билан бирга бахтиёр бўлиб яшашини жудаям хоҳлардим.
У ердаги ҳаётни ҳеч кимга раво кўрмайман. Бировга тавсия ҳам қилмасдим у ерларга боришни. Ўз она юртида яшашга ҳеч нарса етмайди. Тинчликнинг қадрига етиб яшаш керак.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
Россия Буюк Британия дипломатига қарши кескин чора қўллади
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
Украина элчиси: “Россия армияси Одесса ва Николаевни босиб олишига Туркия тўсқинлик қилган”
Буюк ишлар 50 ёшдан кейин...