Кесилган дарахтлар ортидан Чилонзор ҳокими ва прокурори лавозимидан олиниб, Ортиқхўжаев ва Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Артемия ўсимлик ёки жонзотлигини билмайдиган эколог раис
«Артемия экиш керак эди, нега артемия экмагансизлар» – дея дўқлади Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси (собиқ) Алишер Мақсудов. Экоинспекторлар бу раҳбарни ҳазиллашаяпти шекилли, дея бир-бирларига елка қисишди.
Бухородаги жайрон қўриқхонасида яна шу раҳбар «Боринглар жайронни мана шу ерга ҳайдаб келинглар ёки чақиринглар», – деди. Жайрон одамни минг қадам наридан кўрса ҳуркиб кетишини билган қўриқхона ходимлари ҳам елка қисишди.
Ўтган йили ижтимоий тармоқларда Россия фуқароси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида камёб қўнғир айиқ ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Овга яна шу раҳбарнинг имзоси билан рухсат берилгани маълум бўлганди...
Қорақалпоғистонга май ойида бир гуруҳ журналистлар пресс-турда ҳайдовчилардан бири ўша экоқўмита масъул раҳбарининг артемияни ўсимлик деб ўйлаганини, жайронларни одамларни узоқдан кўриши билан шамолдай елиб қочиб кетишини билмалигини кула-кула, ҳайратлана-ҳайратлана гапириб берганди. Касбим давомида энг қийин ва саргузаштларга бой пресс-тур шу бўлган эди. Бошқа пресс-турлардан фарқли ўлароқ барча шароитлари муҳайё меҳмонхонасию емакхоналар қайда дейсиз. Поёнсиз чўл, иссиқ, жазирама, дала-даштда қилинган овқат, исиб қолган сув, ётоқ жой эса палатка ёки машина.
– Опа бизнинг бундай пресс-турларга чидамли одамларгина бора олади, шароитсизликка кўнадиган одамлар бора олади, – деганди ўшанда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев.
Экология томонидан ташкил қилинган пресс-турлар хавфли жойларда, ўрмонларда, қўриқхоналарда, чиқинди полигонларида эди. Ва ўша ерда Бунёд ҳозиру нозир эди. Июн ойида Ҳисор қўриқхонасига боришганида туман ва ёмғирли кунда қийинчиликларга, адашишларга қарамай, уч минг метрли тоғни забт этгани ҳақида унинг Facebook саҳифасида ўқиган эдим. Яъни, Бунёд ҳақиқий эколог эди. Айиқлар эндигина уйғониб айни кучсиз ҳолатда ташқарига чиқишганида овчилар уларни овлашини ҳам куйиниб гапириб берганди.
Гурунглар орқали унинг хорижда бир муддат яшаганини ҳам билиб олгандим.
– Биласизми опа, деганди у, – мен икки ой Америкага борганимда қийналганман. Оёғимда қимматга олинган хитой кроссовкасидан сув ўтиб, кечга ижара уйга бориб қуритишга қўяман. Мусофир юрт, ишсизлик, жойнинг тайини йўқ. Кейинчалик пул топа бошлаганимда энг арзон кийимларни сотиб олдим. Аммо ўша энг арзон деган кийимларим бизнинг бозорлардан қимматга сотиб олган кийимларимдан чидамли эди, кроссовкадан бирор марта сув ўтмади, ўшанда инсондек ҳис қилганман ўзимни... Биласизми, у ерда нега одамлар жилмайиб юради. Чунки у ерда яратилаётган, ишлаб чиқарилаётган нарсаларнинг барчаси мустаҳкам ва ишончли. Одамлар яхши шароит бўлгани учун асабийлашмайди, бахтли кўринади. Балки шу учун улар ўзларини бахтли ҳис қилар. Қаранг, арзон оёқ кийим кийсангиз-да намгарчиликда ҳам қуруқ юришингиз кайфиятингизга қанчалик таъсир қилади, ўзингизни қадрли одамдек ҳис қила бошлайсиз.
Бунёд Абдуллаев экологияда матбуот котиби бўлгач, қаерда дарахт кесилаётгани, қаерда браконерлар ноқонуний ов қилаётгани ҳақида хабардор бўлиб тургандик ва танқидлардан сўнг ўша муаммолар ечимини топаётган эди. Яъни Бунёд Абдуллаев бошқа матбуот котибларидан фарқли ўлароқ соҳа ҳақида айтилган ҳар қандай танқидий фикрга адекват муносабатда бўлар, танқидни ҳаспўшламас, балки тўғри тушуниб муаммони ҳал қилишга эришарди.
Кеча унинг саҳифасида ишдан кетишга ариза ёзганини ўқиб қолдим... Маълум бўлишича, Абдуллаевнинг лавозимидан озод этилишига Чилонзор туманидаги дарахтлар қирғини билан боғлиқ ҳодиса сабаб бўлган. У дарахтларга зарар етказилгани жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда ёйинлагани ва катта муҳокамалар келтириб чиқаргани ортидан ишдан кетган.
QALAMPIR.UZ нашри Бунёд Абдуллаев билан боғланиб, бу сафар ишдан кетишига нима сабаб бўлганини аниқлашга уринган. «Кетганим рост. Ҳозир охирги расмиятчилик ишлари билан бандман. Гўё Чилонзордаги воқеада жамоатчиликнинг муҳокамасини, Экология қўмитасига эътирозларини тўхтатиб қололмаганмишман. Раис хонасига чақириб, оғир гаплар айтди. Чиқибоқ, ўз хоҳишимга кўра ишдан бўшатишини сўраб ариза ёздим. Мен бундай ҳақоратлардан кейин бу жойда ишлай олмасдим», дейди Бунёд Абдуллаев...
Кўп билади ва билганини етказгиси келади
Бундан икки ойлар олдин Халқ банкида автокредит масаласида бир муаммога дуч келгандим. Муаммомиз сира ҳал бўлмагач, ижтимоий тармоққа ёздим. Ярим соатда банк матбуот ахборот хизмати ходими Гулноза исмли қиз телефон қилиб, икки ойда ҳал бўлмаётган муаммони бартараф қилишга эришган ва мени Жиззах вилоятида уюштирилаётган пресс-турга таклиф қилганди: «Опа танқидий фикрларингиз ва саволларингизга ўша ерда жавобни биргалашиб излаймиз» деганди.
Ва мен иккинчи марта танқидга тўғри муносабатда бўладиган матбуот котибига дуч келгандим. Ўша муаммоли воқеа сабаб филиалда текширув бўлган, жавобгарлар аниқланган ҳам эди. Пресс-турга борганимизда Улуғбек исмли йигитнинг вилоятдаги банк Call маркази ҳақидаги маълумотларни журналистларга тақдим қилаётганида билимдонлигига қойил қолгандим. Ўз иши ҳақида шунча кўп нарсаларни билардики. Ҳазиллашиб банкда таниш-билиш билан ишга олишлар борми деганимда, мен ишлаётган бўлимда ундай ҳол йўқ, ёшларни ўзим танлаб оламан деганди, бунга зарра шубҳа қилмагандим. Ўша куни мен ҳар иккала ёшнинг ҳам чет элда ўқиб қайтганининг гувоҳи бўлдим.
Ишимиз юзасидан айнан IT соҳаси бўйича интервю олган ёшларнинг баъзилари хорижда ўқиб қайтган бўлади. Ва улар шу қадар кўп гапирадики... Иши ҳақида тўлқинланиб жуда кўп гапирган одам ҳақида бир нарсани ўйлайман – кўп билади ва билганини етказгиси келади, етказишдан тортинмайди агар у хорижда ўқиган бўлса...
Бугун Юртбошимиз хорижда таҳсил олиб қайтаётган ёшларни Ўзбекистонга «тортиш» учун яхшигина маош ва шароит ҳам ваъда бераяпти.
Аммо гап маошдами, шароитдами?
Бир ҳамкасбимнинг ўғли инглиз тилини билади, иқтисодчи, Венгрияда ўқиб қайтган. Бир вазирлик уни халқаро бўлимга ишга таклиф қилади ва яхшигина маош белгилайди. Ёш мутахассис ҳам халқаро бўлимда чет тилисини янада мукаммаллаштириш, иқтисод бўйича билимларини татбиқ қилишдан хурсанд бўлади.
Ахир четдан инвестиция кириб келса хорижликлар билан ҳамкорлик қилса, бир ўқ билан икки қуённи урган бўлади, ҳам чет тилини унутмайди, ҳам мутахассислиги бўйича кўпроқ тажриба тўплайди. Аммо орадан вақт ўтса ҳамки на ивесторлардан, на хориж тилидан дарак йўқмиш. Шунчаки ҳисобот тайёрлашдан иборат бўлиб қолибди иши. Яна унинг устига яхшигина маошли жойнинг «интрига»лари кўп бўларкан, ишини наридан бери эплаб юрган, аммо яхшигина маош олаётган чала мутахассислар уни турткилашни бошлабди. «Сен кимсан, нимани ўзгартирмоқчисан», деган қабилида. Ахийри ҳамкасбимнинг ўғли ишда бўшабди. Бу ерда булар билан курашиб умримни ўтказсам олдинга эмас, орқага кетаман, деб. Айни пайтда яна чет элга кетиш пайида, ўз устида ишлаяпти, имтиҳонларга тайёрланаяпти.
Хулоса шуки, хорижда ўқиб келган мутахассислар ўзимизда ўқиган мутахассислардан нафақат билими кенглиги, балки муҳитни ўзгартира олиши билан ҳам ажралиб туради, агар муҳитни ўзгартиришга қўйиб беришса. Афсуски, жамиятда бунинг иложи бўлмаяпти. Хорижда таҳсил олиб, енг шимариб ишга киришган ёшларнинг атрофида ўзи каби фикрлайдиган 2-3 нафар бўлса ҳам муҳитни ўзгартирадиган, ишига танқидий муносабат билан қарайдиган ҳамкасблари билан нималардир қила олар, лекин юқорида мисол келтирганимиздек яккаланиб қолса, унда чорасиз.
Артемияни экса бўладими?
Бугун экология соҳаси яхши бир умидли кадрни йўқотди. Эколог волонтерлар айнан Бунёд Абдуллаев билан ҳамкорликда жуда кўп дарахтлар кесилишининг олдини олаётган, қўриқхоналарда ҳайвонлар, ўсимликлар яйраб яшай бошлаган эди...
Хўш, артемия нима? Орол денгизининг ҳозирда қолган қисмида яшайдиган жабраоёқлилар туркумига мансуб қисқичбақасимон жонзотнинг бир тури. Дунё тажрибасида артемия цисталари асосида олинган маҳсулотлар 5 та соҳада аквамаданият саноати, агросаноат комплекси, фармацевтика, медицина ва косметологияда қўлланилади. Унинг таркиби юқори миқдордаги протеин, аминакислота ва витаминларга бой балиқлар, фламинго қуши ва қисқичбақасимон турларни кўпайтиришда ундан бошланғич озуқа сифатида фойдаланилади.
Эҳтимол ноёб артемиянинг катта фойда келтиришини масъул раҳбар қаердадир эшитиб қолгану ўша фойдани кўзлаб уни экиб ҳосил олишни, бойиб кетишни кўзлагандир. Нима бўлганда ҳам, артемиянинг ўсимлик эканлигини билмайдиган, Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонларни овлашга рухсат берворадиган, жайронни чақирса ёки олдига солиб ҳайдаса қўйдек бош эгиб келади, деб ўйлайдиган, табиатга етказилаётган зарарни бонг уриб, олдини олиш ўрнига, бундай ишларнинг тинчгина «бости-бости» бўлиб кетишини истайдиган «эколог»лар ҳалиям соҳада кам эмаслиги ачинарли.
Бунёд Абдуллаев эса Ҳисор қўриқхонаси тоғларида сел, ёмғир ва туманда адашса-да ўз манзилига ета олган иродали инсон. Қачон Ўзбекистон ривожланади? Қачонки раҳбарлар билимли ва фидойи кадрларни қўлласа. Фидойи кадрларни қўллайдиган раҳбарлар кўпайишига эса ҳали анча қовун пишиғини кутамиз шекилли. Балки бир авлод алмашар, унда... анча йўқотишларга сабр қилишимизга тўғри келади.
Барно Султонова
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин