15:40 / 05.12.2022
1 294

Чала имтиҳон марказлари ва уларни лицензиялаётган инспекция...

Чала имтиҳон марказлари ва уларни лицензиялаётган инспекция...
Республика йўлларида 2022 йилнинг ўн ойида 7 636 та ЙТҲ юз берган, уларда 1 931 киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг 226 нафари болалар. Айрим масъуллар эса автоҳалокат оқибатида боласидан айрилган ота-оналар, яқинидан жудо бўлган инсонлар мусибатини ҳис қилолмаяпти, шекилли.

Потенциал “қотиллар” камайишига умид қилса бўладими?


ЙТҲлар Ўзбекистонни ҳатто коронавирусдан ҳам кўпроқ қўрқувга сола бошлади: эрталаб сумкасини елкасига илиб, таълим олиш учун уйидан чиқиб кетган бола мактабдан қайтмаслиги ёки рўзғоридаги кам-кўстини бутлаш мақсадида ишга кетган она манзилига етиб боролмаслиги мумкин. Рақамлар соат сайин ошиб бормоқда, аммо ЙТҲларни юзага келтираётган сабаблар ўзгармаяпти: йўллар нотекис, тунги чироқлар ёнмайди, аксарият ҳолларда эса ҳайдовчилар уқувсиз.

Юз бераётган автоҳалокатларнинг кўпи йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмайдиган, ўпкасини босиб ололмаётган, “права”сини таниш-билиш қилиб олган кўйи “темир отини” гижинглатиб юрадиган олифта ҳайдовчилар ҳиссасига тўғри келади. Президент бежизга ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолгани ва шу сабабли йўллардаги авариялар сони соат сайин ошиб бораётганини таъкидламаганди.

Ушбу муаммо – йўлларда ўқимасдан “права” олган потенциал қотилларни камайтириш мақсадида Президент қарори асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолашни инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Йил бошида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун синовлар ўтказиладиган янги типдаги илк мажмуа – Тошкент имтиҳон маркази фаолияти йўлга қўйилганди. Ушбу марказда 1 ойдан ортиқроқ вақт мобайнида автомактабларни тугатиб келган 2406 нафар одам имтиҳон топширган. Аммо уларнинг 2059 нафари имтиҳонлардан ўтолмаган.

Ёки журналист Шуҳрат Шокиржонов томонидан ўтказилган онлайн сўровномада 60 фоиз ҳайдовчилар “права”ни тўғриликча қўлга киритмаганини тан олишган. Аслида бу рақамлар йўлларда минглаб уқувсиз ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариб юрганлиги ва улар қанчалик хавфли эканини англатади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш имтиҳонлари хусусий марказларда ўтказилиши белгиланган бир пайтда лицензия тақдим этилаётган хусусий марказлар ҳам етарли моддий техника базасига эга бўлиши зарур. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарори билан имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар томонидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланган.

Аммо низомда белгиланган талаблар бўйича зарур шарт-шароитларга эга бўлмаган ташкилотларга ҳам лицензия бериб юборилаётгани сабаб тизимда қилинаётган ишлар йўққа чиқиши ва шу билан автоҳалокатлар сабабини келтириб чиқараётган “қонли занжир” узилмай қолиши мумкин.

Масалан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2022 йилнинг 26 июль куни Наманган вилояти Поп туманида жойлашган “Тexnika o‘quv servis Pop bo‘limi” МЧЖга ҳамда 2022 йил 29 июль куни Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги “TM Qo‘qon” МЧЖга лицензиялар тақдим этилган.

Мазкур лицензиялар билан МЧЖларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар олиш ваколати берилган. Аммо “Тexnika o‘quv servis Pop bo‘limi” МЧЖ томонидан юқоридаги низомлар талаблари бажарилмаган.

Жумладан, “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 18-бандига кўра, ҳайдовчиликка номзоднинг назарий ва амалий имтиҳонлари натижалари бўйича ҳайдовчининг имтиҳон варақаси ва имтиҳон натижалари баённомаси автоматик тарзда электрон кўринишда шакллантирилади.

Бироқ “Тexnika o‘quv servis Pop bo‘limi” МЧЖда амалий имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича регламент ишлаб чиқилмаган ва ҳеч ким билан келишилмаган. Шунингдек, МЧЖда ҳайдовчиликка номзодларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, имтиҳонларни ўтказиш муддатларини белгилаш ва ҳайдовчиларни ҳамда ДЙҲХХ масъул ходимини олдиндан хабардор қилиш тизими шакллантирилмаган.

Шу сабабли ИИБ ЖХД ЙҲХХ томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига мурожаат қилиниб, “Тexnika o‘quv servis Pop bo‘limi” МЧЖга берилган лицензияни қайта кўриб чиқиш сўралган.

“TM Qo‘qon” МЧЖда эса амалий имтиҳонларни ўтказиш учун “В” тоифаси бўйича транспорт воситалари сони етарли эмаслиги, “ДЕ” тоифаси бўйича ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган махсус транспорт воситалари йўқлиги, ҳайдовчиликка номзодларни идентификация қилиш тизими яратилмагани аниқланган. Ушбу МЧЖга тақдим этилган лицензия Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарори талабларига риоя қилинган ҳолда берилганини қайта кўриб чиқиш учун ИИВ томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига хат киритилган.

Блогер Никита Макаренко мазкур масалага муносабат билдирар экан, бир нечта омилларни санаб ўтди:

Рақамлар фақат ўсиб бормоқда. Таҳлил қилиб кўрайлик: кўчалар инфратузилмаси – светофорлар ва йўл белгилари. Бу энг муҳими. Аммо бу борада ҳеч нарса қилинмади. Радарларнинг аксарияти ишламайди, улардан ҳеч ким қўрқмай қўйди. Истиқболли усул сифатида кўрилган онлайн шикоятлар: юзлаб одамлар аризалари қабул қилинмаётганлигидан шикоят қиляпти.

Автомактаблар масаласига келсак, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкентбоев томонидан Наманган вилоятидаги “Тexnika o‘quv servis Pop bo‘limi” ҳамда Фарғона вилоятидаги “TM Qo‘qon” МЧЖларга лицензия берилибди. Мендаги маълумотларга кўра, мазкур МЧЖлар талаб қилинган стандартларга жавоб бермайди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура бу жараёнга эътибор беришини истардим
”.

Таълим инспекциясига кўра, “Texnika oʻquv servis Pop boʻlimi” МЧЖ ҳамда “TM Qoʻqon” МЧЖ лицензияга эга бўлса-да, номаълум сабабларга кўра бугунги кунга қадар фаолият кўрсатмаган, яъни имтиҳонлар ўтказмаган. ИИВ томонидан 30 октябрь куни Таълим инспекциясига ушбу ташкилотлар фаолиятининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини аниқлаш ва қайта ўрганиш бўйича мурожаат хати юборилган.

Таъкидлаш жоизки, тажрибада айрим нодавлат таълим ташкилотларида лицензия расмийлаштирилгунга қадар ишчи гуруҳ томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ўтказилгунга қадар таълим ташкилотининг моддий-техник ва ўқув-методик базасини талаб даражасида кўрсатиш ҳамда зарурий восита ва жиҳозлар билан вақтинчалик жиҳозлаб қўйиш ҳолатлари кузатилган. Бу каби ҳолатлар аниқланганда лицензиат камчиликларни бартараф этиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантирилади. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилинади.

Юқоридаги каби лицензия талаблари ва шартларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилган тақдирда, Таълим инспекцияси томонидан ташкилотларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга (Бизнес омбудсман) хабар юборилади
”, дейилади расмий муносабатда

Таълим инспекцияси Бизнес омбудсман томонидан рухсат берилган тақдирда “Texnika oʻquv servis Pop boʻlimi” МЧЖ ва “TM Qoʻqon” МЧЖдаги ҳолатларни Ички ишлар вазирлиги мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида ўрганиб чиқишга тайёр эканлигини ҳамда камчиликлар аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўрилишини маълум қилган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш, амалий ва назарий имтиҳонларни ўтказиш борасидаги ҳар қандай кичик камчилик катта оқибатларга олиб келиши мумкин. Буни ЙТҲлар билан боғлиқ даҳшатли рақамлар ҳам сўзлаб турибди. Хусусий марказларда белгиланган тартиб ва қоидаларга тўлиқ амал қилинмас ва бундай чала ўқув марказларига уларга Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан лицензия бериб юборилаверар экан, йўлларда ҳар куни аянчли ўлимларга дуч келаверамиз.

Руслан Сабуров

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чала имтиҳон марказлари ва уларни лицензиялаётган инспекция...