06:36 / 30.01.2023
1 723

Миркомилбойни танийсизми?

Миркомилбойни танийсизми?
Азизлар, бу постни қўйишимга Андижондан машҳур бой Миркомил Мирмўминбоевнинг набираси Сардорбекнинг музейимизга ёзган аризаси сабаб бўлди. Айтишларича, Миркомилбойнинг набираси Мавлудахон ая умрининг сўнгги дамларигача раҳматлик боболари Миркомилбойнинг оқланиши ҳақида қайғуриб ўтган экан. Бу ҳақда интернет тармоғида ҳам маълумотлар жуда кам. Ҳатто, Миркомилбой деб тақдим этилаётган асосий сурат ҳам у киши эмас, марғилонлик дўстининг сурати экан. Деярли барча сайтларда устоз Сирожиддин Аҳмаднинг материали айланади. Устоз Хуршид Даврон кутубхонасидан таниқли ёзувчиларимиздан Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қазо бўлган намоз” ҳикоясини ўқиб кўзимда ёш ғилтиллади. Олимжон Холдорнинг ҳам “Миркомилбой” номли романи бор экан. Афсуски, топа олмадим.

Асосий маълумотлар Миркомил Мирмўминбоев (1882-1918) “Рус-Осиё” банки муассисларидан бўлиб, янги замондаги ўзбек саноатчи бойларининг ёрқин вакили. Миркомилбойнинг Андижонда 5 та пахта заводи, бир неча шаҳарларда савдо расталари, боғлари, катта ерлари бўлган. 1911 йил хусусий маблағи олтин пул ҳисобида 14 млн. сўмга етган эди. Миркомилбой Туркистон ва Европа мамлакатлари ўртасида савдо муносабатига асосчилари бири ҳисобланади. У Германиянинг Шлоссберг, Крафт фирмалари билан савдо алоқаси ўрнатган, Берлин, Лондон, Париж ва Истанбулга бориб, маҳаллий саноатчилар билан савдо ишини йўлга қўйган.

1902 йил Андижонда содир бўлган даҳшатли зилзилалардан сўнг шаҳарни қайта тиклаш ишида улкан саҳоват кўрсатди. Андижон шаҳрида 30 ўқувчига мўлжалланган интернат мактаб, 100 талабага мулжалланган мадраса, касалхона қурмоқчи бўлиб, лойиҳа тайёрлаб, маҳаллий маъмурларга тақдим этган. Миркомилбой 1918 йил “Шурои ислом” ташкилотининг Андижон бўлимига раҳбарлик қилган ва жадидларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган. Туркистон Мухторияти қонга ботирилиши ортидан большевиклар томонидан отиб ташланган...

Дарҳақиқат, мен ҳам махсус ўрганмаган эканман. Эшитган ва баъзи кўрганларимга қараганда Миркомилбойнинг катта бобоси Мирюнусбой Бухоронинг манғит амирлари хонадонидан бўлиб Дониёлбийнинг амакиси бўлган. Тахт учун курашми ё бошқа фитналар боисми Мирюнусбой Бухорони тарк этиб оиласи билан Андижонга кўчиб келган. Катта ерлар сотиб олиб зироатчилик билан машғул бўлган. Кейинги авлодлар ҳам асосан деҳқончилик ва савдо билан бой бўлиб ҳамиша ўзини сиёсатдан узоқ тутишганлар. Бу сулоладан Миркомилбой катта муваффақиятга эришди. Биржа, банк соҳаси, ерларни кўпайтириш, пахта савдо-саноати натижасида тез орада нафақат Туркистонда, балки, бутун Чор империясида саноқли бойлар қаторидан ўрин олди.

Аммо, кейинги йилларда Московда топган бир аёлининг қадами бехосият келди. Андижонга келиши билан бизнес ҳамкорлари билан низо ва миш-мишлар авж олди. Боқиб юрган лайлаги бир кўзини ўйиб олди. Германияга бориб ўша кўзни шиша қилиб келди. Аммо вазиятни яхшилай олмади. Чор маъмурлари унинг ҳар қадамини кузатувга олди. Бир неча марта ҳибс ва терговлар бойнинг соғлигига зомин бўлди. “Офати жон” ҳам Шарқий Туркистон сари даф бўлди. Хўш, нимага? Боиси, Германияда юрган Миркомилбой фақат Андижонга автомобил олиб келишга бормаган эди. Маккаи мунавварада улкан қурилиш бошлаш билан турк мужоҳидларини қўллаб-қувватлашга ҳам каттагина маблағ йўллайди.

Туркистонда жадид тараққийпарварлари орзу қилган мухторият учун, истиқлол учун ўзича сиёсий, ҳарбий куч қидиришга киришади. Маҳаллий йигитларга ҳомийлик қилиб, улардан жаҳон савдо саноат бозорида ўз сўзини айта оладиган етук мутахассисларни тарбиялашга зимдан киришади. Хатто, баъзи ўринларда ёзилишича, Муҳаммад Аминбек ҳақида эшитган Миркомилбой унга ўзининг турли йўллар билан жамғариб қўйган қуроллари жойини айтган ва маълум миқдорда пул берган. Шу ерда айрим тергов баённомаларига ҳам мурожаат этсак.

Абдуқодир Қушбегиев 1937 йил 9 август куни сўроқда ўзининг рус тузем мактабидан сўнг гимназияда ўқигани, 1905 йилдан Миркомилбой Мирмўминбоевнинг хизматига кириб, 1917 йилгача унинг пахта савдосида бошқарувчи бўлиб ишлаганини айтади.

1917 йил охирларида Андижондан мусулмон бюросига вакил сифатида Тошкентга боргани, у ердан Қўқонга келиб, Туркистон Мухторияти ҳукуматидан ўрин олганини ҳикоя қилади. Дарҳақиқат, Абдуқодир Қушбегиевдек асримиз бошида Туркистон сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган одамларнинг Миркомилбой Мирмўминбоев жамоасида бўлиши ҳам унинг сиёсий қиёфасини кўрсатади. Абдуқодирбек Туркистон ССР Ер ишлари комиссари бўлди. 1925 йил аксилинқилобчи сифатида қамоққа олиниб 10 йилга концлагерга ҳукм этилган эди.

Андижонлик тараққийпарвар Бурҳон Машраби 1923 йил 27 октябрь куни сўроқда: 1918 йил Туркистон Мухторияти нозири Обид Чатоқ Ҳусайн исмли турк офицери билан 60 нафар маҳаллий ёшларни Андижонга Миркомилбойнинг бир уйига жойлаштирган эди. Субай Ҳусайн Жигит уларга ҳарбий таълимдан дарс бера бошлади. Уларнинг орасида кейинроқ Германияга ўқишга кетган Темурбек Қазбеков ҳам бор эди. Йигитлар Қўқонга йўлга чиқиш олдидан Туркистон Мухторияти ағдарилгани ва шаҳар олов ичида қолгани хабари етиб келди. Ҳусайн субай йигитларни олиб тўғри босмачилик ҳаракатига (истиқлолчилар) қўшилди.

Айнан шу йигитлар 1923 йилгача Фарғона водийсида қизил армияга қарши курашнинг ўзаги бўлдилар. Субай Ҳусайн Жигит Маҳкамҳожининг йигитлари орасида юриб, уларни ҳарбий ўқувга тайёрлар эди. Обид чатоқ пул масаласида, Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Ниёзийлар мафкура уларни билан қўллаб турарди. Яширин йиғинлар ташкил этилиб, маҳаллий бойлар ҳам уларни қўллаб қувватлашга ҳаракат қилишарди, дейди. Агар шу гувоҳликларга ишониладиган бўлса, Миркомилбой ҳақиқатан ҳам Туркистон истиқлоли учун жон куйдирган миллий бойларимиздандир.

Аввалги йили Андижонга борганимда Миркомилбойга тегишли мулкларни қидирдим. Афсуски, парк яна қанча қурилишлар бўлиб изини ҳам қолдиришмабди. Сўнг Миркомилбойнинг асосий "рақиби" дея кўрилган Мираҳмадбойнинг уйини зиёрат қилдим. Ҳа, улар деярли қўшни ҳам бўлишган. Уй қанчалик тарихимиз учун муҳим бўлмасин бугун ярим вайрона, абгор ҳолатда. Ҳокимият бир репититорга ижарага берган экан.

Аризага илова қилинган ҳужжатларни варақлар эканман, шундай хулосага келдим: оғир замонларда ҳам муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган, миллат ҳуррияти, уммат дарди, Туркиядаги қардошларимиз бошига тушган қийинчиликларга ҳамдард бўлган шаҳид бобомиз Миркомилбой Мирмўминбоевни оқлаш масаласи ҳам мустақил ватанимиз олдидаги масъулиятли вазифалардан ҳисобланади.

Баҳром Ирзаев,
тарих бўйича фалсафа фанлари доктори

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият