
ЎзМТРКнинг «Ўзбекистон», «Тошкент» ва «Ёшлар» телеканалларида халқ орасида чинозлик Аҳмадбой номи билан танилган Аҳмаджон Турсунбоевнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, у ташкил этган ва фаолиятига чек қўйилган молиявий пирамида ҳақида «Аҳмад васвасаси» номли батафсил ҳужжатли кўрсатув эфирга узатилди. Бу ҳақда "Kun.uz" хабар бермоқда.
Кўрсатувда Аҳмаджон Турсунбоевнинг саволларга жавоблари келтирилди.
Кўрсатув аввалида ушбу ҳодисага доир янги маълумотлар келтирилди. Жумладан ашёвий далил сифатида олинган маблағлар 13 млрд 139 млн сўм ва 12 млн доллар экани билдирилди.
[media=https://youtu.be/YnCnz-L5Ghw]
Кўрсатувда Аҳмаджон Турсунбоевнинг ўзидан бир қатор иқтибослар келтирилди: «Боши берк кўчага кириб қолиб, кейин чиқиб кета олмадим. Орқага йўл йўқлигини билардим».
У одамлар орасида обрў орттиргани, саховатпешалиги эвазига одамларнинг ишончини қозонгани айтиб ўтилади. У 4-5 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган бўлсада, 2015 йил охирида фаолиятини кенгайтиради. 2016 йилнинг 12 январида эса Чинозда "Чиноз авто ҳамкор" ва "Чиноз ҳалол чорва" корхоналарини таъсис этади. У бу корхоналардан давлатга солиқ тўлаш орқали ўзининг ҳақиқий даромадларини яширишда фойдалангани айтилади.
У ўз атрофида асосан қариндошларини тўплаган. Унинг жиянларидан бири автомобилларни қабул қилиб олиш ва бозорда сотиш, бошқалари пул ва тақинчоқлар келтирувчиларни рўйхатга олиш билан шуғулланган. Улар шунчаки мактаб ёки коллежни битиргани, ёзишни билгани учун ишга олинган.
Аҳмадбой ўзининг содда тизимини ҳашаматли қароргоҳлар барпо этиш орқали хаспўшлайди. Келувчилар дарвоза олдидаги қўриқчиларни, ичкаридаги пул сановчиларни кўриб, ўзларини банкка келгандек ҳис қилишган.
Маълум бўлишича, ўз қорамоли ёки пулини Аҳмадбойга бераётган одамлардан тушунтириш хати олинган. Хатда пул топшираётган одам, унинг ота-онаси ёки турмуш ўртоғи "Чиноз автоҳамкор" МЧЖга берган маблағи ёки автомашинасини 12 ой давомида ойма-ой бўлиб олишга бергани, ушбу машина ёки пулни бераётган вақтда ҳеч кимдан ҳеч қандай эътирози йўқлигини зиммасига олиши ва илова қилиб паспортининг нусхасини бергани, тушунтириш хатини ўз қўли ва ўз сўзи билан ёзгани баён қилинади.
Мазкур хатга, шунингдек, Огоҳлантириш хати ҳам илова қилинган бўлиб, унда МЧЖ раҳбарига бирор кор-ҳол бўлиб қолса, ҳеч кимга эътироз билдира олмаслиги, таваккалчиликка қўл урилаётганини унутмаслик ёзилган.
Қоровуллардан бири кунига 400-500 киши пул ёки бошқа буюмлар топшириш учун ташриф буюрганини эслайди. Ўнлаб кишилар эшик олдида кунлаб навбат кутганини қўшимча қилади.
Шунингдек, мижоз топиб келувчилар ҳам бўлган. Бу иш билан шуғулланганлар учун "суюнчи пули" жорий этилади.
Унинг икки издоши ҳам алоҳида фаолият юритган. Бири Қибрайда фаолият кўрсатган Нуриддин Абулғозиев. Кўп ўтмай Аҳмадбой билан зиддиятга киришган ва ундан мустақил ажралиб чиққан. У ҳам айни вақтда қўлга олинган.
Аҳмадбойнинг яна бир издоши Мирзамурод Юнусалиев. Халқ орасида Муродбой номи билан танилган бу шахс ҳам одамлардан юқоридаги тизим бўйича икки баробарини қайтариб бериш шарти билан пул, қимматбаҳо буюмлар, автомобиллар ва қорамол олишни йўлга қўйган. Айни вақтда у қидирувда.
Кўрсатувда иқтисодчи, ўқитувчи, ҳуқуқшунос ва диний уламодан фикрлар сўралади. Кўрсатув ижодкорлари Аҳмадбой молия пирамидасига чуқурроқ назар ташлаб, нега шундай бўлди деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилишади.
Иқтисодчи Мансур Тенглашев дунёда бундай молиявий пирамидаларга мисоллар келтирган ва янги пул келиб қўшилмаса, бундай пирамида барбод бўлишини айтиб ўтган.
Журналист бундай пирамидалар пайдо бўлишига одамларнинг очкўзлиги саба бўлишини айтиб ўтади.
«Пулни меҳнат қилмай фоиз оламан деб бериб даромад олиш - судхўрлик. Бу гуноҳ. Қуръонда судхўрликдан қайтиш кераклиги айтилган», дейди шайх Абдулазиз Мансур.
Кўрсатувга таклиф этилган ўқитувчи эса бу ҳодисада жамиятнинг турли қатламларини, хусусан мансабдорларни ҳам айблайди.
«Дарс ўтаман, ўқувчиларга: "Ҳалол бўлинглар, яхши ўқинглар", дейман. Бир ўқувчи айтади: "Устоз, ўқи-ўқи деяверманг! Минг сўминг бўлса, Аҳмадбойга бериб қўйсанг, еб ётасан. Фалончига қаранг — уй қуриб олди, унисига қаранг — Captiva миниб олди". Бу каби гапларни ҳозир 5-6 синф ўқувчилари айтяпти. Мана шу Аҳмадбойнинг дастидан ўқувчиларни ўқиш, меҳнат қилиш қизиқтирмай қўйди», — дейди афсус билан чинозлик ўқитувчи Бахтигул Бегайдарова.
У бу жараёнга шу вақтгача ҳоким, ИИВ вакиллари эътиборсизлик билан қараганини айтиб ўтган.
«Нега перашкачини дарҳол солиқчи югуриб келадию, Аҳмадбойга ҳеч ким шунча йил индамади. Агар уни тўхтатишганида шунча одам қақшаб қолмасди», дейди у.
Кўрсатувда маҳаллий амалдорлар ва ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари Аҳмадбойнинг фаолиятига панжа ортидан қарагани айтилди. Аксинча, тергов жараёнида бу кишилар Аҳмадбойни фош этиш ўрнига унга жиноий шериклик қилиб келгани аниқланган.
«Катта лавозимдаги амалдорлар, ҳоким ёки ИИВ вакиллари унга мижоз бўлишган», деган терговдаги ходимлардан бири, "Чиноз авто ҳамкор" корхонасида юрист бўлиб ишлаган Ойбек Исоқов.
У Аҳмадбойнинг олдига машҳур артистлар ҳам 300 минг, 400 минг доллар миқдоридаги пулларни топшириш учун келганини айтиб, Мирза, Шерали номларини санаб ўтган.
«Уникини бунга, буникини унга бериб, шу ишга кириб кетганман. Банкрот бўлдим. Пул етказиб бера олмадим. Қанча одамдан қанча пул олинганини аниқ билмайман», — деди Аҳмаджон Турсунбоев.
Кўрсатувда Аҳмаджон Турсунбоев бошлиқ уюшган гуруҳнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрганлар сони «бир неча ўн мингни ташкил этиши» айтилган.
«Ўнта заводи бор одам ҳам бунча пулни қайтара олмайди. Яширмайман, мен бу ўйинга кириб қолганман ва ундан чиқиб кета олмаганман», — деди Аҳмаджон Турсунбоев.
«Аҳолидан узр сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман», дея якунланади Аҳмаджон Турсунбоевнинг иқрори.
Бир қатор қонунбузарликларни содир этган Аҳмад Турсунбоев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилган ва суриштирув-тергов ишлари давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар