Тошкент жамоат транспортини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидов «Лолазор» подкастида Тошкент жамоат транспортини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Унинг айтишича, жамоат транспортини ривожлантиришнинг 3 та йўналиши бор — институционал, ташкилий ҳамда инфратузилмавий. Обидов институционал ўзгаришлар йўналишида 2023 йилда жамоат транспортида революцион ишлар қилинганини, хусусан, жамоат транспорти таркиби янгилангани, соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлиги оширилиб, брутто-шартнома тизими жорий этилгани энг катта институционал ўзгариш сифатида қайд этди.
Ташкилий йўналишда тадбиркорларни соҳанинг жозибадор эканига ишонтириш кераклиги айтилди. Учинчи йўналиш —инфратузилма билан боғлиқлиги ва бу ҳанузгача муаммо бўлиб қолгани қайд этилди.
«Йилдан йилга нафақат Тошкентда, балки бутун республикада ҳам бу муаммо актуаллашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида аҳоли йилига 100 минг кишига кўпайиб боряпти, 2021 йилда 100 минг аҳолига 40-45 мингта автомобил қўшилган. 2022 йилда 76 мингта, 2023 йилда эса 100 мингга яқин автомобил қўшилди. Шундай статистика келяпти», – дейди Обидов.
«Йўлкира нархи шаклланишининг иқтисодий асоси бормиди?»
Подкастда иқтисодчи Отабек Бакиров жамоат транспортининг янги йўлкира нархларини шакллантиришда одамларнинг бир марталик нақд пул тўлов қилишидан воз кечишга қанчалик эътибор берилгани, унинг иқтисодий асосланиши қандай юз бергани билан боғлиқ савол берди.
Унинг айтишича, соҳадаги асосий талон-торожликлар чиптачилар ҳамда нақд пулда тўлов қилиш тизими билан боғлиқ. Шу сабабли ҳам жамоат транспортида бир марталик нақд тўловлар электронларига нисбатан каррасига қиммат бўлиши кераклиги қўшимча қилинди.
Обидовнинг саволга жавоб беришича, янги нархлар асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ўйланган ҳолда шакллантирилган, бу борада маълум шкала ишлаб чиқилган.
«Эсласангиз, олдин ҳам қоғоз «проездной»лар вақтида 23 фоизли чегирмаси бор эди. Биз янги тизим қабул қилаётган, яъни янги тарифлар чиқараётган вақтимизда 23 фоиздан камаймаган ҳолда прогрессив ўсиб борадиган, арзонлаштирилган тарифларни 3,6 ойлик, 1 йиллигини, ҳатто 1 кунлигини ҳам чиқардик. Чегирмаси ўсиб борадиган тизимда тарифларда харажат камайиб боради. Лекин бизнинг одамларимизда бу тарифлардан фойдаланиш коэффициенти ҳали катта эмас. Энди бошланяпти. Чунки биз алмашинув тарифларни фақатгина [2023 йил] ноябр ойида ишга туширдик...
Нақд тўловларга келсак, нақд тўловларни биз бошланишида жуда кўп ташкилотлар билан талашиб-тортишиб, нақд камайсин деган мақсадда 2000 [сўм]гача зўрға кўтариб олиб чиқдик. Буни биз ундан ҳам кўтаришимиз керак, 30 фоиздан ошиқроқ қиммат бўлиши керак», – деди лойиҳа офиси раҳбари.
1 трлн сўм нималарга сарфланади?
Шунингдек, Обидов Тошкент шаҳрининг 2024 йилги бюджетига арзонлаштирилган тарифлардаги брутто-шартномалар бўйича жамоат транспорти хизматларига мўлжалланган субсидиялар учун ўтган йилгидан кўпроқ сумма (2023 йилда 412 млрд сўм ажратилганди), 1 трлн сўм ажратилганига ҳам изоҳ берди.
Унинг айтишича, турли харажатлар, хусусан, янги автотранспорт воситаларини сотиб олишда сарфланган кредит ёки лизинг харажатлари, техник хизмат кўрсатиш, эксплуатация харажатлари ва бошқалардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ҳаракат таркибининг 1 километрига нисбатан шу нарх шаклланган.
Обидовнинг айтишича, бу харажатлар ичида кредитлар ёпилгач автобус саройларини ҳам янгилаш ва кенгайтириш режалари бор. Бундан ташқари, 2024 йилда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти таркиблари 200 та янги автобус билан тўлдирилиши ҳам назарда тутилаётгани қайд этилди.
«2024 йилда 200 та электробусни [олиб келиш] режамизда бор. 2030 йилгача Тошкентга тахминан 1000 та электробус келади, бу режада бор. 111-сонли ўтган йили чиққан қароримиз бор, жамоат транспортини ривожлантириш концепцияси [ҳақида]. Ўшанда режамиз йилма йил ёзилган. У режамизни озгина тезлаштирдик, яна қўшилди автобуслар сони», – деди у.
Янги таркиблар ва махсус йўлаклар
Мурод Обидовга кўра, янги автобуслар келтирилишида бўлаётган ягона муаммо инфратузилма билан боғлиқ. Агар бу масала ҳал қилинмаса, олиб келинган таркиблар яна бошқа муаммолар юзага келиши мумкин.
«Автобус тўсиқсиз ҳаракатланадиган инфратузилма ҳамда ҳаракатни ташкил этишни такомиллаштиришимиз керак. Энг катта муаммомиз [шу], шунда тўхтадик биз. Тўхтамадик, олдинга қараб кетяпмиз. Ўтган йил давомида 44,8 кмлик жамоат транспорти линияларини қилдик. Ўзи бизда энг катта босим билан ишлайдиган йўлларимиз 125 км, 13 та коридоримиз бор. Шуларнинг ҳаммасини автобусимизни тўсиқсиз ҳаракатланадиган тизимга ўтказиб чиқишимиз керак эди, улгурмадик. бу қайсидир жойларида оғриқли, қайсидир жойларида маблағ талаб этилди», – деди Обидов.
Унинг қўшимча қилишича, 2024 йилда бу ишлар амалга оширилади, айрим йўлларда махсус йўлаклар четдан эмас, йўлнинг ўртасидан ташкил этилади. Ўртадан юрадиган автобусларнинг четдан ҳаракатланадиганларидан фарқ қилиши, уларда кесишмалар минимал даражага келтирилиши кутилмоқда.
«Тошкент шаҳри моноцентрик, унинг иккита маркази бор. Биттаси «Сквер» [Амир Темур майдони], биттаси Чорсу. Шу иккита марказига ўқ кўчалар билан келади, кейин 3 та ҳалқа йўллар билан шаҳар уланади.
Асосий ҳаракатлар мана шу йўлларда бўлади-да. Учта катта йўналишимиз метро билан қамраб олинган. Метро узоқ масофаларга кўп сонли аҳолини ташиш имкониятини беради. Худди шундай эҳтиёж қолган кўчаларда ҳам бор. Бу нарсани метро даражасига олиб чиқадиган йўловчи ташувлар хизматини тўғрилашимиз кейинги босқичимизга боғлиқ. Кейинги босқичнинг биринчи тизимини биз Шота Руставелида режалаштиряпмиз. Мана шу тизимни кейин босқичма-босқич қолган томонларга ҳам жорий қиламиз. Шунда бизда йўловчи ташиш ҳажми автобуслар сонига эмас, сиғимини ошириш ҳисобига кўпаяди», — деди у.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда энг катта автобус 150 сиғимли ҳисобланади. Инфратузилма тўғрилангач, 5 та секцияли 32-35 метрли автобуслар келтирилиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг