Ижтимоий тармоқларда икки автоблогер маҳаллий автосаноатни ҳимоя қилиш кераклигини айтиб чиқиши шов-шувларга сабаб бўлди. Kun.uz бу борадаги саволларга асосли ва илмий жавоблар олиш учун АҚШда фаолият юритаётган иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимовга мурожаат қилди.
Иқтисодиёт илми мутахассислари суҳбат давомида “валютанинг четга чиқиб кетиши” ҳақидаги хавотирлар нега асоссиз экани, импортга чеклов қўйиш қандай қилиб экспортга ҳам тушов бўлиши, оқилона фискал ва монетар шарт-шароитларда импортнинг экспортдан кўп бўлиши нима учун муаммоли ҳолат эмаслигини тушунтириб беришди.
— Протеционизмни ёқловчилар кўпинча ўзимизда ишлаб чиқаришни ташкил этмасак, валюта четга чиқиб кетади, бу эса сўмнинг айирбошлаш курсига салбий таъсир қилади, дейди. Бу хавотирлар қанчалик асосли?
Ботир Қобилов: Қарор қабул қилувчилар орасида ҳам, айрим истеъмолчилар орасида ҳам валютанинг ташқарига чиқиб кетиши катта муаммо деган мифга ишонилади. Бир нарсани эслаб олишимиз керак, ўзи экспорт қилишдан мақсад – импорт қила олиш қобилияти. Биз қайсидир корхона нуқтайи назаридан гапирсак ҳам, экспорт қилишдан мақсад экспортдан тушган валютани ишлатиб, кўпроқ импорт қилиш. Уйда хорижий валютани сақлаб туриб, уни ташқарига чиқиб кетишининг олдини олиш – нафақат иқтисодиётга, балки мантиққа ҳам тўғри келмайди. Тасаввур қилинг, сиз барча валютани уйингизда сақлаб, эшик деразаларни ёпиб қўйсангиз, уни ишлата олмасангиз, уни сақлашдан деярли наф йўқ.
Валюта фетишизми деган ибора кўп ишлатилган. Валютанинг четга чиқиб кетиши мамлакатни қашшоқ қилади дейиш – энг катта хатолардан бири.
Беҳзод Ҳошимов: Ҳукумат кабинетларида валюта чиқиб кетиши хавфи бор, савдога чекловларни тугатсак валютасиз қоламиз деган мифлар ҳалиям бор. Кўпчилик экспорт билан импорт ўртасидаги фарқни тушунади. Дейлик, Ўзбекистон 100 сўмлик экспорт, 200 сўмлик импорт қилса, жорий операциялар баланси манфий 100 сўм бўлади. Хўп, 100 сўмлик экспорт қиларканмиз, қандай қилиб 200 сўмлик импорт қиляпмиз? Демак, ўша 200 сўмни қаердандир оляпмиз. Агар мамлакат 100 сўмлик экспорт қилса ва 200 сўмлик импорт қилса, демак, бу пулни қаердандир оляпти. Ўзбекистон мисолида олсак, бунинг катта қисми – чет элдан келган пул ўтказмалари, инвестициялар ва қарзлар бўлиши мумкин.
Германия корхонаси Ўзбекистонда текстил фабрикасини қурса, текстил фабрикасига Хитой ёки Кореядан тикув машинасини олиб келса, ўша йили бу импортни нечидир миллионга оширади. Лекин инвестиция ҳисобига кирган бўлади. Ўзбекистонлик ишчи чет элда меҳнат қилиб уйга пул юборади, унинг уйидагилари Украинада ишлаб чиқарилган шакардан тайёрланган булочка сотиб олсаям, импорт ошади. Бунинг устига, давлат ҳам ўзининг айрим харажатларини импорт ҳисобига қилади: қанақадир “Tashkent city” қурилишига чет эл жиҳозларини олиб келади ва ҳоказо. Ўзбекистон иқтисодиётида кўп ўйинчилар бор, булар – истеъмолчилар, давлат корхоналари, давлатнинг ўзи ва бошқалар – улар чет элдан хизматлар ёки товарлар сотиб олишади ҳамда уларга пул тўлашади. Пулнинг ҳар хил манбалари бор. Айрим манбалар, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда инвестициялар миқдори кўпайиб кетса, шунга мос равишда импорт ҳам кўп бўлади. Чунки инвестицияларнинг бир қисми чет элдан хизмат ёки товар олиб келишга йўналтирилади. Чет эллик технологларни олиб келиш ҳам импорт рақамларига кириши мумкин.
Шунинг учун импорт ва экспортимиз ўртасида манфий фарқи қанча бўлди деб хавотирланишимиз мақсадга мувофиқ эмас. Бунинг ўзига қараб нимадир нотўғри кетяпти ёки тўғри кетяпти дейиш керак эмас.
Бу – ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эмас, қарор қабул қилувчиларнинг фикри бўлгани учун бу ҳақда ўз блогимда ҳам ёзаман, бу бизнинг иқтисодий сиёсатимиз бўлгани учун танқид қиламан. Бунақа мантиқ Ўзбекистоннинг ривожланишига қарийб 30 йилдан бери кишан бўлиб келяпти.
— Ўтган йили Ўзбекистон ташқи савдо балансидаги манфий савдо қарийб 14 млрд долларни ташкил этган. Ривожланаётган мамлакатларда ташқи савдо балансидаги дефицит қандай иқтисодий маънога эга?
Беҳзод Ҳошимов: Агар давлат сунъий равишда сўмнинг курсини ушлаб турмаса, яъни курс шаклланишида очиқ бозорга йўл қўйса ва ўзи фискал интизомга риоя қилса, яъни ўзининг харажатларини кўпайтирмаса, экспорт ва импорт орасидаги тафовутни яхши ёки ёмон деб бўлмайди. ЯИМни ҳисоблашда ҳам булар нейтрал кўрсаткичлар.
Қайси давлатда қанақа десангиз, ҳаммада ҳар хил. Ривожланган давлатлардан, масалан Германияда жорий операциялар баланси мусбат, АҚШда эса манфий. Бунинг ўзларига яраша иқтисодий сабаблари бор. Шунинг учун бу нарса қатъий ёмон ёки қатъий яхши деб айтиш хато. Ўйлайманки, бир неча миллион аҳолиси ташқарида ишлаб, пул юбораётган Ўзбекистон каби мамлакатда бу кўрсаткич манфий бўлиши эҳтимоли катта. Лекин агар эртага қандайдир жудаям катта экспорт манбасини топиб олсак, масалан, нефт чиқишни бошлаб, кўп нефт экспорт қила бошласак, балки мусбатга чиқади, лекин иккала ҳолатда ҳам бу бизнинг фундаментал иқтисодий кўрсаткичларимизга нейтрал таъсир кўрсатади.
Ботир Қобилов: Иқтисодий тадқиқотларда ҳам савдо дефицитининг манфий бўлишига катта муаммо деб қаралмайди. Бу жуда ҳам яхши ёки жуда ҳам ёмон деган консенсус йўқ. Савдо баланси манфий бўлса, яъни экспорт камроқ, импорт кўпроқ бўлса, бу сўмнинг қадрсизланишини билдиради. Сўмнинг қадрсизланиши эса Ўзбекистоннинг экспорти жозибалироқ бўлишини англатади. Экспорт жозибадорлигининг ошиши эса кейинги босқичда савдо балансига таъсир қилиб, мувозанатни жойига қайтаради.
Қайсидир сабабларга кўра биз кўпроқ импорт қилаётган бўлсак, ва агар Марказий банк интервенция қилмасдан, сўм эркин сузадиган валюта бўлса, ташқи савдодаги профицит ёки дефицит мамлакатда пулни жамғариш ёки инвестиция қилиш даражаси билан боғлиқ бўлади. Импортнинг экспортдан кўпроқлиги эса аҳоли пулни сақлашдан кўра, инвестиция қилаётганини билдиради. Бу – ривожланаётган давлатларга ўта хос бўлган хусусият.
Лекин агар кимдир савдо дефицитидан қўрқиб кетиб, ёки нимага бизда савдо дефицити бор, шуни нолга ёки мусбат даражага олиб чиқайлик, деган мақсадда импортга чекловлар киритилса ва протекционистик сиёсатга йўл очилса, бу – сўмга талаб ошишини билдиради ва Ўзбекистондан ташқарига экспорт қилишнинг жозибадорлигини пасайтиради. Яъни импортни чеклаймиз деб қилинаётган ҳаракат натижасида, сўмнинг қадри ошиши ҳисобига, экспорт билан шуғулланадиган кам сонли корхоналарнинг жозибадорлиги пасаяди. Шунинг учун импортга чекловлар экспортчиларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Беҳзод Ҳошимов: Масалан, помидор. Ўзбекистондан ташқарида килоси 5 доллар туради, дейлик. Помидор экспорт қилувчиларимиз жаҳон бозорида нарх белгиловчилар эмас, нарх қанақа бўлса, шу нархда сотишга мажбур. Агар доллар курси 15 минг сўм бўлса, улар помидорни 75 минг сўмга, агар курс 10 минг сўм бўлса, 50 минг сўмга сотишади. Уларнинг фойдаси валюта курсига боғлиқ. Агар нимадир қилиб курсни тушириб юборсак, масалан 12 минг эмас, 5 минг сўм қилиб қўйсак, бу помидор экспортчиларининг самарадорлигини анча тушириб юборади. Чунки уларнинг харажатлари – сўмда. Шунинг учун сўмнинг курси жиддий мустаҳкамланиши экспортчиларнинг рақобатбардошлигини туширади.
Шундай экан, импортга қўйилган ҳар бир тўсиқ симметрик равишда экспортга қўйилган тўсиққа тенг. Бундай теорема бор ва бунинг учун Нобел мукофоти ҳам берилган. Яъни бу анчагина ўрганилган мавзу, ҳозир биз велосипед ихтиро қилаётганимиз йўқ.
Ботир Қобилов: Ўзи, ўта кам сонли ва ўта иқтидорли корхоналар маҳсулотини экспорт қила олади. Ўзбекистон шароитида ҳам, умуман исталган мамлакат шароитида ҳам экспорт қилаётган корхона ўта “ғайритабиий”, юқори самарадорликка эга корхона ҳисобланади. Импортга чеклов киритиш ана шу энг самарали корхоналарга салбий таъсир қилади.
Ташқи савдо дефицитини қисқартирадиган омиллардан бири – тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва ташқи қарзлар. Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар бу қарз эмас, капиталга инвестиция. Давлат томонидан ташқи қарзларни жалб қилиш орқали савдо дефицити ва бюджет дефицити ёпилса, бунинг салбий оқибатлари бор. Бу – фискал интизом масаласи. Яъни агар савдо дефицитини катта муаммо деб қабул қилсак, манфий салдони мусбатга айлантириш учун нимадир қилиш керак бўлса, биринчи ўринда давлат харажатларини камайтириш керак. Бу дегани ўқитувчи ёки дўхтирларга сарфланаётган маблағларни камайтириш дегани эмас. Самарасиз харажатларни қисқартириш керак. Ташқаридан қарз олиб, ичкарида гул фестивали қилиш – савдо дефицитини камайтиришнинг энг аҳмоқона йўлларидан бири бўлган бўларди.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди