
Бухоро шаҳридаги «Универсал» спорт мажмуасида Ўзбекистон ва Россия футзал терма жамоалари ўртасида навбатдаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар ўртасидаги иккинчи баҳс бу сафар россиялик футзалчиларнинг устунлиги билан якунланди — 3:1.
Маълум қилинишича, ушбу учрашув жамоалар ўртасидаги ўзаро келишув асосида томошабинларсиз, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Бундай формат мураббийларга тактик ечимларни синовдан ўтказиш ва айрим ўйинчиларнинг ҳолатини батафсил баҳолаш имконини берди.
Эслатиб ўтиш жоиз, бир неча кун аввал ўтказилган илк ўртоқлик ўйинида Нодир Элибоев бошчилигидаги Ўзбекистон футзалчилари 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мухлисларини қувонтирган эди. Иккинчи баҳсда эса Россия жамоаси хатолар устида ишлаб, натижани ўз фойдасига ҳал қилди.
Ушбу икки учрашув ҳар икки жамоа учун ҳам муҳим синов вазифасини ўтади. Мураббийлар таркибдаги айрим ўзгаришларни синовдан ўтказди, ўйин суръати ва жисмоний тайёргарлик даражаси текшириб кўрилди.
Ўртоқлик баҳслари халқаро мусобақалар олдидан жамоаларнинг реал ҳолатини аниқлашда катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон футзал терма жамоаси ҳам ушбу ўйинлар орқали тажриба тўплаб, кейинги расмий учрашувларга тайёргарликни давом эттиради.
Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон – Россия 1:3
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.