- Ишлашни хоҳлайсизларми! Иркутскда қурилишда иш бор. Зўр жой, ўзим неча йилдан бери ишлаяпман. Бошланишида иш ҳақларинг беш юз “кўки”да бўлади, кейин ишларингга қараб кўпаяди. Яшаш жойи, тўрт маҳал иссиқ овқат билан ўзим таъминлайман. Йўл харажатларинг ҳам биздан...
Оғиз кўпиртириб, ҳамқишлоқларига эртакдаги “Сусамбил”ни ваъда қилиб, авраётган Элбек Ҳамидов гаплари уларга қандай таъсир қилаётганини кузатиб, бироз тин олди. Ака-ука Аслиддин ва Камолиддин унинг гапларига маҳлиё бўлиб, ўйланиб қолганини кўриб, ичида севиниб қўйди. Сўнг яна бидирлаб, иш оғир эмаслигини, кабель тортиш билан шуғулланишларини, муаммо туғилгудек бўлса, ўзи ёрдам беришлигини билдирди, деб ёзмоқда “Кун” нашри.
Йигитларнинг отаси Акрамжон ака Камолиддиннинг ҳали вояга етмаганлигини, чегарадан ўтиши мушкул масала эканлигини айтиб иккиланганида, нотариус орқали ўз акаси Аслиддиннинг номига ишончнома қилиб беришини айтиб, унинг хавотирига чек қўйди.
Тошкентгача таксида келишди. Йўл кирани “серҳиммат” Элбекнинг ўзи тўлаб борди. Сўнг Қозоғистон чегарасидан ўтишди. Ака-укани Иркутскка жўнатаётган автобусга миндириб, у ерда сурхондарёлик Низом исмли таниши кутиб олишини, ўзи ҳам ишларини битириб, кейинроқ етиб боришини тайинлаб, хайрлашди.
Иркусткда ака-укани кутиб олган Низом автобус ҳайдовчисидан уларнинг паспортларини олиб, шаҳар четидаги ташландиқ бинода жойлашган ётоқхонага етаклаб борди. Жуда совуқ, яшаш учун шароит деярли бўлмаган бу хонада ака-укаларни бошқа ишчилар билан бир қаторда ҳамқишлоқлари Фаррух Салимов ва Мухтор Ҳайдаровлар қаршилашди. Улар ҳам ишлагани келишган экан.
Тўрт-беш кундан сўнг уларга Самил исмли киши рўпара бўлди. Унинг раҳбарлигида кабель учун ер қазиш ишларини бошлаб юбордилар. Иш жуда оғир эди. Белкурак ва керки билан эрталаб соат саккиздан ярим тунгача ер кавлардилар.
Бир ҳафталардан сўнг Элбек яна икки нафар қишлоқдошини, Муборак ва Касби туманларидан “янги меҳмонлар”ни етаклаб келди. Шаҳрисабзлик Садриддин Эшев, Мақсуд Раҳмонов, мубораклик Холиқул Йўлдошев, Эркин Аллаев, Сирожиддин Тўқов, Ихтиёр Пиримқулов, Сойибжон Хўжамуратов, касбилик Алишер Нурматов ва Норбек Эрдонаев ҳам заҳматли ер қазиш ишларига қўшилишди. Элбек уларнинг паспортларини йиғиштириб олиб, Россияда ишлаш учун ҳужжат тайёрлаб беришини айтди.
Самилнинг зуғуми кун сайин ортарди. У мусофир ишчиларни одам ўрнида кўрмас, тинимсиз ҳақоратлаб ишлатарди. Элбекка пул бериб, уларни сотиб олганини, у ҳали ҳам қарздор эканлигини, бу қарзларни уларнинг иш ҳақларидан олиб қолишини писанда қиларди.
Самилдан пулларини ололмаган ишчиларнинг айримлари бошқа ишларга ўзларини уриб кўришди. Аммо “уддабурон” Элбек улар ишга жойлашган жойнинг хўжайинлари билан тил топишиб, уларга таҳдид қилишда давом этди. Охири у юртдошларидан “Элбекдан фалон рубль миқдорида қарздорман. Ўзбекистонга борганимдан сўнг унинг устидан ҳеч қаерга шикоят қилмайман” мазмунида тилхат ёздириб олгачгина, уларни ортларига қайтариб юборди.
2013 йилнинг апрелида Иркутскка борган ишчилар ўша йилнинг декабрь ойида навбатма-навбат, сарсон-саргардон бўлиб, бир амаллаб йўл кира ишлаб, юртларига қайтиб келишди. Улар келибоқ Элбекнинг отасининг уйига бориб, пулларини талаб қилишди. Ота дастлаб ўғлининг ишларига аралашмаслигини айтди, жабрдийдалар қайта-қайта келаверишгач, ноилож айримларининг зарарларини қоплаб беришга мажбур бўлди...
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида 1987 йилда туғилган, шаҳрисабзлик Элбек Ҳамидовнинг жиноят иши кўрилди. Унинг бир гуруҳ кишиларни оғир меҳнат ва иш шароитида зўрлик билан ишлатиб, жами 8250 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақларини бермасдан ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги аниқланди.
Суд ҳукм қилди. Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан одам савдоси жиноятига қўл урган Элбек Ҳамидовга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди