Эркинлик бўлмаган шароитда яратилган аксарият асарлар истеъдоднинг эмас, қўрқув маҳсулидир. Унда муаллиф ниманидир ҳимоя қилмайди, аксинча, нимадандир ҳимояланишга уринади. Ана шундай муҳитни пайдо қилувчи энг муҳим сабаб цензурадир.
Цензуранинг тури кўп: асар яратилгунгача бўлган цензура (бадиий кенгашларимиз буни қойиллатяпти, гарчи конституция аксини талаб қилса ҳам), асар яратилгандан кейинги цензура (муаллиф, муҳаррир ёки ташкилотчига «дакки» бериб қўйиш ва бошқа такрорламасликни «илтимос» қилиш), расмий цензура (хайриятки буниси бизда бекор қилинган), норасмий цензура (жамият ёки шахснинг ўз-ўзини цензуралаши), ташқи цензура (давлат ва жамият босими), ички цензура (оғзи куйган ёки оғзи куйганларни кўрганларнинг ўз-ўзини тийиши). Хуллас, цензуранинг тури кўп. Айримларини бирдан илғаб олиш қийин.
Бизда кўпинча, ички цензура кучлилиги ҳақида гапирилади. Бироқ ички цензура ташқи цензурасиз узоқ яшамайди. Ички цензура ҳамон яшаётган экан, демак ташқи цензура турлича кўринишларда бор.
Аксариятимиз етарлича эътибор қаратмайдиган, аммо энг хавфли, илдиз отса суғуриб ташлаш бениҳоя қийин, ҳеч ким, ҳатто халқаро ташкилотлар ҳам ғинг дея олмайдиган, аммо исталган ижодкорни эзиб ташлашда фойдаланишга қулай цензура шакли ҳам бор. Бу цензурани жамият, аниқроғи, оломон амалга оширади. Муҳими оломон ичидаги устамонлар уни йўналтириб турса кифоя. Унинг номи билан кимлар осилган, отилган, ёқилган, сургун қилинган, бадном этилган.
Хўш, бу оломон нима қилади? Айтарли ҳеч нарса. Шунчаки бақириб туради: ватанфуруш, хоин, сотқин, халқ ва миллат душмани, миллий ва диний қадриятларимизни топтаётган нокас, «ақидапараст», ғарбпараст, руспараст ва ҳоказо, ҳоказо. Ана шу сўзлар қайта-қайта такрорлаб турилса кифоя. Тарихда худди шундай бўлиб келган.
Бизда ҳозир шу борми йўқми? Бор, албатта! Оммавий маданиятга қарши курашамиз деб, оломон маданиятини яратиб қўйдик. Оломонда ақл ҳам, ахлоқ ҳам бўлмайди. Унда фақат тенденция бўлади. Биргина қоида бор: ўзингдан аввалги нима айтган бўлса, шуни такрорла. Бақирса — бақир, ҳанграса — ҳангра, сўкса — сўк. Индамай турмасанг бўлди.
Қачондир Ҳамзани тошбўрон қилиб ўлдирган оломон, ҳозир интернетда кимларгадир лаънат тошларини отяпти. (Яхшиямки, виртуал оламда, реал ҳаётга кўчса нима бўлади? Кўчмаслигига кафолат борми ўзи?) “Чора кўрилсин”, деб, талаб қилиб ҳукуматга ёзишади ҳам.
Кимга чора кўриш? Ҳеч кимнинг бурнини қонатмаган, мол-мулкини тортиб олмаган бир қўшиқчи ёки актёр. Ёзувчи шоирларимиз одоб сақлаб туришибди, аниқроғи, шундай туришга ўргатиб қўйилган. Акс ҳолда, уларнинг ҳам қанчаси ана шу тарзда оломон қилинарди. Ҳақ-ҳуқуқингни бузган амалдорга қарши нега ўша сўзларингни айтолмайсан, номард дейдиган одам йўқ.
Ички цензурани гуллатиб яшнатадиган бундан ортиқ маҳсулдор муҳит бормикан?! Қанча истеъдод ўз-ўзини тийиб, ўзини намойиш қилолмай чирийди, қанча гениал асарлар, фикрлар айтилмай қолади бу муҳитда! Тоталитар давлат ҳақида кўп гапирилади, лекин тоталитар жамиятлар ҳам бор. Уларда шахс хатти-ҳаракати жамоа томонидан норасмий шаклда мутлақ назорат қилинади. Ана шунақа тур жамиятга томон кетмаяпмизмикан, дея хавотирга тушади киши.
Бизга ёқмаган нарса бошқаларга ёқиши, биз эътиқод қилмаганга бошқалар эътиқод қилиши, дид масаласида тортишиб бўлмаслиги очиқ-ошкор ҳақиқат. Шуни қачон тан оламиз!? Бузғунчи ғояларга қарши кураш (бузғунчи ғоя — буни кайфиятингизга қараб таърифлаб олаверасиз), оммавий маданиятга қарши кураш каби шиорлар остида толерантлик, плюрализм унутилмоқда.
Ваҳоланки, толерантлик ва плюрализмни миллий мафкурамизнинг асос ғояларидан бири, деб қабул қилиб олганмиз. Боз устига, ана шу мафкурамизнинг мақсадларидан бири бузғунчи ғояларга қарши курашдир деймиз. Оломон бу мақсадни қойилмақом қилиб уддалаяпти. Миллий мафкурамиз деб китоб ёзганлар унда консептуал зиддият борлигини пайқамаган ёки толерантлик ва плюрализм ғоялари хўжакўрсинга киритиб қўйилган. Иккинчиси тўғрироққа ўхшаяпти.
Кес сўзингни, эй «Қалам», бас, мунча фарёдинг етар,
Кўп бақирсанг, оғзингга тошларни откай бизни халқ.
(Чўлпон)
Хуршид Йўлдошев
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди