21:30 / 01.02.2018
6 295

Олимпиада чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров Ҳарбий қасамёд қабул қилди (фото+интервью)

Олимпиада чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров Ҳарбий қасамёд қабул қилди (фото+интервью)
– Оддий аскар Ғоибназаров!
– Мен.
– Ҳарбий қасамёд қабул қилиш учун олдимга…
– Хўп бўлади…
***
2016 йил. Рио-де-Жанейро. XХXI ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс тури баҳсларида 64 килограмм вазн тоифаси бўйича финалда қўлга киритилган тарихий ғалаба. Турли миллатга мансуб томошабинлар матонатли боксчини чин дилдан олқишламоқда.
***
Пойтахтимиздаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини адо этаётган жўмард ўғлонлар сафида бокс бўйича Олимпиада чемпиони, бир неча нуфузли беллашувлар ғолиби Фазлиддин Ғоибназаров ҳам бор. Сафарбарлик чақируви резерви батальонида ҳарбий хизматни ўтаётган чемпионимиз қисқа фурсатда аскар сифатида сафдошлари, офицер-сержантлари орасида ўз ўрнини топди.

Севимли боксчимиз билан самимий суҳбат чоғида шунга амин бўлдикки, ҳали мақсадлари юксак, янги ғалабаларга ташна...

– Фазлиддин ака, эр йигитнинг ҳарбий хизматгача яшаган умри бир тараф, ҳарбий хизмат давридаги кечмишлари бир тараф бўлади, деган гап бор.
– Менда худди шундай бўлди (мана, кўряпсизми, бир ойда ҳарбий иборалар билан муомала қилишга ўрганиб қолдим)...
Машғулотлар залида ўсмирлик пайтларимдаёқ мураббийларим тартиб-интизом билан шуғулланишимни, бокс сирларини босқичма-босқич, астойдил ўзлаштиришимни таъкидлашар, табиийки, мен ҳам шунга тиришар эдим. Бу жараён ҳам ўзига хос машаққат ва фидойиликни талаб этади... Ҳамма соҳада дастлаб, ўтиш ва кўникиш даври содир бўлади. Ҳарбий хизматни бошлаган кунларимда менда ҳам ушбу ҳолат рўй берди. Лекин тезда ҳарбий ҳаётга кўника бошладим. Ҳаёт мактабида олган сабоқларим, ҳақиқатан ҳам, бир умрга татирлик сабоқлардир. Юксак ҳарбий интизом… кун тартибига мувофиқ – ҳаммаси жой-жойида интизомли яшаган инсон, менингча, саодатли умр кечиради. Армия эса одамга ана шундай яшашни ўргатади. Келгусида оиласини, рўзғорини, ўз хатти-ҳаракатларини тўғри идора этиб, жамиятда ҳам, фаолиятида ҳам ўз ўрнини топиш учун йигитларга армия кўп таълим-тарбия беради.

– Ҳарбий машғулотлар пайтида нималарни ўзлаштирдингиз?
– Армияга келиб, мамлакатимиз тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлиги ишончли қўлларда эканини ўз кўзим билан кўрдим. Юрт осойишталиги йўлида борини беришга тайёр бўлган офицер ва сержантлар суҳбатида бўлдим. Маънавий-маърифий, жанговар ва саф тайёргарликлари, ўқ отиш машғулотлари, ҳарбийларга хос аниқ ва тезкор қарор қабул қилиш, воқеа-ҳодисага муносабат билдиришдан аввал, кузатиш, таҳлил қилиш, ҳолатнинг туб моҳияти ва сабабларини ўрганиш, қисқаси, буларнинг барчаси ҳаётга, касбимга, одамларга, Ватанга бўлган муносабатимни ўзгартирди.

Дала-ўқув майдонида жанговар қуролдан ўқ узганим сира ёдимдан чиқмайди. Ёшим каттароқ бўлгани учунми ёки боксчи бўлиб, нисбатан танилганимданми, командирларимиз ўқ узиш машғулотларида сафдошларимга далда беришимни таъкидлаб туришди. Энди, тасаввур қилаверинг, биринчи марта нишонни пойлаётган йигитлар... Мен ҳам бунгача қўлимда қурол тутмаганман. Сафдошларимга далда бераман: дадил бўлинглар, нишонга тегизишингиз шарт, дейман. Қуролдошларим навбатма-нав­бат ўт очишади. Автоматнинг қулоқни қоматга келтирадиган момақалдироқдек овози, гильзаларнинг ерга тангадай тушиши, чалқанча йиқилган нишон, шу лаҳза одамнинг Ватан ҳимоячиси эканлигини яққол англатадиган порохнинг ажабтовур ҳиди... Қуролдан ўқ узган пайтимдаги ҳис-ҳаяжонимни таърифлай олмайман... Энди мен юртим манфаатларига, йўлига ғов бўлган ғанимга фақатгина чарм қўлқоп билан эмас, жанговар курол билан ҳам қаршилик кўрсата оламан! Бу мен учун катта бахт. Шу нарсани ўйласам, армиядан кетгим келмайди! Армиянинг навқирон ўғлонларга ўргатиши лозим бўлган энг асосий жиҳат – Ватанни ҳимоя қилиш туйғуси.

– Сафдошларингиз Олимпиада чемпиони билан бирга ҳарбий хизмат ўтаётганидан хурсанд бўлиши, табиий. Улар орасида кейинчалик ҳам қалин бўлиб, борди-келди қиладиган дўстлар орттира олдингизми?
– Биласизми, дейлик, бир-бирига мутлақо бегона икки йўловчи бир вагонда у манзилдан бу манзилга етиш вақтида ўзаро суҳбат қуриб, дардлашиб, дилдош бўлиб, бир умр узилмас дўстлик риштасини боғлаши, аксинча, одам бир хонадонда қирқ-эллик йил бирга яшаб ҳам бир-бирини тушунмай ўтиши мумкин.

Шукур қиламанки, мен қисқа фурсат ичида кўнглимга ўтирадиган, спорт оламидаги обрў-эътиборим билан ҳисоблашмаган, чин маънодаги бир нечта дўстлар орттирдим. Улар билан, насиб этса, борди-келди қиламиз. Армия шуниси билан ҳам қадрли. Ўзингиз Ўзбекистоннинг у бурчагидан бўласиз, жондай қадрдон дўстингиз бу томонидан бўлади... Яқинда қизиқ воқеа рўй берди: бир неча сафдошим кўришга келган яқинларига: «Фазлиддин Ғоибназаров мен билан хизмат қиляпти», – дебди. Ота-оналар ишонишмаган шекилли, мени чақиртиришди. Бориб, улар билан кўришдим. Ниҳоятда хурсанд бўлиб, дуо қилиб қолишди... Ҳарбий хизматда орттирган дўстларим билан кечган қизиқарли воқеалар ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.

– Шу ўринда, андак чекиниш қилсак-да, спорт мавзуи­га ўтсак: айтинг-чи, миллий боксимиздаги қайси жиҳатлар ислоҳ қилинса, сизнингча, янада юқори натижаларга эришилади?

– Саволингиз учун раҳмат! Жамоавий баҳсларда бир неча спортчи руҳий жиҳатдан тўлақонли спорт формасида бўлмаса-да, жамоанинг қолган вакиллари ушбу кемтикни тўлдиришлари мумкин. Аммо яккахон спорт беллашувида спортчининг руҳий ҳолати ҳал қилувчи роль ўйнайди. Масалан, боксда сиз рақибингиздан руҳан устувор бўлмасангиз ва бу устунликни рақибингизга сингдирмасангиз, кўзлаган мақсадингизга эришолмай қолишингиз мумкин.

Истардимки, нуфузли халқаро мусобақаларда мамлакат спорт делегацияси таркибида индивидуал баҳсга кирадиган спортчиларнинг шахсий мураббийлари ҳам бўлса. Хўш, бу нима учун керак? Сабаби, шахсий мураббий фалон ёшдан бери қўл остида шуғулланаётган шогирдининг юриш-туришидан тортиб, кечинмалари, кайфияти ва руҳий изтиробларигача теран билади ва жанг пайти ушбу ҳолатдан чиқиб кетиш чорасини зудлик билан топа олади. Тўғри, терма жамоа мураббийи ҳам ғалаба учун асдойдил жон куйдиради, умумий кўрсатмалар беради. Бироқ спортчининг хос устози бонг урилганда сочиқ елпиб, ёнингизда туриши – бу, сизга алоҳида далда. Мен келгусида шу масаланинг жорий этилишини истар эдим.
***
Хуллас, ўшанда турли миллатга мансуб томошабинлар матонатли боксчини чин дилдан олқишламоқда. Тақдирлаш маросими бошланди... Мадҳия янгради... Йўқ-йўқ, бу мадҳия эмас эди, бу оҳанг айни дамда Ўзбекистон эди... Ҳаяжондан ловуллаб турган ёноқларни ювган кўз ёш эса Қасамёд эди...

«Мен, оддий аскар Ғоибназаров Фазлиддин Ҳасанбоевич Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман, халқимга, Президентимга содиқ бўлишга тантанали равишда қасамёд қиламан...»
Алибек ОМОНТУРДИЕВ суҳбатлашди.

Манба: xs.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олимпиада чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров Ҳарбий қасамёд қабул қилди (фото+интервью)