17:40 / 17.02.2018
8 351

Мактаб коллеждан афзал...ми?

Мактаб коллеждан афзал...ми?
Ўн бир йилда аттестат ва касб малакаси дипломи

Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган ўзгариш ва янгиликлар ҳақидаги саволларимизга Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Улуғбек ИНОЯТОВ жавоб берди.

— Республикамизда 11 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилиши халқ таълими тизимида ҳам кўп ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Келгуси ўқув йилида бу борадаги ишлар қандай ташкиллаштирилади?

— Хабарингиз бор, Президентимизнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жойларда аҳоли ва таълим муассасалари ходимлари билан ўтказган учрашувлари, билдирган таклифлари натижасида 9-синф битирувчиларига мактабларнинг 10-синфида ёки академик лицей ва коллежларда ўқишни давом эттиришига имкон яратиб берилди. Шундай қилиб, 2017 йилда 9-синфни битирган 467 минг нафар ўқувчининг 65 фоизи, яъни 284 минг нафари ўқишни 10-синфда давом эттирмоқда.

Ота-оналарнинг хоҳиш-истаклари асосида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик умумий мажбурий ўрта таълим жорий этилди. Келгуси йилда битирувчиларнинг 90 фоиздан ортиғи мактабга жалб қилинса, қолган ўқувчилар академик лицейларда таълимни давом эттириши мумкин. Бундан ташқари, айрим фанларни чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослашган мактаблар ҳам ўз фаолиятини давом эттиради.

— Юқори синф ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш масаласи қандай ҳал этилади?

— Ўтган йилнинг сентябрь-октябрь ойларида 7 тилда 18 номдаги 9,5 миллион нусха дарслик чоп этилиб, 10-синфлар дарслик билан тўлиқ таъминланди. Бу йилги 10-синфлар ўқишни 11-синфда давом эттириши учун 12 фандан 20 номдаги дарсликларни яратиш вазифаси турибди. Ҳозирга қадар дарсликларнинг муаллифлар гуруҳи шакллантириб, хомаки нусхалари ишлаб чиқилди. Фақат экспертизадан ўтказиш ишларини якунлаш қолди.

Яқин кунларда бу дарсликларни чоп этиш бўйича нашриётлар билан шартнома тузилади. Янги ўқув йилигача 11-синфларни тўлиқ дарслик билан таъминлаш ишлари ниҳоясига етказилади.

— Ўқитувчиларнинг дарсликдаги камчилик ва хатолар ҳақидаги эътирозларини эшитиб қоламиз. Уларнинг сифатли ва талаб даражасида бўлиши учун қандай чоралар кўрилади?

— Тўғри, дарсликлар бўйича эътироз оз эмас. Битта дарсликни мукаммал қилиб яратиш жуда қийин. Қолаверса, вақт ўтиши билан уни такомиллаштириб бориш талаб этилади. Биринчи навбатда, дарслик тайёрлашда унинг ҳажми, оғирлиги, ҳарфларнинг катта-кичиклиги, боланинг ёшига мослиги, қоғознинг ранги, қалинлиги эътиборга олинади.

Дарсликларда энг кўп учрайдиган нуқсон бу — техник хатолар. Териш вақтида рақамлар, ҳарфларнинг ўзгариб кетишини нусханинг кўплиги боис бирма-бир кўриб чиқиш имкони йўқ. Ўқувчига етиб боргандан кейингина ҳаммаси аён бўлади. Энг муҳими эса, унинг мазмуни. Дарсликлар ҳар тўрт йилда бир марта қайта нашрдан чиқарилади ва аниқланган камчиликлари ҳам бартараф этиб борилади. Яратилаётган янги дарсликларда, албатта, бундай камчиликлар учрамаслигига ­эътибор берилади. Агар ўқитувчи ўзининг асосланган таклифини берса, у албатта, қабул қилинади.

Бугунги кунда 1-синфдан 11-синфгача бўлган дарсликларнинг барчаси яратиб бўлинди. Уларда узвийлик тамойилларига алоҳида эътибор берилган. Муаммони юзага келтираётган яна бир сабаб: битта дарслик фақат бир тилда ёзилади ва бошқа тилларга таржима қилинади. Бундай вақтда таржимон ҳам хатоликларга йўл қўйиши, мумкин.

— Ўқувчилар сонининг ортиши ўқитувчиларга бўлган талабни ҳам оширади. Келгусида тизимдаги педагогларга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланадими?

— Халқ таълими тизимида бугунги кунда 408 мингдан ортиқ педагог фаолият юритади. 2018-2019 ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг 90 фоиздан ортиғи 10-синфга жалб этилиши ва 11-синфнинг жорий этилиши муносабати билан ўқувчилар сони ошиши сабабли, яна 25 минг нафар ўқитувчига эҳтиёж туғилади. Уни қоплаш учун биринчи навбатда ўрта-махсус таълим тизимида ишлаётган, дарс соатлари қисқараётган ўқитувчилар ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларини жалб этиш кўзда тутилган.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб педагоглар учун мақсадли қабуллар ташкиллаштириш давом эттирилади. Қолаверса, республикамиздаги 59 минг нафар ўрта махсус таълимга эга мутахасиссларни босқичма-босқич, махсус сиртқи бўлимларда манзилли тарзда олий маълумотли қилиш ишлари амалга оширилади.

— 10-11-синф ўқувчиларининг касбий таълим олиши кўпчилик ота-онани қизиқтириши табиий. Бугун улар қандай шароит ва йўналишларда касб эгаллаяпти?

— Бугунги кунда 10-синф ўқувчилари республика бўйича 470 та мактаб ва 1018 та касб-ҳунар коллежларида ташкил қилинган Ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларида 50 дан ортиқ касбни ўрганмоқда. 11-синфдан бунга қўшимча тарзда Тадбиркорлик асослари фани ҳам ўқитилади. Ўқув-ишлаб чиқариш дарслари ҳафтада бир марта олти соат давомида ўтилади. Келгусида касблар рўйхати ҳудудларнинг шарт-шароити, ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан, қолаверса, мутасаддилар ва иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда шакллантирилади.

— Таълим сифатини янада оширишда ўқитувчиларнинг тажриба ва малакаси жуда муҳим. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўқитувчилар малакасини ошириш мақсадида республикамизнинг барча туманларида тўртта фан йўналишларида маҳорат, яъни таянч мактаблари ташкил этилган. Ўқитувчилар ўз йўналишида ҳафтада бир марта, тўрт соатдан малакасини ошириш имконига эга. Уларга олий таълим тизимидаги ва халқ таълими ходимлари малакасини ошириш йўналишида фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар дарс беради. Шунингдек, маҳоратли ва давлат мукофоти совриндорлари бўлган мактаб ўқитувчилари билан тажриба ва маҳорат алмашиши мумкин.

— Ўқув ишлаб чиқариш хоналарини жиҳозлаш ва хомашё билан таъминлаш ўқувчиларнинг ўз касбини мукаммал эгаллашига хизмат қилади. Бу масала ҳам режага киритилганми?


— 10-11-синф ўқувчиларига касб ўргатиш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича мактабларда ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг 489 та синфлари 20 миллиард сўм маблағ ҳисобига 18 йўналишдаги зарур жиҳозлар билан таъминланади. Ёшларнинг мукаммал таълим олишда хомашё билан таъминлаш масаласи ҳам ­эътиборимиз марказида турибди. 10-11 синфга қамраб олинадиган бир миллиондан ортиқ ўқувчи ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши учун режали ишлар амалга оширилмоқда.

— Ўқувчиларнинг ёши улғайиб, сони кўпайиб бориши билан уларнинг ахлоқи, тарбияси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурати туғилади. Бу масала бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган?

— Умумтаълим мактабларида Ёшлар иттифоқининг етакчиларини тайинлаш ва улар фаолиятини самарали йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Улар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга эришиш имкони мавжуд. Қолаверса, мактаблардаги кутубхоналар захирасини янада бойитиш, кўпроқ бадиий асарлар билан таъминлашга киришилди. Шу кунга қадар республикамиздаги мактаблар 56 номдаги 2 миллиондан ортиқ нусхада бадиий адабиётлар билан таъминланди. Шунингдек, спорт ва фан тўгараклари фаолияти янада кенгайтирилади.

— Мактабнинг ўқувчиларни касбга тайёрлаш ва вақтидан унумли фойдаланишда касб-ҳунар коллежларидан қандай фарқли жиҳатлари бор?

— Ўқувчи касбнинг мураккаблигига қараб, тезроқ ўзлаштириб олиш имкони бўлган соҳаларни, масалан, тикувчиликни бир йилда ўрганиши мумкин. Иккинчи йили эса моделлаштириш ва дизайнерлик бўйича ўқишни давом эттириш ёки яна бошқа касбни ўзлаштириш имконига эга. Мураккаб соҳаларни эса икки йил давомида батафсил ўрганиши мумкин. Битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат билан бирга, касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади. Дипломда уларнинг касбий фаолияти белгилаб қўйилади.

— 10-11-синфда таълимнинг мактабда давом эттирилиши ўз-ўзидан ўқувчиларнинг кийиниш маданияти борасида ҳам турли саволларни юзага келтиради. Ягона мактаб формасини жорий қилиш борасида якуний қарор қачон қабул қилинади?


— Мактаб формаларини жорий этиш бўйича танлов эълон қилинган эди. Бошланғич, ўрта ва юқори синф ўқувчилари учун 30 турдан ортиқ форма таклиф этилди. Ҳозирда ҳар бир ёшга тўрттадан форма ажратиб олиниб, Сирдарё вилояти Сардоба тумани 4-мактаб ўқувчиларида учта ёш тоифасидаги 4 хил кўринишдаги форма тажрибадан ўтказилмоқда. Тошкент шаҳрида бу жараён 91-мактабда йўлга қўйилган.

Формалар ўқувчиларга бепул берилди. Уларнинг ювилиши, чидамлилиги синовдан ўтмоқда. Ота-оналар ҳафтада бир марта махсус дафтарга ўз мулоҳазаларини билдириб, фикрини ёзиб кетмоқда. Ўқув йили тугагандан кейин тажриба синовидан ўтган форма кенг жамоатчиликка тақдим этилади.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
ёзиб олди.

Манба: od-press.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мактаб коллеждан афзал...ми?