15:20 / 13.03.2018
4 970

«Ўзбекона конспект» ёхуд ўзбек талабаларининг ҳавога совурилган (совурилаётган) умри ҳақида

«Ўзбекона конспект» ёхуд ўзбек талабаларининг ҳавога совурилган (совурилаётган) умри ҳақида
Мақтаниш эмас, саноқли «4» баҳоларимни ҳисобга олмаса ҳар доим «5»га ўқиганман. Шундан келиб чиқиб, назарий жиҳатдан Жаҳон тиллари университетини «қизил диплом»га тугатган пайтимда мен француз тилини камида французлардай билишим керак эди. Лекин Франциянинг Сиёсий фанлар институтига ўқишга кириб, таҳсил учун у ерга боргачгина ўзимнинг асл даражамни англаб етганман...

Франциянинг олий таълим муассасалари орасида Сиёсий фанлар институти алоҳида ўрин тутади. «Бойлар»ни, «буржуйлар»ни ва «амалдорлар»ни ёқтирмайдиган айрим французлар бу институтни «фақат элита учун кадрлар тайёрловчи» институт деб камситишади, аммо мен ишонч билан айтишим мумкинки, бу институт сифат ва савия жиҳатидан нафақат Франциядаги, балки дунёдаги кўплаб олий таълим муассасаларига ўрнак бўла олади.

У ерда мен иккита «қоида»нинг гувоҳи бўлдим: 1. Сен чет элликмисан ёки французмисан, бунинг аҳамияти йўқ. Ҳужжат топшириб, ўқишга кирдингми, энди ўқийсан. Масалан, тилни яхши билмаслигинг сенинг шахсий муаммонг. 2. Сен билимлимисан ёки билимсизмисан, бунинг аҳамияти йўқ. Ўқишни эплайман деб ишонтириб кирдингми, энди ўқийсан. Масалан, ўтилаётган фанларни олдин ўтмаганлигинг сенинг муаммонг. Ўқий олмасанг, хайр!..

Ўзбекистонда университетда ўқиган пайтларимизда мен битта нарсани, яъни конспектни ёмон кўрар эдим. Чунки биз (талабалар) биринчи курсдан тўртинчи курсгача (баъзан магистратурада ҳам) биринчи парадан охирги парагача деярли ҳар доим конспект ёзишга мажбур эдик. Конспект ёзмаган талаба дарсга қўйилмаслиги ёки унга «НБ» («не был» — дарсда қатнашмаган) қўйилиши мумкин эди. Конспект дафтари семестр охирида, «сессия» пайтида сўралиши ва конспект ёзилмаган бўлса, талабалар ёмон баҳо олишлари мумкин эди.

Ўзи конспект нима? «Конспект» сўзи аслида бирон мавзунинг қисқача мазмуни, баёни деган маънони билдиради. Шундан келиб чиқиб, конспект ёзиш ёмон эмас, аксинча, ижобий амалдай туюлади.

Аммо конспектнинг ўзбекча варианти мавзунинг қисқача мазмуни ёки баёнини эмас, балки дарснинг бошидан охиригача домла китобдан ўқиб диктант қилиб ёздирадиган ва талабалар ёзиб олишлари мажбурий бўлган матнни билдиради. Конспект ёзиб келиш (китобдан кўчириб келиш) уйга ҳам вазифа қилиб бериб юборилиши мумкин. Яъни карикатура қилиб айтиладиган бўлса, ўзбек талабалари билим олишнинг ўрнига биринчи курсдан охирги курсгача таҳсилни 5-синф ўқувчисига ўхшаб диктант ёзиб ўтказадилар. Энг ёмони у «диктантлар» ёзиладими ёки ёзилмайдими, ўқиладими ёки ўқилмайдими, асосийси, доим мажбурийдир. Шу тарзда домлалар (барчаси эмас) ортиқча меҳнат қилмасдан ойлигини олаверади, талабаларнинг умри эса диктант ёзиш билан ўтиб кетаверади.

Шунинг учун мен «ўзбекча конспект»нинг ғоясига ҳар доим қатъиян қарши бўлиб келганман. Дарсларда домлаларимизга «Конспект ёзмайман, лекин истаган пайтингизда савол берсангиз мавзуни гапириб бераман» деб шарт қўяр эдим. Айрим домлаларимиз менинг «ноҳақлигим»ни исботлаш учун роса уринган пайтлари ҳам бўлган. Худога шукурки, уларнинг ҳеч бирига мени «мот» қилиш насиб этмаган...

Париж Сиёсий фанлар институтида ўқий бошлагач, ўзимни ўзга дунёга тушиб қолгандай ҳис қилганман. У ердаги ҳеч нарсани билмайман ва тушунмайман. Дарсларимиз икки хил бўларди: катта залда умумий ўтиладиган (биздаги «лекция») ва синфларда алоҳида ўтиладиган дарслар. Синфларда ўтиладиган дарсларда домлаларимиз фақат биринчи дарсдагина дарс ўтишган. Ўша дарсда улар бизга бир семестрга оид мавзуларни бўлиб бериб, қўлимизга икки варақ адабиётлар рўйхатини тутқазишган-да, «кейинги дарсдан бошлаб энди сизлар гапирасизлар» деган. Мен уларни ҳазиллашаяпти деб ўйласам, рост айтишган экан. Шу билан семестрнинг охиригача биз адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиб, интернетдан ва бошқа жойлардан маълумотлар топиб, ҳар бир дарсга тайёрланиб келар эдик ва мавзуни навбатма-навбат ўзимиз гапиришимиз керак бўлар эди. Домлаларимиз эса фақат бизни эшитар ва баҳолаб борар эди холос. Ўшанда, меҳнат қилиб ўқийдиган ўқишдан чарчаган пайтларимда менга «диктант ёзиб ўқийдиган» ўқишнинг қадри билиниб кетар эди.

Катта залдаги умумий дарсларда эса домла олдидаги микрофонга тўхтамасдан гапириб кетаверарди, биз ҳоҳласак ўзимизга «конспект ёзиб олишимиз» (ёки ёзиб олмаслигимиз) мумкин эди. Мана бундай конспект ёзишни конспект ёзиш деса бўларди. Домла диктант қилиб ҳам ёздирмасди, такрорламасди ҳам, сессиянинг охирида «Конспект дафтаринг қани?» ҳам демасди. Конспект талабанинг шахсий муаммоси эди. Ёза олсанг ўзингга фойда, ёза олмасанг мавзуни қаердан топсанг топиб ўрганаверасан.

Биз, шахсан мен адабиётлар рўйхати билан мустақил ёки гуруҳда ишлашга ва домла гапириб кетаверадиган дарсда конспект олишга ўрганмаган эдим. Буни менга бакалавриатда ҳам, магистратурада ҳам ўргатган эмаслар. Бизга фақат «диктант» ёздиришган. Бир семестр давомида бошини китобдан кўтармай диктант ёздирган домлаларимиз ҳам бўлган. Шу боис Париждаги ўқишимнинг илк семестрлари жуда қийин кечган. Мен ўзимизда, Ўзбекистонда ҳам дарслар хўжакўрсинга, «диктант ёздириш» шаклида эмас, балки талабаларни билим олишга чорлайдиган ва янгилик излашга, яратишга интиладиган шаклларда ўтилишини орзу қиламан...

Ўзбекистон таълим тизимидаги талабаларни саводсиз қилиб, уларнинг умрини кўкка совурадиган иккита иллатнинг биринчиси «кўчирмачилик» бўлса, иккинчиси «ўзбекча конспект»дир. Агар келажакда талабаларимиз 4 ёки 6 йил ўқиб, охирида фақат диктант ёзишни ўрганиб (ўшанда ҳам ўрганса) битирадиган мутахассислар бўлишларини хоҳламасак, бир кун келиб биз албатта «ўзбекча конспект» иллатидан воз кечишимиз ва унинг ўрнига дарсларимизда самаралироқ методларни қўллашимиз керак бўлади.
Дониёр Рўзметов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ўзбекона конспект» ёхуд ўзбек талабаларининг ҳавога совурилган (совурилаётган) умри ҳақида