18:27 / 21.06.2018
4 427

Рўмол жамиятни иккига бўладиган муаммоми?

Рўмол жамиятни иккига бўладиган муаммоми?
Рўмол кимнингдир шунчаки инжиқлиги эмас, балки жамият ичидаги катта бир тоифа фуқароларнинг эътиқоди тақозосидир. Эътиқод эса юзаки бир нарса эмас, балки чуқур, шахсиятнинг маънавий дунёсини белгиловчи жиҳатдир. Шу боис ҳар бир кишининг эътиқоди, у хоҳ даҳрий, хоҳ мусулмон бўлсин, ҳисобга олинмоғи лозим.

Шу билан бирга рўмол ҳеч бир бошқа тоифанинг эътиқоди ёки эркига ёхуд маънавиятига зарар етказадиган нарса эмаски, кимдир унга мантиққа тўғри келадиган эътирозини билдирса. Йўқ! Бундай эътирознинг ўзи йўқ.

Жамият ичида ўзаро тотувликни, бирдамликни ва бундан келиб чиқадиган нарса – доимий ривожланишни таъминлаш учун бир-биримизни тушунишни бошламоғимиз – долзарб масала. Жамият фақат битта тушунчадаги, битта дунёқарашдаги одамлардан ташкил топмайди. Ислом дини эса шу юрт одамлари дунёқарашини минг йилдан буён шакллантириб келган таълимотдир. Унинг талабларига риоя этишни истаган фуқаролар жамиятнинг улкан қисмини ташкил этади ва бу тоифанинг риоясини қилмаслик жамиятнинг бирлашувига – том маънодаги жамиятга айланишига йўл бермайди, ички зиддиятни сурункали тус олган дардга айлантиради. Бу эса жамиятнинг ривожига хизмат қилмайдиган, бунинг аксига хизмат қиладиган омилдир.

Стереотиплар

Стереотиплар – бирор нарса ҳақида ҳосил бўлган барқарор, содда (жўн), онгсиз равишда қабул қилиниш даражасига етиб қолган тасаввурлардир. Ҳар бир ривождан тўхтаб қолган, турғунликка юз тутган жамият стереотиплар қуршовида қолади. Стереотипларнинг ёмон тарафи ҳам шунда – уларда онгсизлик элементи борлигида – маълум бир нарса норма сифатида қабул қилинади, аммо нега у қабул қилингани англанмайди. Шу билан бирга бу – маъноси англанмаган нарса – қатъий норма тусини олади ва бошқача шаклларни тасаввурдан қувиб чиқаради.

Стереотипларга тобе бўлган жамият ўзгача шаклларга дуч келганда сесканади – янги шаклни ўзининг тор диапазонига сиғдиролмайди – дунёси бузилиб кетаётгандек бўлади. Айнан шу лаҳзада унга ёрдам қилиш – дунёси ёлғон стереотиплардан иборат эканлигини тушунтириш керак бўлади.

Тушунтириш

Сифатли тушунтириш – стереотипларнинг кушандаси. Мантиққа суянмаганлиги боис стереотипларни мантиқий тушунтиришлар билан муолажа қилиш лозим бўлади. Битта стереотипни енгишни эса ҳозир битта довондан ўтишга тенглаштириш ўринлидир – бу шунчалик муҳим. Мантиқсизлик билан курашишни эса бемалол миллий ғоя мақомига кўтарса бўлади. Зеро, барча муаммоларимизнинг замирида айнан мантиқсизлик ётибди.

Бу ўринда зиёлиларнинг ўрни беқиёс – айнан зиёлилар мантиқсизликларга қарши курашга отланиши, хусусан, битта жамият ичида турфа шакллар (формалар), ахлоқ-одаб асосларига зид бўлмаса, бемалол ёнма-ён мавжуд бўлиши мумкинлигини оммага англатиш усуллари устида бош қотирмоғи лозим.
Муҳаммад Шакур

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рўмол жамиятни иккига бўладиган муаммоми?