17:07 / 24.04.2019
3 770

Абдулла Арипов Георгий тасмасини танқид қилди

Абдулла Арипов Георгий тасмасини танқид қилди
Бугун, 24 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов селектор йиғилиши вақтида Хотира ва қадрлаш кунини муносиб кутиб олиш масаласига тўхталди.
Kun.uz нашри маълумот беришича, бош вазир йиғилиш давомида Георгий тасмаси ҳақида кескин танқидий фикрлар билдирган.

У Facebook ижтимоий тармоғида Ўзбекистон байроғи акс этган челленж уюштириш, унга таниқли эстрада хонандалари, спортчилар, сўз усталари ва зиёлиларни жалб этиш, умуман ташвиқот воситаларидан тўла фойдаланиш топшириғини берган.

Бош вазир топшириғига кўра миллий байроқ акс этган 100 минг нусхадан зиёд лента тарқатилади.
«Бу тадбир расмий тадбир эмас, меҳр билан, виждонан халқни бирлаштирадиган акция бўлиши керак», – деган Абдулла Арипов.

Қайд этиш керакки, 9 май яқинлашгани сайин Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари иккига бўлинади: Георгий лентасини ёқловчилар ва уларга қаршилар.

Айримлар 9 майни эслаш мақсадида кўкракларига қора ва сариқ рангдаги тасмаларни тақиб юришади, автомобилларига шундай тасмаларни илиб қўйишади.

Қайд этиш керакки, Георгий лентаси 1939-1941 йилларда фашизмга қарши уруш билан боғлиқ эмас. Тарихдан маълум, Россия императори Екатерина II (1762-1796) ўз қўшинлари олиб борган босқинчилик жангларидаги қирғин-баротда қаҳрамонлик, шафқатсизлик намуналарини кўрсатган рус армияси зобитларини мукофотлаш мақсадида 1769 йили муқаддас Георгий орденини таъсис этган. Шундан бошлаб уч қора ва икки сариқ рангдаги йўл чизиқлари бўлган тасма «Георгиевская лента» номи билан юритила бошланади.

Тасмадаги қора ранг Россияда императорлик ва давлат рамзи бўлган икки бошли қора бургутни англатса, сариқ ранг рус давлати герби рамзидир. Тасманинг учта қора ранги – қийноқда жон бериш рамзини, икки сариқ ранг эса ҳаётнинг қайтиши, тирилиш маъносини билдиради. Ундаги сариқ, қизғиш – уруш, олов ранги бўлса, қора ранг урушнинг доимий ҳамроҳи бўлмиш бурқсиб турган тутун рангидир. 1787 йили Суворов қўмондонлигидаги рус ҳарбий флоти Туркия аскарлари устидан ғалаба қозонганида жангчиларга биринчи бор Георгий лентаси медали билан топширилган.

Шундай экан, бундай ленталар Иккинчи Жаҳон урушига ва айниқса, ўзбек урф-одатларига, миллий анъаналарга алоқадор эмас.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси пойтахтда «Ўлмас полк» акцияси ўтказилиши ҳақидаги хабарларни рад этганди.

«Юртимизда 9 май куни нишонланадиган Хотира ва қадрлаш куни расмий байрам ҳисобланиб, бу кунда ҳам ИИББнинг шахсий таркиби шаҳар бўйлаб хизмат олиб боради. Шу билан бир қаторда, хотира комплексларида гулчамбарлар қўйиш маросимлари ўтказилади.

Бугунги кунда ИИББ матбуот-хизмати ҳокимиятнинг Тошкент шаҳрида «Ўлмас полк» акцияси ўтказилиши тўғрисидаги рухсати ҳақида маълумотга эга эмас», дейилади хабарда.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳам йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини бузиш ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«Агарда ҳаракат ташкилотчиси айнан шу каби ҳаракатлар учун илгари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унда ушбу шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Бунда максимал жиноий жазо сифатида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Бундан ташқари, рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар қатнашчиларига бинолар ёки бошқа мулк (алоқа воситалари, кўпайтирадиган ва бошқа хил техник ускуналар, транспорт)ни бериш ёки шундай тадбирларни ўтказиш учун бошқа шароитларни яратиш фуқароларга 20 млн 273 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 30 млн 409 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлиши мумкин», дейилади хабарда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абдулла Арипов Георгий тасмасини танқид қилди