date
views 4 380

“Мени кечир, она тилим, мени кечир...”

“Мени кечир, она тилим, мени кечир...”
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, таниқли генетик олим, Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзоси, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг рус тилига давлат тили мақоми берилишини сўраб мактуб ёзган “зиёли”ларга билдирган оташин муносабатини ўқиб, ниҳоятда таъсирландик. Айниқса, “зиёли“ сўзининг қўштирноққа олинганлиги айни муддао бўлибди. Қўштирноқ ўзбекнинг забардаст шоирларидан бири, раҳматли Аъзам Ўктамнинг “Ташхис“ шеъридаги мазкур мисраларни бизнинг ёдимизга солди:

Рост кўринди оздек – қўшиб гапирди, ёзди.
Кўпиртирди: Зиёли “Зиёнли”га айланди.

Академик олимимиз тўғри таъкидлаганларидек, бир гуруҳ “зиёли“ларнинг бу хати ўзбек халқининг тарихи, бугуни ва келажагига зиён етказишдан бошқа нарса эмас. Бу хатга бошқача ташхис қўйиб ҳам бўлмайди. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг сатрини ҳам бежиз келтирмадик. Биз ҳали ўтган ХХ асрда тилимиз олдида қилган гуноҳларимизни ювганимиз йўқ. Она сутидек азиз ва муқаддас, мўътабар она тилимиз бизнинг гуноҳларимизни ҳали кечиргани йўқ. Кечирмайди ҳам. Гуноҳ устига яна гуноҳ қилиш шартми?!

Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 3 августда ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувда: “Бугун одамларимизнинг қонини тозалаш керак, бу маънавий тозариш жараёнида адабиётнинг ўрни беқиёс. . Адабиётга, китобхонликка катта эътибор қаратаётганимиз ҳам шундан“, дея алоҳида таъкидлаган эдилар. Академик И. Абдураҳмонов она тилимизга муносабатда бизнинг генларимиз, яъни қонимиз муҳим аҳамият касб этишини илмий жиҳатдан исботлаб бердилар. Таниқли генетик олимнинг “ генларни “ўқиш” жараёнида фан тилида мутация дейиладиган ҳодисага асосланиб генетик тарихга бир назар солса бўлади.

Соддароқ қилиб айтсам,одамзод пайдо бўлибдики, генларни аждодлардан авлодларга берилишида муҳрланган ўзгаришларни кўра оласиз. Бу эса Ўзбекистон халқларининг генетик тарихи ўртача эллик минг йилдан зиёд эканини кўрсатиб турибди. Демак, биз Европа халқларидан 16 минг йил қадимийроқмиз” деган фикрлари бизнинг мудроқ шууримизни уйғотиши, фарзандларимиз қалбидаги она юрт ва она тил билан фахрланиш туйғуларини янада юксалтириши шарт! Бу илмий хулосалар хорижда, халқаро журналларда чоп қилинган, хорижлик олимлар томонидан эътироф этилган! Ёки Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов умрининг охирги йилларида она тилимизнинг буюк жонкуяри сифатида майдонга чиқдилар. Ҳа, айнан “майдонга“ чиқдилар.

Она тилимизни ҳимоя қилишимиз учун ҳали яна кўп марталар майдонга чиқишимиз зарур эканлигини халқнинг илдизига болта уришдан чўчимайдиган, халққа зиё тарқатишнинг ўрнига унга зиён етказаётган бир гуруҳ “зиёли“ларнинг хати ҳам кўрсатиб турибди. Муҳтарам Президентимиз, “одамларимизнинг қонини тозалашимиз керак, бу маънавий тозариш жараёнида адабиётнинг ўрни беқиёс“, деган бўлсалар, Озод домла ўтган аср 90 - йилларида “Адабиёт тилдан бошланади“ сарлавҳали мақола ёзган эдилар. Тилимизни яна қарғаларга чўқитиб қўядиган бўлсак,одамларимизнинг қони қачон тозаланади? Ўсиб келаётган ёш авлоднинг, халқимизнинг , мўътабар адабиётимизнинг келажаги нима бўлади?

Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли жамоат арбоби Озод Шарафиддиновни кўпчилик адабиётшунос, чўлпоншунос олим ва таржимон сифатида яхши билади. Ҳаётининг сўнгги йилларида Устоз асосан бадиий публицистика билан шуғулландилар ва адабиётимиз, маънавиятимиз хазинасига бебаҳо бойлик бўлиб қўшилган гўзал эсселар ва мақолалар ёздилар. Олимнинг “Навоий сабоқлари“,“Она тилим - ифтихорим, инжа ганжинам“, “Тилда ҳикмат кўп“, “Тил илмининг дарғаси“, “Отажон Ҳошимов шахсияти. Тақдири. Ижоди“, “Фан гўзаллик ҳисси билан тирик” каби эссе ва мақолаларида миллий тил, тил таълими, тил тараққиёти ва софлиги сингари энг етакчи муаммолар дадиллик билан кўтарилган.

“Ўзбек тили нафақат қадимий тил, у ғоятда нафосатга бой тил, у ҳар қандай маънони энг нозик, энг инжу қатламларигача ифодалаб бера оладиган, ўзининг гўзаллиги билан одамга завқ - шавқ улаша оладиган, баҳри дилини очиб, гўзаллик туйғусини қондира оладиган тил“,деб ёзадилар Озод домла. Яна бир ўринда Устоз: “Афсуски, йиллар ўтган сайин, ҳатто ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганидан кейин ҳам зиёлиларимиз ўртасида ўзбек тилини биладиганлари, она тилида фикрини ифодалаб беришга қурби етадиганлар борган сари камайиб кетяпти.

Телевидениени кўриб ўтириб, турли -туман шифокорлар, олимлар, давлат арбоблари, муҳандислар, молиячилар, солиқ идорасининг ходимлари ва ҳоказо ҳоказоларгина эмас, ҳатто сухандонлар, муҳаррирлар ва бошқаларнинг ҳам пойинтар - сойинтар жумлаларини эшитиб, эга-кесимини мувофиқлаштира олмаётганига, жумланинг боши билан охирини қовуштира олмаётганига гувоҳ бўлиб сочинг тикка бўлиб кетади. Буларнинг бари эл-у юртнинг кўз ўнгида она тилимизни таҳқирлашдан ўзга нарса эмас-ку!Тилни менсимаслик, миллатни менсимаслик, ватанни менсимасликни кўрсатадиган ўта нохуш бир ҳолдир“.

Рус тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб хат ёзган “зиёли“ларнинг ҳаммаси Ўзбекистон аталмиш муқаддас Ватанда туғилиб ўсган,Ватанимизнинг энг юксак мукофотлари билан тақдирланган бўлсалар-да,уларнинг кўпчилигининг Устоз айтганларидек “она тилида фикрини ифодалаб беришга қурби етмайди“. Улар бизнинг тилимизни менсимаганлари учун ҳам ўзга тил учун давлат мақоми берилишини сўрашяпти. Тилимизни менсимаслик орқали улар ўзларининг миллат ва Ватанга муносабатларини ҳам очиқ билдиришди. Ўзимизнинг дунёдаги энг бағрикенг, меҳмондўст халқ эканлигимиз билан фахрланамиз.

Лекин, хокисорлик ҳам шунчалик бўладими, ўз фарзандлари ўз она тилини билмаса, билмагани ҳам майли, ўзга бир тилга давлат тили мақомини беришни талаб қилса, бу бедодликка қандай чидаш мумкин? Биз ҳар қандай хорижий тилларни ўрганиш тарафдоримиз. Кўп тил билиш дунёнинг барча дарвозаларини очади, халқларни бир бири билан яқинлаштиради, дўстлаштиради. Фақат хорижий тилни ўрганиш ўз она тилини билмаслик, уни унутиш эвазига бўлмаслиги керак. Ахир, ҳамма нарсанинг жавоби борку! Биз кўнгли очиқ, қўли очиқ, ўзимиз пойгакда ўтириб, меҳмонни тўрга ўтказадиган, фарзандларимизни “отам, онам” деб алқайдиган халқмиз. Бошқа халқларда кам учрайдиган бу азиз миллий қадриятларимиз билан фахрланамиз. Бизнинг меҳрибон онамиздек, табаррук она еримиздек азиз она тилимизни камситишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

“Ўзини ўзбек зиёлиси деб ҳисоблаган ҳар бир инсон фақат тил байрамларида эмас, доимий равишда она тилимиз байроғимиздек юксак ва покиза бўлиши тўғрисида қайғурмоғи ҳам фарз, ҳам қарздир”, деб ёзадилар Озод домла. Устознинг она тилимиз ҳақида қайғуриб, жисми жонлари оғриб ёзган мақолаларини ўқиб, хаёлимизга бир фикр келганди. Бизнинг назаримизда она Ватан, она тили ва бизнинг киндик қонимиз томган тупроқ муштарак тушунчалардир. Айниқса, ёшимиз улғайиб, тупроққа яқинлашганимиз сари биз тилимизнинг қадрини, унинг ниҳоятда муқаддаслигини англаб борсак керак. Шундай улуғ қадрни англамаганларга, билмаганларга , ёки била туриб ўзини билмасликка солаётганларга шоир айтганидек бизнинг “раҳмимиз келади”. Уларга Яратганнинг ҳам раҳми келсин!

“Халқимизнинг тарихи қадим–қадимларга тақалар экан, ўзбек тилига ҳам қадимий тил намунаси сифатида қарашимиз, уни асраб – авайлашимиз лозим. Бутун цивилизациядаги генлар тўплами бизда мужассам бўлган,тилимизнинг нақадар бойлигини , унда биз ўзимиз тушунмаган қирралар ҳануз борлигини инкор қилиб бўлмайди. Ўзбек тилини ўрганишдан инсонларда ғурур пайдо қилишимиз зарур”, дейди “Газета.uz” да босилган мақоласида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, академик И. Абдураҳмонов.

Тилимиз – бизнинг ўтмишимиз, бугунимиз, келажагимиз ва ўзлигимиздир. Улуғ аждодларимиз томирларига боғлаб турган ришталаримиз, юрагимизда уриб турган қонимиз, жонимиздир бизнинг она тилимиз!Юраксиз, қонсиз, жонсиз яшаш мумкинми? Ўз она тилини билмасликдан уялмаслик, яна бунинг устига бир хатони икки хатога айлантириб, ўзга тилга давлат тили мақомини беришни сўраш тузлуққа . . . эмасми?! Ахир Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1 боб 4 – моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб белгилаб қўйилганку!

Ҳар қандай миллий ифтихор, миллий ғурур она Ватанни ва она тилини севишдан бошланади. ”Она тилимизнинг камолоти йўлидаги саъй –ҳаракатимизни кучайтириш кераклиги яққол сезилиб турибди. Тилимиз ҳамон парваришга ва ҳимояга муҳтож” деб ёзган эдилар Озод домла. Ўзга тилга давлат тили мақоми берилишини сўраб ёзилган хат бизни огоҳликка даъват этиши шарт. Она тилимизни ҳимоя қилиш биз учун энг муқаддас бурч, буюк аждодларимиздан қолган мерос, қарз эканлигини унутмайлик!

Раъно Сайфуллаева, филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори
Ҳулкар Ҳамроева, филология фанлари номзоди.

Манба: Xs.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Мени кечир, она тилим, мени кечир...”