Нега нолиб яшайсан?..

  • 20 июль 2019, 13:09
  • 1 433
  • Жамият
  • Нега нолиб яшайсан?..
    Яқинда телевидение орқали кўрсатилаётган бир вилоятнинг сайёр қабулида мурожаатларнинг ичидаги ажабтовури диққатимни тортди. Тўрт нафар фарзанди бор аёл бир пайтлар оналикдан маҳрум қилинган экан.

    Болалари меҳрибонлик уйида катта бўлган. Эндиликда она фарзандларининг ҳар бири уй-жой билан таъминланиши масаласида ариза билан масъул раҳбарларга мурожаат қилган. Ношукрликни қарангки, фарзандлар орасида берилган уйдан норозиси ҳам бор экан ҳатто. Бу мурожаат ҳам ижобий ечимини топган. Чунки меҳрибонлик уйида вояга етган ҳар бир боланинг келажаги давлатимиз назоратида.

    Аммо мени бошқа савол қийнади. Бир пайтлар оналикдан маҳрум қилинган (қилмишлари оғирдирки маҳрум қилинган), фарзандларининг тарбияси билан шуғулланмаган она, уларнинг келажагига бефарқ бўлган аёл қайси юз билан «фарзандларимнинг ҳар бири алоҳида уйда яшашга ҳақли» деган эътирозни билдириши мумкин. Бунга қонунан ҳаққи бордир, аммо инсонийлик томондан маънавий ҳаққи борми?
    ***
    Бундан анча олдин таҳририятимизга бир аёл кўзида ёш билан кириб келди. Яқинда уйлантирмоқчи бўлган ўғли машинада бехосдан йўлга чиқиб қолган беш ёшли қизчани уриб кетибди. Онанинг айтишича, ўғли қизчанинг бутун маъракаларини ўтказиб берибди. Аммо, шунга қарамай, қизчанинг онаси даъво аризасини қайтариб олмоқчи эмас экан. Ахир, норасида фарзандидан ажраш она учун осонми?! Ҳали уйланмаган йигитнинг қамалиб кетишини ўйласангиз, унга ҳам раҳмингиз келади. Аммо ҳар бир киши қилган хатоси учун қонун олдида жавобгар.

    Йигитнинг ёш умри қамоқда ўтмаслиги учун жабрдийда она даъвосидан кечса, жазо енгилроқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо... йигит шаҳардан ҳовлили уй олиб берса, жабрланувчи даъвосидан кечмоқчи. Буни эшитган ҳар қандай одамнинг танига титроқ югуриши табиий. Гулдай фарзанди қора ер қаърида ётсаю она шу кулфат орқасидан уй-жойга эга бўлиш ҳақида ўйласа. Хўп, йигит қамалиб кетмаслиги учун уй олиб ҳам берди, дейлик, аммо онаизор бу ҳовлида қандай яшайди?

    Қанчалар андишасизлик...
    ***
    Бундан икки йиллар олдин... 9 май арафаси эди. Маҳалламиз бошида ордену медаллар таққан отахон асога суянганча кетаётган экан. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган бу нуроний отахон мен учун ҳақиқий топилма эди. Бекатгача гаплашиб кетдим, аммо... менга исмини айтишни истамади.

    – Отахон газетга ёзаман, сиздек ёши улуғ, қолаверса, уруш қатнашчисини қанча ёзсак кам, дедим.

    Қулоғи оғирроқ отахон бошини сарак-сарак қилди, кейин менга оҳиста, секин овозда:
    – Қизим, ҳар йили 9 май арафасида тадбирларда қатнашаман, суратга олишади, гапиртиришади, – деди.
    – Мен бошқа газетада ишлайман, сиз ҳақингизда жуда билгим келяпти, – дедим мен ҳам қайсарлик билан.
    – Қизим, айтдим-ку, – деди отахон ўта вазминлик билан. – Мен ҳақимда байрамда ҳар йили ёзишади, қайта-қайта ёзишларини хоҳламайман, уят бўлади.

    Хуллас, отахон исмини айтмаган бўлса-да, суҳбатлашишга муяссар бўлдим.

    – Пенсиям бир миллиондан ошади, ҳар ой медалларимга пул қўшиб беришади, шифохонага, сиҳатгоҳга ордер беришади, Худога шукр. Ҳатто бир йили «машина берамиз, ариза ёзинг» дейишди. Мен рад қилдим. Шунча эътибору ҳурматдан кейин машина ҳам сўрасам, уят бўлар. Болаларим ҳам «дада, машинага ариза ёзинг» дейишади. Аммо мен уларга «машина керак бўлса меҳнат қилиб олинглар», дейман.

    Мен отахонни бекатгача кузатиб қўйдим, автобусга чиқиб кетди.

    Отахонни тушда кўргандай бўлдим. Ахир, қайси замонда яшаяпмиз? Ётиб қолгунча отиб қол, қабилида қаердан текин ўлжа келаркан, дея таниш-билишчилик қилаётган замондами ёки текин машинадан воз кечаётган олижаноб одамлар орасидами? Ҳали битта ишни қойиллатмай ёки ўртамиёна китобларини чоп эттириб, мен уй олишим керак, дала ҳовли олишим керак, танловда ғолиб бўлишим керак, мен ҳақимда мақола ёзинг, дея ўзини ҳар томонга уриб аюҳаннос солаётган баъзи одамларни, ҳатто ёшларни ўйлаб кетдим. Уларнинг олдида бу отахон қанчалар олижаноб-а?!

    Ишхонага келдим. Юмуш билан йўлакка чиқсам озғингина, камсуқумгина бир киши раҳбаримизни сўраб келибди. Мен уни ўтиришга таклиф қилдим.

    «...Олдингизда тўлаб бўлмас қарздормиз. Сизнинг ишончингиз ва маънавий кучингиз доимо ватанпарварлик, юксак ахлоқ ва бурчга садоқатнинг мезони бўлиб қолади. Олдингизда чуқур таъзимдамиз, мустаҳкам саломатлик ва энг эзгу ниятларни тилаймиз...» Бу Россия Федерацияси Президенти В.Путиннинг Ўзбекистон ва собиқ Совет иттифоқи халқ артисти, ўзбек цирк санъатининг юлдузли сулоласи вакилларидан бири Ҳаким Зариповнинг номига табрикномадан бир парча.

    Дунёга машҳур бўлган чавандоз (95 ёшда бўлишига қарамай ҳозир ҳам шогирдларга сабоқ беради), ўз ишининг асл фидойиси, бир неча китоблар ва филмлар қаҳрамони бўлган афсонавий инсон (яқинда «Афсонавий инсон» ҳужжатли фильми олинди) цирк меҳмонхонасининг кичик хоначасида узоқ йиллардан бери истиқомат қиларкан. Ушбу хона унинг ўз уйи деворлари ўрнини босганини тушуниш қийин. Бу ҳолатнинг сабаби оддий: ўз даврида сулола асосчиси Карим ота томонидан қурилган мустаҳкам уйи бузилган ва 1966 йилдаги зилзиладан сўнг буткул вайрон бўлган. Ўша вақтда Ўзбекистон бош котиби бўлган Шароф Рашидов чақиртириб: «танланг, исталган туманда, исталган уй, исталган вақтда олишингиз мумкин».

    Аммо тиниб-тинчимайдиган чавандознинг уй масаласи билан шуғулланишга вақти бўлмаган. Узоқ юртга гастрол сафарига учиб кетаётган эди. Шу тариқа йиллар ўтади. Ва бир кун келиб Ҳаким Зарипов доимий яшаш жойга эҳтиёж сезади. Ташкилотларга мурожаат қилганда, ўша пайтда рўй берган зилзила ҳозирги кунда уй масаласини ҳал қилиб бериш учун асос бўла олмаслиги ҳақида жавоб олади. Ўша пайтдаги ҳолатини чавандоз шундай эслайди: «Албатта, қайсидир жиҳатдан хафа бўлдим ҳам, жаҳлим ҳам чиқди. Аммо нима қила олардим: ўзим айбдорман, ўз вақтида, аниқ ёрдам таклиф қилинганида вақт топишим керак эди».

    Аммо мени бошқа нарса ўйлантиради. Ҳаким Зариповнинг, Ўзбек миллий цирки донғини дунёга таратган, ўз хоҳиши билан 17 ёшида урушнинг биринчи кунлари фронтга отланган, Москва яқинида кавалерия дивизиясида жароҳатланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг кейинчалик қилган хизматлари бир неча уйга арзимайдими? Самарқанднинг Регистон майдонида Соҳибқироннинг севимли набираси Улуғбекнинг 600 йиллик юбилейи нишонланаётганда сочлари оппоқ фахрий Ҳаким Зарипов оқ отда ғалабали юриб ўтган. Ана шундай шарафли вазифа ишониб топширилган ўзбек афсонавий чавандози эҳтиромга, ҳурмат-иззатга лойиқ эмасми?

    Балки Ҳаким Зарипов ташкилотма-ташкилот арзгўйлик қилиб юришни ўзига эп кўрмагандир. Қаттиқ киришса бирон нарсага эришарди.
    Аммо... мана шундай камтар, камсуқум, олижаноб инсонлар туфайли биз ҳалиям яшаётгандирмиз, ҳаёт гўзалдир.
    Қанчалар андишалимиз...
    Барно Султонова

    Манба: Xabar.uz

    » » Нега нолиб яшайсан?..