17:30 / 29.09.2019
3 354

Чегарадаги қонунбузарликлар ёки «зўравон ўртакашлар»нинг танобини ким тортади?

Чегарадаги қонунбузарликлар ёки «зўравон ўртакашлар»нинг танобини ким тортади?
Туркий халқлар бир илдиздан ўсиб чиққан улкан дарахтга ўхшайди. Шу дарахтнинг ер юзига кенг соя берадиган икки йирик шохидан бири қозоқ халқи бўлса, бошқаси ўзбек халқидир. Бир теран томирдан сув ичган икки халқнинг кенг ва чуқур маъноли маданияти, урф-одатлари, қадриятлари бир-бирига туташ, ўзаро ҳамоҳанг ва уйғун. Биргина «Алпомиш» достонини оладиган бўлсак, унинг ўзбекча ва қозоқча талқинлари бўлиб, иккиси ҳам китобсеварларга завқ, мардлик, матонат ва бағрикенглик туйғуларини сингдиради. Қардошлик ва биродарлик ришталари асрлар оша қондошлик, қариндошлик, қуда-андаликка уланиб кетган.

Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Икки давлатнинг маданий алоқалари кенг қулоч ёйди, янада равнақ топди. 2018 йилнинг Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили, 2019 йили Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилингани улкан тарихий воқеа бўлиб, қардош халқлар ўртасидаги дўстликнинг мустакамланишига ҳисса қўшмоқда.

Бир денгизга туташган дарёлардан сув ичиб, олис мозийдан бугунги кунгача дўст-қадрдон бўлиб яшаётган ўзбек ва қозоқ халқи биродарлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши, давлатлараро муносабатларнинг кенгайишида давлатимиз раҳбарининг Қозоғистонга амалий ташрифи давомида имзоланадиган бир қатор ҳужжатлар, икки мамлакат маданият кунлари доирасида ўтказилган ва ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар икки халқ орасидаги дўстлик алоқаларининг барқарор бўлишида катта аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда. Айниқса, чегаралардаги тўсиқларнинг олиб ташлангани, икки давлат фуқароларининг борди-келдилари белгиланган тартиблар асосида йўлга қўйилгани ҳар икки тарафда яшовчи аҳоли учун қулайликлар туғдирди. Лекин сўнгги пайтларда ўзаро қўшничилик алоқалари борасида баъзи нохуш ҳолатлар содир бўлаётгани кишини ранжитади.

Сўнгги вақтларда, Қозоғистон Республикаси, Туркистон вилояти, Махтаорол туманининг «Атамекен» чегара божхона постида коррупция, тамагирлик ва фирибгарлик иллатлари тобора илдиз отиб бормоқда. Ачинарлиси шундаки, ушбу иллатларнинг асосий жабрдийдалари бевосита юртимиз фуқаролари экани ҳақида тезкор маълумотлар олинмоқда.

Хусусан, «Сирдарё» чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган йўловчилардан бири билан ўтказилган суҳбат жараёнида салбий ҳолатни мисол келтирамиз.

Жумладан, жорий йилнинг август ойида Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш мақсадида «Сирдарё» чегара божхона постига «NEXIA» русумли енгил автотранспорт воситасини бошқариб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Шарапов Улуғбек Равшанович (исми ўзгартирилди) билан содир бўлган ҳолат кишини ташвишга солади.

Маълум бўлишича, У.Шарапов Россия Федерациясининг Оренбург шаҳрида ошпазлик ҳамда ҳайдовчилик қилиб пул топиб келади. У ҳозирда меҳнат таътилига чиққани сабабли ўзининг доимий яшаш манзили Сурхондарё вилоятининг Денов туманига кетаётганида Қозоғистон Республикасининг «Атамекен» чегара божхона пости орқали ўтиш вақтида бир қатор сунъий тўсиқларга дуч келган.

Жумладан, У.Шарапов ҳамроҳи билан юқорида қайд этилган автотранспорт воситасида Россия Федерациясининг Оренбург шаҳридан йўлга чиқиб, Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали Ўзбекистонга ўтиш учун Қозоғистон Республикасининг «Атамекен» чегара божхона пости дарвозаси олдига келган.

Шу вақтда, чегара пости дарвозаси олдида турган қуролланган ҳарбий хизматчининг ёнида фуқаролик кийимида бўлган ва ўзини «Чингиз» деб таништирган, қозоқ миллатига мансуб, ёши тахминан 25 ёшлардаги йигит пайдо бўлиб, ўз-ўзидан «нега сенлар берухсат пост дарвозаси олдигача кириб келдиларинг», деб У.Шарапов ва унинг ҳамроҳига бақириб кетган (ҳақорат қилган). У.Шарапов чегара постидан ўтиш учун кимдан рухсат олиш кераклигини сўраганида, ўзини «Чингиз» деб таништирган шахс «мендан сўрашларинг керак, чой пулини берасанлар, бўлмаса бу ерда сенларга йўл йўқ, агар тегишли тўлов бўлса, мен шу бугуннинг ўзида сизларни Ўзбекистонга ўтказиб юбораман» деб айтган. Сўнгра уларни қўрқитиб, алдаб, автомашинаси билан бирга ўз уйига олиб кетган.

«Чингиз» ўз уйида У.Шарапов ва унинг ҳамроҳини ҳеч қандай сабабларсиз уриб-сўкиб, қўрқитиб бир миллион сўмдан ортиқ пулини олиб қўйган ва автомашинани ўз уйидан чиқариб юбормаслик чорасини кўриб, ўзи эса уйидан чиқиб кетган.

Шунингдек, У.Шарапов «Чингиз»нинг уйига борган вақтида унинг ҳовлисида Ўзбекистон фуқаросига тегишли «ЛАРГУС» русумли енгил автомашина тургани, ушбу автомашина ҳайдовчиси ҳам фирибгарлик йўли билан алдаб, ўз уйига олиб келгани ва унинг 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулини олиб қўйиб, сўнгра уйидан чиқариб юборгани маълум бўлган.

У.Шарапов «Чингиз» уйда йўқлигидан фойдаланиб, унинг уйидан қочган ва «Атамакен» чегара божхона постига етиб борган. Бироқ, у ерда тасодифан яна «Чингиз»га дуч келган ва унга яна қўшимча 3000 Россия рублини (тахминан 390 000 сўм) бериб, ушбу чегара божхона пости орқали Ўзбекистонга ўтган.

«Атамекен» чегара божхона постидан ўтиш учун У.Шарапов «Чингиз» исмли ўртакашга тахминан 1 миллион 500 минг сўм пулни «пора» сифатида берган.

Қозоғистон Республикасининг «Атамекен» чегара божхона постида хизмат олиб бораётган чегара ва божхона ходимлари, ушбу пост ҳудудида ноқонуний фаолият олиб бораётган, «Чингиз»га ўхшаган «ўртакашлар»га нисбатан ҳеч қандай чора кўра олмасликлари, «ўртакашлар» чегара ўтказиш пости бошлиқларига ҳам буйруқ оҳангида гапиришлари маълум қилинган, юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича фуқаролар ўша жойдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига қилган мурожаатлари ҳеч қандай натижа бермаган.

Шунга ўхшаш ҳолатларни таҳлил қилиш давомида Қозоғистон Республикасининг барча чегара ўтказиш постларида, шу жумладан, Россия ва Хитой давлатлари билан чегарадош бўлган чегара постларида ҳам мавжудлиги маълум бўлди. Ички йўллардаги ЙПХ постларида ҳам сўралган пул маблағи берилмаса, автомашинада ҳаракатланишда муаммоларга дуч келиниши, агарда «пора» (пул) берилса ҳеч қандай муаммолар бўлмаслиги аниқланди.

Бу каби ҳолатларни қандай изоҳлаш мумкин? Ўтган йили икки давлат (Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари) раҳбарлари ўртасидаги ўзаро келишувга асосан, чегаралардан ўтиш тўғрисидаги белгиланган тартибларга кўра, фуқароларнинг ҳеч қандай муаммосиз қўшни давлатга ўтишлари ва қайтишлари учун имконият яратилганлиги барчага маълум. Лекин мавжуд қонунларни, чегарадан ўтиш тартиб-қоидаларни менсимаган, унга амал қилмаган, айрим кимсалар ўзларининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида юқоридаги каби юз берган салбий ҳолатлар фуқароларда норозилик уйғотиши, мамлакатларимиз орасидаги дўстона алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳаликка рахна солиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришса, айни муддао бўлар эди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чегарадаги қонунбузарликлар ёки «зўравон ўртакашлар»нинг танобини ким тортади?