12:00 / 30.10.2019
3 155

Ҳою ҳавасларнинг қурбони эмас қизлар...

Ҳою ҳавасларнинг қурбони эмас қизлар...
Фарзанд умид юлдузи. Авлодлар давомчиси, келажак эгасидир. Унинг ўсиб улғайиб камолотга етиши, бир умр бахтли бўлиб, орзу ва мақсадларига эришиб жамият ҳаётида ўз ўрнини топиши ҳар бир ота-она учун муҳимдир. Оила катталари аслида фарзандлари учун, уларнинг ана шундай фаровон ҳаётини ўйлаб яшайдилар, бу йўлда меҳнат қиладилар, жон куйдирадилар, елиб югурадилар.

Аммо, баъзида узоқни ўйламай, қандайдир орзу ҳаваслар йўлида бу дунёдаги энг яхши кўрган жигарбандлари, кўзи қароқларини оғир ҳаёт синовларига ташлаб қўядилар. Айниқса, бунда қизболалар тақдири бамисоли ўйинчоққа айланади. Бугунги даврнинг энг оғриқли масалаларидан бири бўлган эрта турмуш домига улоқтирганларини англасаларда ҳаммасини яҳшиликка йўйиб эртароқ набира кўриш бахтига эришишни истаб қоладилар.

Ана шу бемаъни истаклар, ҳою-ҳаваслар, хом хаёллар қурбонига айланиб қолаётган аёллар кўраётган изтироблар қалбларни ларзага солади. Яқин атрофда бўлаётган бундай воқеаларни кўра била туриб ҳам ота-оналар ўз бағриларида унган гулу лолаларини, қизларини оловга отадилар. Биргина мисол яқинда волидам бир қариндошимизнинг қизлари анчадан буён бетоб ётганини эшитиб бир кўриб келай деб ҳол сўрагани бордилар. Беморни кўриб уйга қайтган онам тушкун кайфиятда кириб келдилар. Нима бўлганини сўрасам онам йиғлагудек бўлиб қариндош қизимизнинг оғир бетоб бўлганини, операция бўлиб, кўп азоб-у уқубат чекканини куюнчаклик билан гапирдилар. Онамнинг бу сўзларидан кейин бу қизнинг кўрган кечирганлари кўз-ўнгимдан ўта бошлади.

16 ёшга тўлган нав ниҳол қизни ота-онаси узоқ бир қариндошларига узатдилар. Эшик таққилатиб келаверган совчилар “Қариндошчилигимиз йўқолиб кетмасин, қуда бўлиб бу ришталарни мустаҳкам боғлайлик”, - деб ёш қизни ёр-ёрлар билан келин қилиб олиб кетишди. Кўринишидан нозиккина келин қиз ўзга хонадонга кўникиши ҳам осон бўлмади. Ота уйидан жуда олис, қир-адирлар бағрига келин бўлиб тушиб ота-онаси, укаларини соғинаверди. Бу соғинч уни қанчалар қийнамасин, келин бўлиб тушган хонадонда меҳнат билан ўзини овутди.

Уй юмушлари, супур-сидир, чорва ҳайвонларига қараш, адир бўйидаги оиланинг деҳқончилик учун ажратилган ерида экин етиштириш каби барча ишларни бажариб қайнона-қайнотасининг дуоларини олди. Бу орада уч нафар фарзандни дунёга келтириб, уларга бор меҳрини берди. Аммо бу орада ёш аёлнинг соғлиги ёмонлашди. Қориндаги кучли оғриқ келинчакни ҳолдан тойдириб аҳволини ёмонлаштирди. Оила катталари келинни шифохонага олиб бориб тиббий текширув ўтказишгач, аёлнинг қорин қисмида ўсимта борлиги, уни операция қилиб ўз вақтида олиб ташланмаса ҳаёти хавф остида қолишини шифокорлар таъкидлашди.

Бу ноҳуш хабарни эшитган Гулюз руҳий тушкунликка тушиб қолди. Гўё ҳаёт тугагандек, бу азобларнинг охири йўқдек бутун вужудини титроқ эгаллаб олди. “Менга бир нима бўлса фарзандларимнинг тақдири нима бўлади. Ҳали улар ёш, она меҳрига тўймаган, эй Ҳудойим ўзинг мени дардимга шифо бер”, - деб кечалари билан йиғлаб чиқадиган бўлди.

Гулюзни ниҳоят операция қилишиб қорин қисмидаги ўсимтани олиб ташлашди. Аммо доктрлар ёш келинни эҳтиёт қилишни, кўп уринмаслигини, ўзини тиклаб соғлом бўлгунига қадар асраб-авайлашларини таъкидлашди. Шифокор Гулюзни уйига кетишига руҳсат берар экан, белгиланган дори-дармонларни ўз вақтида ичиши, соғлигига эътиборли бўлишини ҳамда тез-тез химиявий терапия муолажасини олиб туришини уқтирди. Гулюзни шифохонадан ота-онаси бир оз эҳтиёт қилайлик, - деб ота уйига олиб кетишди. Фарзандлари эса қайнона-қайнотасиникида дадаси билан қолишадиган бўлишди. Орадан кунлар ўта бошлади.

Гулюз шифокор айтганидек, химиявий терапия муолажаларини олишни бошлади. Бу муолажа шу қадар кучли эдики, аёлни баъзан ҳолини қуритар, кўнглини айнитар, ҳатто сочларини тўкиб юборди. Сиз бу ҳолатдан қўрқманг химиявий терапия орқали ўсимтани ўсиб чиқишини олдини оламиз. Ҳали Худо ҳохласа кўрмагандек бўлиб кетасиз, -деб шифокор бемор аёлга таскин берди. Гулюз муолажадан сўнг ҳар сафар ота-онасиникида бир ҳафта дам олиб кейин қайнона-қайнотасини уйига қайтарди. У фарзандларидан узоқ вақтларда уларни соғиниб қийналар, болалар ҳам онасини соғинишиб йиғлаб чиқишарди. Учта болани дадаси базан онасини олдига олиб борса баъзан йўқ. Гоҳо Гулюзнинг қайнонаси болаларнинг хархашасидан тўйиб кетиб ўғлини койирди.

“- Хотининг қачон қараса касал, дарддан бошқасига ярамай қолди. Келин бўлиб бундоқ хизматимга ярамайди, болалари йиғлаб ҳархаша қилаверади, барчаси жонимга тегиб кетди, -дея ичидагини тўкиб солади. Гоҳида қўни-қўшнилари тўпланиб ғийбатни бошлашганида келини ҳақида нолиб “Ўзи қизлигида касали бор шекили, бўлмаса шу аҳволга тушиб қолармиди, -дея хасрат қилиб қоларди. Аслида шу қўшнилари қизгинани бу хонадонга келин бўлиб тушганида соғлом ва чиройли бўлганини, елиб югуриб қайнона-қайнотаси, оиланинг барча аъзоларига ҳатто мана шу қўшниларга ҳам хизмат қилганини яҳши англашади. Аммо “Тилнинг суяги йўқ”, -деганларидек улар ҳам бирга қўшилиб ғийбатни кетини улашади.

Ҳозир Гулюзнинг соғлиги яхши бўлмасада, оиласининг хизматини қўлидан келганча уддалаяпти. Иложи борича фарзандларининг ёнидан йироқлашгиси келмас, оиласи учун жон куйдириб яшашда давом этяпти. Бу ёқда эса унинг ота-онаси хавотирда. “Болам яхшимикан, касал бўлиб ётиб қолмадимикин, уй ишларига яраяптимикин, қайнонасидан дакки эшитиб озор чекмаяптимикан”, -деган ўйлар исканжасида яшашга мажбур. Аслида бу қийноқларга ким сабабчи? Бу азоб уқубатлар уларнинг ўйлаб-ўйламай йўл қўйган хатолари эмасми?

Эрта турмуш, қариндошлик никоҳларининг салбий оқибатлари ҳақида қанча сўз юритилмасин, бугунги кунда бу каби воқеаларга афсуски, кўп дуч келаяпмиз. Фарзанд тақдирига бўлган масъулиятсизлик, бепарволик, бемаъни орзу ҳавасларга меҳр-муҳаббат қўйиш ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган навниҳол қизларни эрта сўлишига, ўғилларни бахтсиз бўлишига, шириндан-шакар бегуноҳ болаларни етим қолишига сабаб бўлаяпти. Лекин бу борадаги тарғибот, огоҳлик ишлари давом этаверади. Муҳими бу ҳаётий воқеалардан одамлар ўзларига етарли хулосалар олсалар, бу каби хатоларга йўл қўйишни бас қилсалар жамиятимизда бахтли, мустаҳкам оилалар сони қўпаяверади, соғлом насллар дунёга келади.
Фотима ЎКТАМОВА

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳою ҳавасларнинг қурбони эмас қизлар...