22:40 / 11.11.2019
6 459

Юртимизда бағрикенглик ҳафталиги бошланди

Юртимизда бағрикенглик ҳафталиги бошланди
Давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдир.

Мазкур муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташаббуси билан “Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб мамлакатимизда 11–16 ноябрь кунлари Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилмоқда.

Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

Тадбирлар ташкилотчилари – Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар.

Дастур доирасида 11 ноябрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ОАВ вакиллари ҳамда интернет блоггерлари иштирокида пресс-конференция ўтказилди.

Матбуот анжуманида Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ўз маърузаси билан иштирок этди. Маърузада бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, миллатлараро муносабатлар ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори даражада эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлади.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов:
- Бу ҳафталик жуда юқори савияда ўтишига ишонамиз. Бизнинг мамлакатимиз кўп миллатли. Аммо бизда миллатлар дўстона ҳаёт кечирадилар ва бир Ўзбекистон халқи номи билан яшаб, фаолият кўрсатадилар. Бу катта гап. 130 элат ва миллат вакиллари яшайди. 138 та миллий маданий марказлар фаолият юритади. 36 та дўстлик жамиятлари мавжуд. Бизнинг асосий мақсадимиз ёшларни шу миллий маданий марказларнинг фаолияти билан яқиндан таништириш. Бир нарсани тан олиш керак миллий маданий марказлари фаоллари ҳаммаси нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ишлайди. Улар барчасини ёшларга ўргатишга ҳаракат қилишади. Келган меҳмонлар ҳам ана шу жиҳатга қойил қолмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев:
- Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадим-қадимдан Юртимизда турли маданият, тил, урф-одатлар, ўз турмуш тарзига эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир десам муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг аҳил оила фарзандларидек яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши, ижодий салоҳиятини юзага чиқариши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддаси билан мустаҳкамланган. Ўқув жараёни Давлат таълим стандардларига мувофиқ 7 та тилда олиб борилади. Ўқувчи – ёшларга сифатли билим ва кўникмалар эгаллашлари учун тегишли шарт –шароитлар яратиш мақсадида Давлат таълим стандартлари билан белгиланган барча ўқув дарсликлари ҳам 7 тилда нашр этилиб, ўқувчи контингентига кўра тақсимланган ҳолда умумтаълим муассасаларига етказиб келинмоқда.

Республика Озарбайжон миллий маданий маркази раиси Фирдуси Гусейнов:
- Марказимиз жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни, ижтимоий барқарорлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳурмат, аҳиллик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий танловлар ўтказиш орқали ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Марказимизнинг бўлинмалари мамлакатимизнинг барча вилоятларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда озарбайжон миллатига мансуб кўплаб фуқаролар ҳам Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланмоқда. Буларнинг барчаси миллатидан қатъи назар, ҳалол ва фидокорона, сидқидилдан бажарилган меҳнат давлатимизнинг доимий эътиборида эканининг амалий ифодасидир.
Бағрикенглик ҳафталиги давомида қизиқарли кўргазмалар, мулоқотлар, ижодий фестиваллар, концертлар, форумлар, анжуманлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Бу каби ижодий ҳафталиклар мамлакатимиздаги дўстлик, ўзаро ҳурмат, ишонч, меҳр ва саховатнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали лауреатларини тақдирлаш маросими ҳамда рассомлар ва миллий маданий марказларнинг ёш ижодкорлари бадиий асарлари кўргазмаси очилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳафталик тадбирлари доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказиш ҳам режалаштирилган:
- 12 ноябрь куни соат 09.00 да А.Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фуқаролик форуми;
- 15 ноябрда 09.00да “International Hotel Tashkent” меҳмонхонаси, “Амир Темур” мажлислар залида “Марказий Осиё – умумий уйимиз” халқаро конференцияси бўлиб ўтади ва иштирокчилари Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, у ерда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади.

Шунингдек, республиканинг барча умумтаълим мактаблари ва академик лицейларида ҳафта давомида Бағрикенглик фестиваллари ўтказилиб, улар доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Наргиза Камалова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юртимизда бағрикенглик ҳафталиги бошланди