21:50 / 04.04.2020
1 467

Зафар Ҳошимовнинг Президент ўтказган видеоселектордаги таассуротлари

Зафар Ҳошимовнинг Президент ўтказган видеоселектордаги таассуротлари

Фото: Халқаро пресс-клуб
Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Кеча мен умримда биринчи марта Савдо-саноат палатаси таклифига биноан Президент ўтказган видеоселекторда иштирок этдим ва ўша тадбирдаги кечинмаларимни ифода қилмоқчиман.

Нималардан таъсирландим:
- Президент ҳар бир бемор ҳақида кундалик хабар олади. Бир нечта беморда касаллик кечиши ҳолатлари ҳақида мукаммал ахборот бердилар.
- Президент ҳар қандай моддий харажат эвазига бўлмасин, бу вабонинг тарқалиши олдини олиш, унга бошқа қурбон бермаслик ҳаракатида.
- Касаллик олиб кетган икки қурбон ҳақида қайғуриб, уларнинг яқинларига ва қариндошларига таъзия билдирдилар.
- Вазият қўлдан чиқиб кетса, унинг оқибатлари нақадар аянчли бўлишини ҳаммага эслатдилар. Бу масалани ҳал қилишда халқ онги, сабри, мустаҳкам интизоми ва масъулияти қуролимиз бўлиши кераклигини белгилаб бердилар.
- Қисқача айтганда, ҳамма куч, маблағ, амаллар ва воситалар эпидемия тарқалиши билан курашишга бағишланиши керак.
Бу чоралар халқ учун, унинг соғлиғи, қолаверса, ҳаёти учун қилиняпти. Шунинг учун халқимиз ҳам бу масалага тафаккур ила, интизомли ва масъулиятли ёндашиши зарур бўлади. Табиийки, давлат бу борада қаттиққўл бўлишдан бошқа чораси йўқ. Буни ҳаммамиз тушунишимиз зарур.

Пандемия бошланганида юртбошимизнинг ҳар қанча моддий йўқотишлар эвазига бўлса ҳам бу касалликка битта ҳам қурбон бермаслик йўлини танлаганлари мени таъсирлантирган эди. Ўзи жуда бадавлат мамлакат бўлмасак-да, Президент ҳар қандай иқтисодий манфаатлардан ягона ватандошимиз ҳаётини юқори қўйишлари мени шу юрт фуқароси сифатида ҳам қувонтирди, ҳам фахрлантирди.

Негаки, жуда бой мамлакатлар раҳбарлари, жумладан, Италия, Испания туристларни чўчитиб юбормаслик учун, АҚШ капитал бозорларидаги ҳолат барқарорлигини бузмаслик учун узоқ муддат бундай журъат кўрсата олишмади. Буюк Британия ҳукумати эса, ҳаттоки қандайдир вақт, майли касал бўлсак бўламиз, иш тўхтамасин йўсинида ҳаракат қилиб, аҳвол мутлақо оғирлашгандагина карантин татбиқ қила бошлади.

Натижада, маълумки, бу мамлакатларда ҳозирда юзлаб, минглаб, ўн минглаб қурбонлар бериляпти, улар дунёда касаллик тарқалган мамлакатлар орасида етакчи ўринда туриб, Британияда ҳатто валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир ҳам шу дардга чалинган.

Мана эндигина аён бўляптики, бу касалликдан илк нишона пайдо бўлган заҳоти карантинга киргизиб, жон-жаҳд ила курашиш иқтисодий жиҳатдан ҳам аслида энг тўғри қадам бўлар экан.

Мен бу хулосага яқинда “Ведомости” журналида чоп этилган таниқли иқтисодчи Гуриевнинг “ВВП или жизнь людей“ (ЯИМ ёхуд инсонлар ҳаёти) деган мақоласини ўқиб келдим. Унда, хусусан, Америка мисолида, карантин қилиб бу дард билан кескин курашиш натижасида рўёбга келадиган потенциал иқтисодий йўқотишлар бу дард билан курашмаслик оқибатида вужудга келадиган иқтисодий йўқотишлардан қарийб 30-35 маротаба кам бўлиши содда ҳисоблар билан исботлаб берилган.

Тадбиркорлик тажрибамдан шу нарсани ўргандимки, ҳалол, инсонпарвар ва одамгарчилик нуқтаи назаридан қилинган ҳамма амал аслида бизнес ва иқтисод учун фойдали, акси эса доим зарар келтирарди. Бу мақола эса шу коронавирус мисолида бу тажрибавий хулосани илмий тасдиқлаб беради.

Яъни карантиннинг биринчи кунларидаёқ касаллик тарқалишига қарши сафарбарлик бу нафақат халқпарварлик нуқтаи назаридан, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ягона тўғри қадам эди.
Кеча эса шу йўлда иккинчи муҳим қадам босилди.

Юқорида айтганимиздек, бу вабо иқтисодий талофат демакдир, унинг асоратларини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Корхоналар фаолияти тўхтаган, транспорт, туризм, савдо, ишлаб чиқариш, ҳамма соҳага таъсир кўрсатиб турибди. Бунинг барчаси ортида одамларимиз, уларнинг иқтисодий манфаатлари, ойлик ва бошқа даромадлари турибди. Бу шароит бошқалардан кўра айни кам даромадли оилалар рўзғорига катта зарба бўлиб тушади, ички бозоримизда истеъмол ва аҳолининг сотиб олиш қувватини туширади.

Президентимизнинг пандемия шароитида қабул қилган иккинчи фармони худди шу асоратларни давлат маблағи ҳисобига енгиллаштиришга бағишланган. Фармонда кам даромадли табақаларни ижтимоий ҳимоялаш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари ўз аксини топди.

Мен бу ерда шу иккала йўналиш аслида бир эканини ва у пировардида халқнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини кўрсатиб бермоқчиман.

Ижтимоий ҳимоя чоралари ўз-ўзидан шу ҳодиса натижасида биринчи зарбани ўзига олган кам таъминланган фуқароларимизга давлат томонидан кафолатланган иқтисодий кўмак чораларини кенгайтириб ва чуқурлаштириб беради.

Шу ўринда мен тадбиркорларга берилаётган кўмак ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтмоқчиман.
Бу чоралар ҳам халқ манфаати, жумладан худди ана шу кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатига хизмат қилади.

Солиқ ислоҳотлари муҳокама бўлаётган пайтда шу нарса аён бўлдики, аҳолимизнинг ишга лаёқатли қисмининг учдан иккиси ҳатто даромаддан солиқ тўлаш рўйхатидан ўтмаган экан. Бу дегани — бу халойиқ даромад топмайди, дегани эмас, балки улар расман қайд этилмаган бўлса-да, ҳар соҳада кундалик тирикчилик топиш билан машғул эдилар. Ушбу паллада фавқулодда тўхташлар оқибатида, бошқалардан кўра айни шу инсонлар энг катта талофат кўрибгина қолмай, уларнинг манфаатлари энг кам ижтимоий ҳимояланган.

Маълумки, бу гуруҳнинг даромадлари манбаси бу якка ҳолдаги бизнес ва кичик ҳажмли корхоналар фаолиятидир. Янги фармоннинг салмоқли қисми худди ана шу табақаларни ҳимоялашга бағишланди. Унда якка тартибдаги тадбиркорлик, ҳунарманд, касаначи, уй меҳнати билан машғул инсонлар, кичик бизнес, айниқса ҳозирги шароитда фаолияти тўхтаб қолган корхоналарга энг катта енгилликлар яратилди. Шу каби корхоналарга ҳамда оддий фуқароларнинг банклар олдидаги ўнлаб триллион қарзлари бўйича катта юмшатишлар берилди.

Кейинги тоифа — бу туризм соҳаси. Охирги йиллар давлатимиз саъй-ҳаракатлари ила туризм ривожланишига катта туртки берилганди. 80дан ортиқ мамлакат фуқароларига мамлакатимизга визасиз кириш тартиби ўрнатилиб, яна талайгина мамлакат сайёҳлари учун онлайн виза каби кулай шароитлар яратилди. Бундан ташқари, давлат ўз ресурслари билан меҳмонхоналар қурилишига киришган тадбиркорларга ҳатто улар ҳисобига маълум маблағлар ажратди. Давлатнинг бу чақириғига лаббай деб чиққан тадбиркорлар кўплаб меҳмонхоналарни тез орада ишга туширдилар, яна юзлаб меҳмонхоналар қурилиш ва лойиҳа поғонасида эди.

Мавжуд шароитлар худди шу соҳа тадбиркорларига ҳаммадан катта зарба берди. Сабаби, саёҳатлар мутлақо тўхтади. Бу шароитда давлат бу соҳага яратган шароитлар, албатта, жуда долзарб ва ўринли. Бу кунлар ва синовлар ўтиб кетади, лекин биз натижада келажакда юртимизда кўпдан-кўп ишчи ўринлар барпо қилиб, кўплаб қатнашчиларга эга, рақобатбардош, валюта тушумини салмоқли ошириш қобилиятига эга бўлган бутун бир аксари нодавлат соҳани сақлаб қолишимиз жуда зарур. Бунда оддий халқ келажагига катта фойда бор.

Энди аҳоли истеъмоли учун зарур 20дан ортиқ озиқ-овқат ва бошқа истеъмол молларига акциз ва бож тўловларининг нолга туширилганига келсак, бу аниқ ва бевосита истеъмолчилар, яъни халқ манфаати учун қўйилган қадам. Мен буни саҳифаларимда ва мақолаларимда кўп қайтарар эдим, ҳар қандай бож тўловлар бизнес устидаги эмас, балки истеъмолчи устидаги юк эканлигини. Ушбу фармон билан Президентимиз худди ана шу юкни аҳолига яна бир бор давлат ҳисобидан енгиллаштириб бердилар.

Натижада, янги фармон билан аввалги эълон қилинган 10 трлн сўм устига яна 20 трлн сўмдан ортиқ маблағни бошидан қийинчилик кечираётган халқимиз фойдасига қайта тақсимлаб берилди.

Селектор давом этарди. Шу жойидан бу йиғилиш менга ҳақиқий катта корпорациянинг жуда жадал ва унумли бизнес жараёнини эслата бошлади.
Агар мажлиснинг аввалги қисми давлат томонидан бериладиган ресурсларга бағишланган бўлса, бу қисми тўла-тўкис шу ресурсларни унумли жорий ва назорат этишга бағишланди.

Мени бу жараёнда, айниқса, берилаётган ёрдам аҳолига ва тадбиркорларга етиб бориш тизими, тадбиркорлар билан жойларда олиб борилаётган ишларнинг изчиллигини ошириш янги механизмларининг муҳокамаси жуда қизиқтирди.

Шу ўринда видеоселектор мажлисида бир тажриба муҳокамасини кузатиб, ўзим учун карантин сабабли жамиятимиз рақамлашган иқтисодиётга янада дадил қадам босиб ўтиб кетса, ажаб эмас, деб ўйладим.

Боёвут ҳамда Тўрақўрғон туманларида бош вазир ўринбосари Жамшид Анварович Қўчқоров бошчилигида ажиб бир тажриба бошланди. Телеграм-бот тизимида туман тадбиркорлари автоматик рўйхатдан ўтиб, давлат ҳокимиятига бўлган барча савол, муаммо ва таклифлари билан мурожаат қилишлари мумкин. Бунда тадбиркорлар рўйхат рақамлари бўйича туман тўрт сектор раҳбарларига автоматик тақсимланади. Ҳар бир тадбиркор учун шу сектор раҳбари оталиққа олинган каби шахсан жавобгар бўлиб, саволига ўз вақтида жавоб бериши, масалани ҳал қилиб, таклифни кўриб чиқиш тизими яратилади. Ҳамма амалларнинг рақамли изи бўлиб, марказдан бу содда назоратга олиниши таъминланади. Яъни энди бечора тадбиркор бировнинг қабулига келиб, расмиятчилик ва ҳар хил сансалорлик ва кечиктирилишга йўлиқмайди. Назаримда, тажриба яхши ўтяпти ва давлатимиз раҳбари бу тизимни зудлик билан мамлакатимиз барча вилоят ва туманларида татбиқ этилишини топширдилар.

Бу худди ёрдам маблағларини тадбиркорлик дарахтини суғоришга қиёсласак, бу чора худди суғорилаётган дарахтнинг тагини чопиқ қилиб ёрдам дарахт илдизларига етишини таъминлаш, деса бўлади. Ана энди бу дарахтнинг соғлом шохлари — яъни салоҳиятли тадбиркорлар бу ёрдам эвазига ўсиб, кўкариб, ватанга ҳосил беришларига умид боғласа бўлади.

Мажлисда қатор вилоятлар, халқ хўжалиги соҳалари, ташқи иқтисодиёт ва инвестициялар соҳаларидаги аҳвол кенг равишда кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди.

Менинг назаримда, муҳокамаларнинг аксариятида жуда жадал, асосий масалаларга тўла ва тўғри урғу ҳамда эътибор бериб ўтилди.

Бир вақтлар давлат арбобларининг мажлисларига келиб қолиб, зерикиб, шу мажлисларда қанча вақт бекор ўтади, деб хаёл қилардим. Кечаги видеоселекторда эса, аксинча, биз ишбилармонлар масалаларни муҳокама қилишда шу видеоселектордан анча сабоқ олишимиз мумкин экан, деб тушундим.

Биз тадбиркорларга муҳим топшириқ бўлди. Ушбу мушкул вазиятда сабр ва ҳалоллик ила фаолият кўрсатиб, халқнинг оғирини енгил қилиш ва нарх-наво масалаларида халққа кўмакчи бўлиш ҳамда имкон қадар истеъмолчиларнинг узоғини яқин қилиш масалалари қўйилди.

Халқимизда қарс икки қўлдан чиқади деган нақл бор. Давлат тадбиркорлар ва аҳолига юзланиб, шунча қадам босганида, биз тадбиркорлар ҳам давлат ва халқимизга қараб баҳоли қудрат одимлашимиз керак. Бу қийин шароитдан, аминманки, чиқиб кетамиз, лекин ечим бирдамлигимизда”.

Эслатиб ўтамиз, 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда пандемия оқибатлари оғир таъсир қиладиган корхоналар билан алоҳида ишлаш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, аҳолини зарур истеъмол товарлари, озиқ-овқат, дори ва гигиена маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)