11:51 / 01.05.2020
2 580

«Эрталаб боламнинг олдига нима қўяман?!» – Кеча ва бугунги кунлар ҳақида ўйлар

«Эрталаб боламнинг олдига нима қўяман?!» – Кеча ва бугунги кунлар ҳақида ўйлар
Уч-тўрт кун аввал тадбиркор акамиз эҳсон қилиши учун чин муҳтожларни топиб беришимни сўради. Ўзим танийдиган, маҳаллада ҳаммани биладиган Найим домла билан кенгашдим. У камбағал ва муҳтожларни санайверди, менинг эса юрагим оғрий бошлади...
Ўнтача муҳтож оилани санади, ҳар янги эслагани олдингисидан муҳтожроқ эди. «Ука, тўхтанг, бунисига ёрдам бериш керак, бу муҳтожроқ...»

Кейин маҳаллада ишлайдиган йигитлар билан боғландик. Уларнинг рўйхати билан Найим домланинг «рўйхати» жуда мос келди. Афсуски, бу рўйхатда 52 оила бор экан, эҳсон эса икки ёки учта оилага ажратилиши керак эди. Бир дўстимиз ишлатган ибора ёдга тушди: «Қанийди, фалончидай бой бўлсанг-у ҳамма муҳтожларга пулингни тарқатсанг!».

Иккинчи мисол. Қўшни қишлоқда масжид қуриляпти. Ўша маҳаллада бир намозхон ака бор. Фарзанди АҚШга бориб ишлаяпти, оила ўзига тўқ. Имом домла ўша киши бир неча марта масжидга эҳсон қилгани, муҳим қурилиш ашёларини олиб берганини айтди. Бир сафар «Ака, қўйинг, сизнинг ҳам рўзғорингиз бор. Керагича эҳсон қилдингиз, маҳаллада сиздан кўра анча бойлар бор» деб эътироз билдирибди.

У киши «Яқинда шаҳардан уй олмоқчи эдик. Худога шукур, ҳовлимиз, мол-ҳолимиз бор. Ортиқча мулкка муҳтож эмасмиз. Ўғлим ўша маблағни масжидга беришимни тайинлади. Фарзандимни дуо қилинг, қори ака. Аллоҳ у дунёмизни ҳам чиройли қилсин, шаҳарда оладиган уйимиздан гўзалроқ уй берсин» дебди. Бу бир йил олдинги гап.

Ўтган ҳафта маҳалладагилар айтиб қолишди. Қўшни қишлоқда катта бир юк машинасида муҳтожларга текин ун-ёғ тарқатилаётган экан. Ўртача олтмиш-етмиш миллион сўмлик маҳсулот Рамазон арафасида эҳсон қилинибди. Бу хайрли ишни ким қилгани билан қизиқдим. Ўша эски танишимиз – Аллоҳ чиройли уй беришидан умид қилган аканинг иши экан бу ҳам.

Энди мавзунинг сиёсийроқ томонига ўтсак. Президент «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракатини эълон қилди. Ушбу ҳаракат тафсилотига тўла тўхталмаган ҳолда бир жиҳатини таҳлил қилсак. Давлат раҳбари таклиф этган ғоя замирида давлат бойни, бой камбағални қўллаши керак. Давлат тадбиркорга имтиёз ва пул беради, ишбилармон ўз навбатида истагига кўра ночорларга ҳозирги қийин шароитда озиқ-овқат маҳсулоти етказиб беради ёки иш билан таъминлайди.

Кузатаётганим ва ҳозирча ўқиб бораётганларимнинг деярли барчасида тадбиркорлар муҳтожларнинг уйига озиқ-овқат олиб боряпти. Иш эмас. Ваҳоланки, иш берса, ўша оила тадбиркорнинг қўлига қараб ўтирмайди ва меҳнати эвазига олади ўша маҳсулотни. Мутелик ҳисси бўлмайди ўшанда. Ишлагани учун солиқ ҳам тўлайди, тадбиркор ҳам ишчи кучига эга бўлади, давлат ҳам манфаат топади.

Механизм шундай ишламас экан, биз бу синовлардан қудратли, иродали бўлиб чиқолмаймиз. Камбағал янада синиқ, янада тобе бўлиб қолади.

Бугун «боқиманда» деган иборани ишлатсангиз «ёқангизга ёпишадиганлар» кўпайди. «Бирор марта оч қолиб кўр, эрталаб туриб болангга нима топиб беришни билмасанг, шунда кўзинг очилади» дегувчилар талайгина.

1995-96 йилларда ўзим ҳам кўп марта оч қолганман. Отам ёки онам ҳар сафар уйга нон олиб келганда, охирги пулини ишлатган бўларди. Кўплар шундай эди, лекин ўлмаганмиз. Аксинча, ўша туйғу ҳозиргача юрагимга куч бериб туради...

Шу ўринда бир ривоят ёдга тушди:

Мавлоно Румий уйларида ейдиган ҳеч вақо қолмаганини хабар берган аёлларидан қайта-қайта сўрайверибди:
– Ҳеч нарса қолмадими?
– Йўқ.
– Оғизга оладиган ҳеч вақо йўқми?
– Йўқ.
– Ҳеч нарса-я?
– Ҳеч нарса...
Ҳазрати Мавлоно шодликларидан юзлари гул-гул ёниб, қўлларини дуога очдилар: «Аллоҳим, сенга ҳамду санолар бўлсин, уйим Расулуллоҳнинг хонадонига ўхшабди...»

Хулоса.
Бугунги имтиҳон муҳтожни ҳам, бойни ҳам тоблаши, поклаши керак.

Исомиддин Пўлатов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Эрталаб боламнинг олдига нима қўяман?!» – Кеча ва бугунги кунлар ҳақида ўйлар