23:44 / 18.05.2020
5 432

Сардоба сув омбори қайси типга оид иншоот ҳисобланади?

Сардоба сув омбори қайси типга оид иншоот ҳисобланади?
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов Сардоба сув омбори қурилиши ва танланган конструкция ҳақида маълумот берди. Унинг билдиришича, сув омборини қуриш ишлари мураккаб жараённи ўз ичига қамраб олади.

Воҳиджон Аҳмаджоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, халқаро тажрибада сув омборлари конструкцияси ҳар хил бўлиши кузатилади: улар бетондан ёки тупроқдан қилинган бўлиши мумкин, айрим ҳолатда тошдан қилинади.

«Ҳар битта сув омбор қурилаётган жойнинг рельефидан келиб чиқиб, уни конструкцияси танланади. Тўғоннинг қандай типда бўлиши, уни қандай қурилиши, технологияси ўша жойнинг рельеф, геологиясига қараб танланади. Рельеф ясси бўлган жойларда, асосан, тупроқ-тош аралаш тўғонлар қурилади. Мисол учун, бизда бетон тўғонлар ҳам бор. Бунга Андижон сув омбори мисол бўла олади. Унинг рельефи шунга мос, яъни катта тоғолди ҳудудида барпо этилган. Икки тоғнинг ўртасини дара деймиз. Ўшанинг олдини ёпсак, жуда катта сув омбори ҳосил бўлади. Бунда кўпинча темир бетон ёки темирли конструкциядан фойдаланилади.

Қандай конструкциядан фойдаланишингиздан қатъий назар, биринчи навбатда, ишлар қурилиш меъёрлари асосида амал оширилади. Қурилиш меъёрларисиз, уни хоҳлаганингизча қура олмаймиз. Шунга асосан ҳисоб-китоблар қилинади. Лойиҳа тузилади, лойиҳа экспертизадан ўтказилади, тасдиқланади. Шундан сўнг қурилиш ишлари бошланади», – деди Аҳмаджонов.

Сув хўжалиги вазири ўринбосарининг айтишича, Сардобадаги сув омбори қурилиши 2010 йилда бошланган бўлиб, 2017 йилгача давом этган.

«Ҳар бир қурилишда ҳам ўзининг техноген жараёни бор. Мисол учун, тўғоннинг 32 метргача бўлган қисми бор. Тўғоннинг энг баланд жойи ҳисобланади. Бунда ҳар бир қатлам қилинаётганда сантиметрма-сантиметр тупроқ ётқизилади. Хоҳлаган тупроғингизни олиб келавермайсиз. Алоҳида фракцияга, алоҳида таркибга жавоб берадиган тупроқ бўлади. Бунга алоҳида жой танланади. Ўша жойни геологлар аниқлаб беради.

Демак, мана шу тупроқнинг типига мос бўлган тури танланади. Ўша олиб келинади ва ётқизилиб, бир неча марта катоклар ёрдамида зичланади. Оддий тупроққа нисбатан бу тупроқ шу даражада зичланадики, унинг зичлиги оширилади. Дейлик, халқ тили билан айтганда, у шунақа даражага олиб келинадики, кетмон билан ёки белкурак билан уриб уни кўчира олмайсиз. Шунақа даражада зичланади. Шундан сўнг аста-секин унинг технология билан ётқизиб берилади.

Кўплар савол бериши мумкин бу етти йил қурилдими, деб. Икки йилда ҳам қуриш мумкин, агар технология бўлмаса. Айнан мана шу мавжуд технологиялар уни босқичма-босқич аста-секин, қатламма-қатлам кўтариш талаб этилади. Шунинг учун ҳам жуда катта техника, жуда катта мутахассислар бўлади ва доимий технология асосида қуриб борилади.

Умуман, унинг назорати тўғрисида гапирадиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда ҳам кўп чиқяпти: «Арматура қўймаган, бетон қуйилмаган», деб. Бунақа типдаги сув омборларда темир бетон, арматура конструкцияси тўғоннинг ўзининг дамбасига ишлатилмайди. Мана сув чиқариш иншооти бор. Ўша жойда тўлиқ бетондан қилинади. Лойиҳачилар томонидан ҳисоб-китоб қилинади: қайси жой темирдан бўлиши керак, қайси жой бетондан бўлиши керак, қайси жой тупроқдан, тошдан бўлиши керак. Сардоба сув омбори асосий тўғоннинг ўзи зичланган махсус тупроқдан бўлган. Унинг юза қисми қисмига тўлиқ харсанг тошлар тўкилган бўлган. Демак, тошли ва тупроқли сув омбор бу.

Юқорида айтиб ўтдик, энг машҳури, каттаси Тожикистондаги Нурек сув омбори ҳам тупроқ ва тошдан қилинган. Баландлиги 300 метр. Дунёдаги энг баланд тўғон ҳисобланади. Бу ҳам шу типдаги сув омбори ҳисобланади», - дея фикрини якунлади у.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сардоба сув омбори қайси типга оид иншоот ҳисобланади?