date
views 3 504

Жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар статистикаси очиқ эълон қилиб борилиши керак

Жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар статистикаси очиқ эълон қилиб борилиши керак
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-фармони билан тасдиқланган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида ҳуқуқий статистика билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда қуйидаги масалаларни ҳал қилиш белгиланган:
1. Илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар тўғрисида ягона ва очиқ статистик маълумотлар базасини яратиш;
2. Ҳуқуқий статистик маълумотларни доимий равишда умумлаштириш, таҳлил қилиш ва эълон қилиб бориш ҳамда ундан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаш.
Демак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига яна бир жиддий вазифа қўйилди.

Ўзбекистонда ҳуқуқий статистика билан ишлаш асослари
“Давлат статистикаси тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикасида давлат статистикасини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи, давлат статистикаси органларининг ваколатларини белгиловчи ҳамда ягона статистика ахбороти тизими юритилиши борасидаги асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Ушбу Қонуннинг 3-моддасида давлат статистикасининг асосий вазифалари қаторига ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисидаги статистика маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш, тўплаш, сақлаш, умумлаштириш, таҳлил этиш ва эълон қилиш киритилган.

Қонуннинг 10-моддаси давлат статистика ишлари дастурларини тартибга солади. Бундай дастурлар мамлакатда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида статистика ахборотини тайёрлаш учун аниқ йўналтирилган топшириқлар ҳамда статистика ишларини молиялаштириш ҳажмлари қамраб олинган ҳужжатдир. Давлат статистика қўмитаси ҳар йили давлат статистика ишлари дастурини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади. Йиллик дастурда тегишли ишларни бажариш муддатлари, давлат статистика кузатувлари даврийлиги ва шакллари белгилаб олинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 105-сонли қарори билан “2020 йил учун давлат статистика ишлари дастури” тасдиқланган.
Унда вазирлик, идора ва ташкилотлар бажарадиган статистик ишлар белгиланган бўлиб, қуйидаги ҳуқуқий маълумотларни даврий асосда йиғиш назарда тутилган:
- жиноятчилик ҳолати ва жиноятларни фош этиш натижалари, шу жумладан жиноятларнинг айрим турлари ҳақида (Бош прокуратура);
- автотранспортда йўл-транспорт ҳодисалари (Ички ишлар вазирлиги);
- судланган шахслар сони ва уларга тайинланган жазо чоралари тўғрисида маълумотлар (Олий суд);
- зўравонликдан жабрланган аёллар, зўравонлик содир этган, зўравонлик содир этишга мойил шахслар тўғрисида маълумот (Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги);
- ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида маълумот (Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссияси).

Бундан ташқари, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонун билан ҳуқуқий ахборот тушунчаси ва унинг таркибига кирувчи маълумотлар белгиланган. Бироқ, ушбу Қонунда ҳуқуқий статистика ҳуқуқий ахборот сифатида тан олинмаган, унинг тушунчаси ва таркиби ёритилмаган.

Кўриниб турибдики, ҳуқуқий статистика қайсидир маънода давлат статистикаси ва ҳуқуқий ахборот тизимидан ташқарида қолган. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳуқуқий статистика алоҳида ҳуқуқий тушунча ва ягона шаклдаги ресурс сифатида юритилмайди ҳамда бу соҳага жавобгар бўлган мутасадди идоралар аниқлаштирилмаган.

Гарчи Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва баъзи бошқа идораларнинг веб-сайтларида жиноятчилик тўғрисида айрим маълумотлар жойлаштирилаётган бўлсада, аксарият ҳолда улар умумий характерга эга.

Масалан, Давлат статистика қўмитасининг сайтида жойлаштирилган ҳуқуқий статистик маълумотларда “2020 йил учун давлат статистика ишлари дастури”да назарда тутилган “фош этилган ва фош этилмаган жиноятлар тўғрисида”, “иқтисодиёт асосларига қарши, хўжалик фаолияти соҳасидаги, бошқарув органларининг фаолият тартибига қарши жиноятчилик билан курашиш натижалари тўғрисида”ги маълумотлар мавжуд эмас.

Шунингдек, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида маълумот” ўрнига ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар (тарғибот-ташвиқотлар, якка тартибдаги профилактик тадбирлар ва ҳ.к.)га оид умумий тарздаги статистик кўрсаткичлар келтирилган.

Ваҳоланки, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги статистик маълумотларни тўлиқ тарзда, тегишли категорияларга ва турларга бўлган ҳолда акс эттириб эълон қилиниши жиноятчиликка қарши курашишнинг самарадорлиги ва хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун муҳим ҳисобланади. Умуман олганда ҳуқуқий статистиканинг тўлиқ эмаслиги ва унинг умумий тарзда берилиши ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилишга имкон бермайди. Зеро Ўзбекистонда ҳуқуқни қўллашнинг барча масалалари бўйича статистика юритилади, аммо натижаси эълон қилинмайди.

Шу билан бирга, охирги йилларда ҳуқуқий статистикани такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябрдаги ПФ–5566-сонли “Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан 2018 йил 1 декабрдан бошлаб жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жиноят ишлари ҳаракатланишининг ягона ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилиши белгиланди, “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона тизими жорий этилди.

Ушбу Фармон жиноий-ҳуқуқий статистика маълумотларини йиғиш, умумлаштириш, юритиш, қайта ишлаш, таҳлилини олиб бориш каби масалаларни тартибга солишга хизмат қилди. Натижада, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноятчилик тўғрисида маълумотларни доимий равишда ва тўлиқ тўплашга кўпроқ эътибор беришни бошлади.

Бироқ, бугунги кунга қадар амалдаги қонунчиликда ҳуқуқий статистика тушунчаси ўзига қандай маълумотларни қамраб олиши аниқ очиб берилмаган, унинг фақат жиноий-ҳуқуқий қисмини эмас, балки маъмурий ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларни ҳам қамраб олган ҳолда доимий равишда умумлаштириш, таҳлил қилиш ва эълон қилиб бориш мажбурийлиги назарда тутилмаган.

Хорижий тажриба
Халқаро амалиётга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳуқуқий статистикага қуйидагилар киритилади:
– жиноий ишлар бўйича судгача иш юритиш (жиноятни таъқиб қилувчи органлар);
– жиноий ишлар бўйича суд ишларини юритиш (жиноят ишлари бўйича судлар);
– фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича иш юритиш (фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар);
– ҳукмларни ижро этиш (жазони ижро этиш органлари тизими);
– суд ҳукмларини ижро этиш (давлат ижрочилари ва ҳ.к.).

Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш натижалари яна шуни кўрсатдики, кўп мамлакатларда ҳуқуқий статистика мунтазам равишда таҳлил қилинади ва тўлиқ нашр этилади.
Масалан, Японияда Адлия вазирлиги қошидаги Тадқиқот ва малака ошириш институти томонидан қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни
ўз ичига олган “Жиноятчилик тўғрисида ахборотнома” нашр этилади:
– жиноятчилик ва жиноятчиларга таъсир кўрсатиш чоралари тенденцияси;
– жиноятларнинг айрим турлари динамикаси (гиёҳвандлик, уюшган жиноятчилик, молиявий-иқтисодий жиноятлар, оилада, алоҳида субъектлар томонидан содир этилган жиноятлар ва бошқалар);
– такрор жиноятлар;
– жиноят қурбонлари.

Юқоридаги статистик маълумотлар адлия, прокуратура, ички ишлар органлари ва бошқа идоралар томонидан Тадқиқот ва малака ошириш институтига юборилади. Тадқиқот ва малака ошириш институти ўз навбатида жиноятчилик билан боғлиқ статистикани таҳлил қилади ва оммага эълон қилинишини таъминлайди.

АҚШда бундай фаолият билан адлия тизимидаги махсус давлат ташкилоти сифатида фаолият юритувчи Адлия статистика бюроси шуғулланади. Бюро статистик маълумотларни таҳлил этиш ва нашр этишдан ташқари ҳуқуқий сиёсатни ўрганишнинг бошқа методларини ҳам фаол қўллайди.

2019 йилга келиб ушбу ташкилот томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилган:
1. 135 минг фуқаро билан жиноятчиликнинг қурбонлари сифатида юзага келиши мумкин бўлган тажрибаси тўғрисида сўровнома ўтказилган;
2. Судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган 50 минг давлат органи ва бошқа идораларнинг фаолияти таҳлил қилинган;
3. Конгресс, Президент администрацияси, Адлия вазирлиги, одил судловни амалга оширувчи органлар ва топшириғига кўра юзлаб амалий тадқиқотлар ўтказилган.

Россияда ҳуқуқий статистиканинг ахборот-таҳлилий портали жорий этилган. Бу портал жойларда ва давлат миқёсида содир этилган жиноятчиликнинг ҳолати тўғрисида ахборот бериш, жиноий вазиятни тавсифловчи бир қатор кўрсаткичларга асосан бошқа давлатлар билан солиштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Портал Бош прокуратура томонидан юритилади ва интернет тармоғида барчанинг фойдаланиши учун очиқ.

Ҳуқуқий статистиканинг очиқлиги нима беради?
Хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда барча турдаги ҳуқуқий статистика бўйича таҳлиллар ўтказиш ва натижаларини эълон қилиб бориш биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзлари учун маъмурий ва жиноий ҳуқуқбузарликларга қарши курашдаги камчиликларни яққол кўрсатиб беради, улар фаолиятини такомиллаштириш, суд ва тергов амалиётига таъсир этувчи ижобий ва салбий томонларини аниқлашга ёрдам беради.

Бундан ташқари, ҳуқуқий статистиканинг очиқлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Хусусан, Оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий тадқиқот билан шуғулланувчи ташкилотлар ва умуман исталган фуқаролар учун ҳуқуқий статистика маълумотлари билан танишиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш аҳволига мавжуд камчиликларни кўрсатган ҳолда ҳолис баҳо бериш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Муҳокама қилинаётган масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳуқуқий статистиканинг очиқ эълон қилинишини йўлга қўйиш Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиб келаётган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрўси янада ошишига хизмат қилади.

Аъзам Мадаминов
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар статистикаси очиқ эълон қилиб борилиши керак