00:23 / 11.08.2020
3 673

Уч шapпa

Уч шapпa
Январь кечаларидан бири. Кўчада уч шарпа кетмоқда. Совуқ нигоҳларида фақат қўлга киритилажак бойлик ҳирси ёнади. Қўйни-қўнжи темир ва ёғоч калтакларга тўла бу кимсалар ҳеч нимадан тап тортмасди шу топда…

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида ҳали йигирмага ҳам кирмаган икки навқирон йигит ва бир ўсмирнинг жинояти кўриб чиқилди. Улар босқинчилик ва қотилликда айбланмоқда эди.

Қайд этилишича, уларнинг етакчиси Зокир Оролов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2000 йилда туғилган. Қарши шаҳридаги коллежнинг 3-босқич ўқувчиси. Аввал судланмаган, бўйдоқ. Қарши шаҳрида яшаган.

Жиноий гуруҳнинг навбатдаги аъзоси Бобобек Элмуродов ҳам 2000 йилда туғилган. Қарши шаҳридаги коллежнинг 3-босқич ўқувчиси. Илгари суд ҳукмига асосан айбли деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баравари миқдорида жарима тайинланган, сўнг бу жазо суд ажримига асосан 13 кун озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Бобобек бу жазони ўтамаган. Бўйдоқ, Тошкент шаҳрида рўйхатда туриб, Қарши шаҳрида яшаган.

Гуруҳнинг кенжа аъзоси, вояга етмай туриб жиноят содир этган Сардор Бахтиёров 2002 йилда туғилган. Қарши шаҳридаги коллежнинг 3-босқич ўқувчиси. Муқаддам судланмаган, бўйдоқ, Қарши шаҳрида яшаган.
* * *
Зокир дарсдан сўнг курсдоши Сардор билан нон цехида ишларди.
– Бўлмаяпти, қўл ишга бормаяпти, – деди Зокир уф тортганча Сардорга. – Кўпроқ пул топиш керак.
– Ўғирлик қиламиз, – деди Сардор атрофга аланглаб. – Бирор жой топармиз…

– Маҳалламизда Хушнуд деган домла бор, – деди Зокир. – Эртага Самарқандга ишга кетади. Уйида фақат чол-кампир қолади. Кечаси борамиз. Пули кўп уларнинг. Фақат икковимиз қийналиб қоламиз. Яна бир шерик топиш керак…
– Бўпти, мен топаман, – деди Сардор.

Эртаси куни Сардор коллежда таниши Бобобекни гапга солди. У ҳам пули йўқлигидан қийналиб юрган экан. Сардорнинг таклифи унга мойдай ёқди.
– Бир кечада беш миллион сўмли бўласан, – дея авради уни Сардор.

Кечқурун учови нон цехининг қоровулхонасида учрашишди. Кели­шилганидек ҳаммаси қуролланиб олганди. Кимдадир арматура бўлаги, пичоқ, кимдадир темир қувур, кимдадир таёқ, арқон… Юзларини кўриш учун тешик очилган эски шапка ва дўхтирларнинг ниқоби билан тўсадиган бўлишди…

Бироқ бу хонадонда уларнинг ови юришмади. Девор ошган йигитчалар эшик олдида кўплаб пойабзал турганини кўриб қолишди. «Эҳ, меҳмонлар бор экан», – дея шивирлади Зокир. Индамай ортга қайтишди.

«Бир ҳафтадан кейин яна борамиз…», – деди Зокир шерикларини юпатиб. Йўл-йўлакай яна бир хонадонни нишонга олишди. Аммо Бобобек уларни фикридан қайтарди:
– Бу уй эгасининг пули бўлганида уйи шундай хароба бўлиб ётармиди? – деди ҳовлига ишора қилиб. – На ҳовли девори, на дарвозаси бор… Кирганингга арзимайди…
– Ерқўрғон бозори томонда Зубайда холам туради, – деди Сардор ҳовлиқиб. – Юз миллион сўм пули бор. Аниқ биламан. Ўша ёққа борайлик…
Бобобек ажабланиб унга қаради. Бироқ Сардор парво ҳам қилмасдан уларни холасининг уйини тунашга қистарди…
* * *
Бозор атрофидаги маҳаллалардан бирига етиб борганларида вақт ярим тундан ошиб кетганди. Сардор холасининг уйи томон бошлаб бораркан, шерикларига уйнинг тузилишини тушунтирарди.

– Фақат пул қаерда туришини холамнинг ўзи билади… – деди у охирида.

Девор ошиб ҳовлига тушишди. Зокир ва Бобобек бошларига тешикли шапкаларини илиб олишди. Сардорбек эса тиббий ниқобни юзига тақди. Ичкарига киришди. Сардор қўлидаги телефонининг чироғини ёқди. Кимдир ерда кўрпачада ухлаб ётган Зубайда опанинг оёғига қоқилиб тушди. Аёл уйғониб кетиб бақира бошлади. Босқинчилардан бири унинг оғзини кафти билан ёпди. Бошқаси арматура билан дуч келган ерига ура бошлади.

Бу орада аёлнинг ўғли Анварни ҳам бошига уриб сулайтиришга улгуришди. Унинг бошидан сачраган қон деворни бўяди. Кўз ўнгида содир бўлаётган бу даҳшатдан аёл эсдан оғар даражада қўрқувга тушиб, қонига бўялгани ҳолда босқинчиларга илтижо қиларди:
– Нима десаларинг бераман, фақат ўғлимга тегманглар…

Босқинчилардан бири унинг бўғзига пичоқ тиради. Бошқаси эса яна Анварни калтаклай бошлади.
– Пул қани? – ғазабнок тарзда вишиллади шарпалардан бири.

Аёл инграганича ишора қилди:
– Гиламнинг тагида…

Бироқ ҳамма жойни титкилаган босқинчилар кўзлаган пулини топа олишмади. Яна она-болага азоб беришга ўтишди. Зубайда опанинг кўз ўнгида Анварни темир билан калтаклаб, тинчиб қолганидан сўнг кўрпачага ўраб, устидан хонтахтани бостиришди.

Бу орада босқинчилардан бири сандиқдан пул ва қимматбаҳо тақинчоқлар турган қутичани топиб олди.
– Аёлни бир бало қилмасак бўлмайди, – деди Зокир ҳаллослаганча. – Юзимни кўриб қолди. Айтиб беради ҳаммага…

Шундоқ ҳам ҳолдан тойиб ётган аёлнинг томирини кесишди. Сўнг уни ҳам кўрпачалар билан ўраб, устидан сандиқни бостиришди…
Пул ва тақинчоқдан ташқари турли-туман кийимлар, атир ва телефонларни апил-тапил сумкаларига солишди. Қонга бўялган темир бўлакларини ҳожатхонага ташлашди ва кўчага отилишди…

Нон цехига келиб, нарсаларни бўлиб олишди. Эгнидаги кийимларини, таёқни цехнинг орқа томонида ёқиб юборишди.
* * *
«Ия, ҳали бу аёл тирик экан-ку, унинг томирини кес, шунда ўлади…». Зубайда опага бу сўзлар узоқдан эшитилгандай бўлди. Босқинчилардан бири унинг ўнг қўли томирини кесиб юборганини сезди. Бошига эса яна темир билан ура бошлашди. Оғриққа чидашнинг имкони йўқ эди. Бироқ аёл бошини ерга ташлаб, ўзини ўлганга солмаса, бу ваҳшийлар қўлидан қутулиши амримаҳол эканлигини, унда ўғлига ҳам ёрдам бера олмаслигини ўйлаб, ерга йиқилди.

Уни калтаклаётган босқинчи қўлини қайириб кўрди. Аёл барча азобларга дош бериб, овозини чиқармасдан, кўзларини юмиб ётди. Тиббиётдан яхши хабари бўлгани учун кесилган қўлини қаттиқ букиб олди. Босқинчилар ҳамма жойни титкилашди… Устига кўрпача ташлашаётганда ҳам кўрпачанинг пастки қисмини қўллари билан очиб олиб, нафас олишга имкон топди. Аммо кўз олди қоронғулашиб, ҳушидан кетди.

Кўзини очганида, устига кўрпа-кўрпачалар ва яна нималардир уйиб ташланганини сезди. Бир кўзи кўрмай қолганди. Шунда ўғли Анвар ётган томонга қараб у диванда йўқлигини кўрди. Деворга қон сачраганди.

Аёл бир амаллаб дарвозахонага, кейин судралиб кўчага чиқди. Ҳоли қолмагани учун ерга ётиб қолди. Яна бироз куч йиғиб, судралиб бориб, инг­раганча қўшниларини ёрдамга чақирди. Қўшнилар ерда қонига қорилиб ётган Зубайда опани кўриб, даҳшатдан донг қотишди…
* * *
Аёл шифохонада кўзини очди. Шифокорлар бир амаллаб унинг ҳаётини сақлаб қолишди. Боши, юзи, лабини тикишди. Бурни ва жағи ҳам синган эди, малҳам қўйиб, боғлашди. Тез орада Зубайда опанинг опаси Зарнигор опа турмуш ўртоғи ва ўғли Сардор билан етиб келишди. Опаси ва жияни боши устида парвона бўлишди. Бироқ ички ишлар ходимлари етиб келиб, жиноятчилар ушлангани ҳақида хабар беришганида ўзини меҳрибон тутаётган Сардор талмовсираб қолди. Қайта-қайта Анварнинг тирик ё ўлганини сўрай бошлади…

Зубайда опанинг ўртанча ўғли Эркин Анварнинг вафот этганини хабар қилди.
* * *
Суд ҳукм қилди. Унга кўра Зокир Оролов 19 йил, Бобобек Элмуродов 18 йилу 6 ой, Сардор Бахтиёров эса 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Шунингдек, судланувчилардан жабрланувчиларга қопланмай қолган 122 млн. 674 минг 294 сўм моддий зарар, Анвар Тоштемировни дафн этиш харажати ҳамда 60 млн. сўм маънавий зарар ҳам ундирилди.

Ундирилган зарар йигит ёшида увол кетган Анварни қайтара олмайди. Зубайда опа чеккан оғриқ, изтиробларни қоплай олмайди. Жиноятчиларнинг панжара ортида ўтажак ёшлигини ҳам тиллолар билан ўлчаб бўлмайди…

Равшан ХУРРАМОВ,
Қашқадарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уч шapпa