15:40 / 09.09.2020
2 491

Меҳнат шартномасида жамоа шартномасининг тутган ўрни

Меҳнат шартномасида жамоа шартномасининг тутган ўрни
САВОЛ: Меҳнат жамоасини қўллаб-қувватлашда сизнингча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар етарлими?
ЖАВОБ: Мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида инсон ва унинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатни яққол кўришимиз мумкин. Масалан, суд-ҳуқуқ соҳасига оид қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши, унинг иштирокчилари бўлган субъектларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга, уларнинг чин мустақиллигини таъминланлашга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бироқ, корхонада иш фаолиятини самарали йўлга қўйиш, ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилаш, уларга қулай меҳнат шароитларини яратиш учун иш берувчига фақтгина қонун ҳужжатларининг ўзи етарли бўлмайди.

САВОЛ: Унда локал ҳужжатларга бўлган эхтиёжни қандай баҳолаш мумкин?
ЖАВОБ: Аҳамиятли томони шундаки, қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ёки тўлиқ очиб берилмаган ҳаволаки мазмундаги нормалар мавжуд, улар локал ҳужжатлар орқали тўлдирилади, норма ҳолига келтирилади ва шу орқали тартибга солинади. Бошқача айтганда, локал ҳужжатлари моҳиятан ходимни бир меҳнат жамоасининг аъзоси эканлигини, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари муносиб ҳимоя этилинишини ҳам кафолатлайди.

Бугунги кунда замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларга бўлган эхтиёж, талаб кучли.
Тасаввур қилинг! Сиз раҳбарлик қилаётган корхонага шундай ходимни жалб қилмоқчисиз! Уни нима билан қизиқтирасиз, корхона имиджи ёки иш ҳажми биланми..., давлат томонидан яратиб берилган иш шароити биланми...? булар ҳам керак, лекин, буни ўзи етарли эмас, уларни ижтимоий-иқтисодий томондан Сиз бера оладиган, таклиф қила оладиган қўшимча имтиёзлар орқали жалб қилишингиз мумкин, шу муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Корхонага ходимларни танлаб олиш ва жой-жойига қўйиш, ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари учун қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек меҳнат муносабатларининг бошқа жиҳатларини тартибга солишга бўлган эхтиёждан келиб чиқиб, локал ҳужжатлар яратилади.
Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари қадам қўйишда, рақобатлашаётган корхоналар сони кўпайди ва шу сабабли ҳам корхонада жамоа шартномасига бўлган эхтиёж ҳам тобора ортиб бормоқда...

САВОЛ: Локал ҳужжатларининг қандай турлари бор ва улар орасида жамоа шартномаси нимаси билан фарқланади, нима учун мухим деб биласиз?
ЖАВОБ: Маълумки, айрим тоифадаги локал ҳужжатлар масалан, корхона устави, таркибий бўлинмалар низомлари, иш юритиш йўриқномалари корхона ва унинг структурасини тўғри ишлашини таъминлашга хизмат қилади, шу сабабли улар иш берувчилар томонидан мустақил ишлаб чиқилади ва тасдиқланади, ички тартиби қоидалари, одоб-ахлоқ нормаси, жамоа шартномаси, таътиллар графиги ва шу каби локал ҳужжатлар қўшимча тарзда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳам кўзлайди, шу сабабли улар касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида, ҳамкорликдаги ижтимоий шериклик шаклида ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим.
Биз шу ўринда фақатгина корхонада юритиладиган жамоа шартномасини тузиш ва унинг мазмуни ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

САВОЛ: Жамоа шартномасига, уни қабул қилиш тартибига, эътиборли жихатига батафсилроқ тўхталсангиз?
ЖАВОБ: Жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат хисобланади.
Жамоа шартномасида ходимларга оид қўшимча имтиёзлар, меҳнатга оид муносабатлар ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлар тартибга солинади.
Жамоа шартномасини тузишдан олдин иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи ўртасида музокаралар олиб борилади. Музокоралар олиб бориш жамоа шартномаси ишлаб чиқишдаги дастлабки босқич саналади. Жамоа шартномасини тузиш, қандай масалаларни киритиш, тарафлар бўлиб, қандай мажбуриятларни бажарамиз...? каби саволларни ўртага ташланади.

Жамоа шартномасини тузишда тарафлар сифатида бир тарафдан, ходимлар манфаатини ифодаловчи – касаба уюшмаси ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органи, иккинчи тарафдан, бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар иштирок этади. Яъни, жамоа шартномаси бир шахс томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши қонун нормаларига мувофиқ ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 30-моддасида жамоа шартномаларии тузишнинг асосий принциплари белгилаб берилган, унга кўра, қонун ҳужжатлари нормаларига амал қилиш (жамоа шартномасининг ҳеч бир нормаси амалдаги қонун ҳужжатларига зид ёки оғирлаштирувчи хусусиятга эга бўлмаслиги лозим), тарафлар вакилларининг ваколатлилиги (ҳеч бир шахс жамоа шартномасини мустақил тузиш ҳуқуқига эга эмас, яъни, ходимга жамоа томонидан шундай ваколат юклатилган бўлиши лозим), тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги (иш берувчи ўз ваколатидан фойдаланиб, нормаларни белгилашда устунлик қилишига йўл қўйилмайди), жамоа шартномалари мазмунини ташкил этувчи масалаларни танлаш ва муҳокама эркинлиги (жамоа шартномаси лойиҳаси ташаббускори ундаги нормаларни эркин муҳокамага қўйиши, иккинчи томоннинг таклафларини хисобга олиши лозим) мажбуриятлар олишнинг ихтиёрийлиги ва олинаётган мажбуриятларнинг ҳақиқатда бажарилишини таъминлаш (мажбуриятлар ихтиёрий белгиланади, бунда ҳеч бир тарафга ваколатидан ташқари мажбурият юкланишига йўл қўйилмайди) текшириб боришнинг мунтазамлиги (ҳар икки тараф олинган мажбуриятларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилигини назорат қилиши ва текришиб бориши мумкин), жавобгарликнинг муқаррарлиги. Ушбу принциплар тарафлар ўртасида адолат ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

САВОЛ: Жамоа шартномаси юқорида қайд этилган принциплар асосида амалга оширилар экан, унинг мазмунига қандай масалалар киритилади?
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари манфаатлари улар томонидан ифода этилаётган ходимлар номидан жамоа музокараларини олиб боришга, жамоа шартномалари ва келишувларини тузишга бўлган устувор ҳуқуққа эга эканлиги белгиланган.

Корхоналарнинг ички хусусийятидан келиб чиқиб, қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлар жамоа шартномаси мазмунига киритилиши мумкин:
меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;
ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиб олиш шартлари;
иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари;
ходимларнинг, шу жумладан аёллар ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экология жиҳатидан хавфсизликни таъминлаш;
корхонани ва идорага қарашли турар жойни хусусийлаштириш вақтида ходимларнинг манфаатларига риоя қилиш;
ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар;
ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта;
иш берувчи томонидан ўз ходимларининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;
жамоа шартномасининг бажарилишини текшириб бориш, тарафларнинг жавобгарлиги, ижтимоий шериклик, касаба уюшмалари, ходимларнинг бошқа вакиллик органларига фаолият кўрсатиш учун тегишли шароит яратиб бериш.

Бундан ташқари, корхонада ишловчи ходимларнинг меҳнатини рағбатлантирувчи (қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган нормалар ва қоидаларда кўрсатилганига қараганда имтиёзлироқ) меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартларни ҳам жамоа шартномасида белгилаб олишлари мумкин.

Жумладан, қўшимча таътиллар, пенсияларга тайинланадиган устамалар, муддатдан илгари пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар, ходимларнинг фарзандларини мактабда ва мактабгача тарбия муассасаларида текин ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, ходимларни дам олиш масканлари (санаторий)да имтиёзли даволанишлари, уларнинг 12 ёшгача болалари учун ёзги оромгоҳларда имтиёзли дам олишларига имкониятлар яратиш ва бошқа қўшимча имтиёз ҳамда компенсацияларни киритиш мумкин.

Мухтасар айтганда, жамоа шартномасининг корхонада мавжудлиги бу ютуқ хисобланади. Энг муҳими уни расмиятчилик учун қабул қилинмай, ўз ўрнида адолатли ҳамда шаффоф усулда ишлатилиши, корхонанинг жамиятдаги ўрнини, иш берувчининг ходимлар ўртасидаги обрў-эътибори ва ҳурматини, ходимларнинг жамоадаги ўрнини янада мустаҳкамлашга, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ахволини яхшилашга, ходимлар хизматини муносиб рағбатлантириш орқали корхонада меҳнат унумдорлигининг юқори бўлишига шубҳасиз хизмат қилади.

Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Тайёрлаш курслари декани
Шавкат ХАМРАҚУЛОВ

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Меҳнат шартномасида жамоа шартномасининг тутган ўрни