16:04 / 26.03.2021
2 729

Отвёртка қачондан хавфли буюм бўлиб қолди?

Отвёртка қачондан хавфли буюм бўлиб қолди?
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота тумани Токзор маҳалласи ҳудудида ҳаракатланган Спарк автомобили тўхтатилиб, ҳайдовчининг ёнидан отвёртка чиққани учун ЙПХ ходими томонидан мазкур ҳолат бўйича далолатнома тузилгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ ЙҲХББ ҳолатга изоҳ билдириб, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилоят ИИББ томонидан суриштирув олиб борилаётганини маълум қилди.

Расмийлаштирилган далолатнома суратидан холислар иштирокида тинтув ўтказган Зангиота тумани ХПБ ТП профилактика инспектори Абдуҳамид Алманов «автомашинада тинтув ўтказилганда ўткир тиғли, қора сопли отверка топилди» дея ёзув киритганини билиб олиш мумкин.

Ушбу воқеа юзасидан ИИВ ЙҲХББ томонидан берилган маълумотда 2021 йилнинг 23 март куни соат 23:00ларда, Тошкент вилояти, Зангиота тумани, «Токзор» МФЙ ҳудудида жойлашган блокпостда хизмат олиб борган ЙПХ ходими Ж.Искандаров томонидан «Спарк» русумли автомобиль тўхтатилгани, холислар иштирокидаги текширув давомида ХПБ ТП профилактика инспектори А.Алманов томонидан автомобилда мавжуд бўлган отвёртка ўткир тиғли восита дея эътироф этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгани ҳамда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилди.

Ушбу вазиятда ички ишлар ходими томонидан тинтув ўтказилишига туртки бўлган ҳолатлар бизга қоронғи. Аммо аниғи шуки, у ҳайдовчини автомобилидан оддий «отвёртка» чиққани важи билан маъмурий жавобгарликка тортиш мақсадида далолатнома тузган.

Маълумки, бир неча ой олдин «Қурол тўғрисида»ги Қонунга қўшимчалар киритилиб:
  • фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юриш;
  • қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида, шу жумладан, шаҳар транспортида, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш;
  • совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, жамоат жойларида олиб юриш тақиқланди.

Ушбу тақиқларни бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бу бўйича жавобгарлик белгиловчи 185-2 ва 185-3-моддалар киритилди.

Юқоридаги вазиятда ҳайдовчини ушбу моддалардан бири билан жавобгарликка тортиш учун отвёрткани совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашё деб баҳолаш мумкинми?

Ушбу саволга жавоб олиш учун «Қурол тўғрисида»ги қонундан юқоридаги икки тушунча нималарни билдиришини аниқлаб олиш лозим бўлади.

Ушбу қонунда совуқ қуролга — шикаст етказиладиган объект билан бевосита тўқнашиш чоғида одамнинг жисмоний кучи ёрдамида нишонни уриш учун мўлжалланган қурол, дея таъриф берилган.

Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар сифатида — касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи ашёлар (пичоқлар, бигизлар ва бошқа учи ўткирланган санчиладиган, кесувчи ашёлар), жисмоний куч ишлатганда шикаст етказиши мумкин бўлган ашёлар (бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар) саналган.

Юқоридаги таърифларни кўра туриб, отвёртка совуқ қурол сифатида ишлатиш мумкин бўлган ашёлар тоифасига кирадигандай туюлса-да, аммо аслида ундай эмас. Чунки, совуқ қурол сифатида ишлатиш мумкин бўлган ашёлар касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган бўлиши билан бирга тиғли, кесувчи ёки учи ўткирланган (масалан, бигиз каби) ашё бўлиши керак. Отвёрткада эса тиғ ҳам, кесувчи қисм ҳам, ўткир уч ҳам йўқ. Бунинг устига отвёртка автомобилда ҳавасга ёки ўзини ўзи ҳимоя қилиш учун олиб юрилмаслигини ҳамма яхши билади. Отвёртка турли техник носозликлар вужудга келганда уларни бартараф этиш учун ишлатиладиган муҳим иш қуроли ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган совуқ қуролнинг намунавий классификаторида ҳам «отвёртка» кўрсатилмаган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, профилактика инспекторларига ва бошқа масъул ходимларга қайси буюм совуқ қурол, қайси буюм совуқ қурол сифатида ишлатиш мумкин бўлган ашё бўлиши мумкинлигини яхшилаб тушунтириш лозим. Токи, эртага йўлда кетаётган ҳар бир ҳайдовчи беҳуда тўхтатилиб, асоссиз сўроққа тутилавермасин. Зеро, нормал шароитда ҳар 10та автомобилдан 9тасида отвёртка борлиги (ва техника хавфсизлиги нуқтайи назаридан бўлиши шартлиги)ни унутмаслик керак.

Аббос Салайдинов, Ҳуқуқшунос.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Отвёртка қачондан хавфли буюм бўлиб қолди?