14:14 / 08.05.2021
1 109

Зиёлилар ҳукуматни коррупцияга қарши янада қаттиқроқ туришга даъват этди

Зиёлилар ҳукуматни коррупцияга қарши янада қаттиқроқ туришга даъват этди

Ҳар қандай соғлом жамият бошқарувида муаммолар ечимига зиёлилар, уламолардан фикр олинади, ислоҳотлар уларнинг иштироки, маслаҳати билан қилинади.


Хўш, коррупция илдиз отиб кетган бугунги ўзбек жамияти ҳақида зиёлилар нима дейди? Нега жамиятимиз бу иллатдан қутула олмаяпти?
Амалдаги ҳукумат коррупцияни имкон қадар камайтириш учун қандай шошилинч чораларни кўриши керак?

Kun.uz шу каби саволлар юзасидан қатор таниқли диний уламо, ёзувчи ва жамиятшунос олимлардан фикр олиб, халққа, ҳукуматга етказиб келмоқда.

Қуйида ёзувчилар: Эркин Аъзам, Исажон Султон, диний уламо Мубашшир Аҳмад ва таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков ўз фикрлари, танқид, тавсиялари билан ҳукуматни коррупцияга қарши қаттиқроқ туришга даъват этди.

«Коррупцияни йўқотишнинг оддий формуласи: мамлакатда қонунлар ва жавобгарлик ҳаммага тенг бўлсин» — Эркин Аъзам, ёзувчи

Коррупция ҳақида кўп гапиряпмиз. Унинг илдизи аввало нафсга бориб тақалади. Одам эса нафссиз яшолмайди. Лекин нафсга бўйсунишнинг ҳам чегараси бўлиши керак.

Хўш, нега жамиятимизда коррупция бунчалик қулоч ёйиб кетди? Чунки ўз вақтида коррупционерга, порахўрга ва шу иллатни касб қилиб олган амалдорларга керакли ва адолатли жазо берилмади. Жамиятда бу борада эркалик бошланди ва у ҳамон давом этяпти.

Биласизми, коррупция, уни жиловлаш ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Лекин унга қарши курашнинг жуда оддий формуласи ҳам бор: мамлакатда қонунлар ва жавобгарлик ҳаммага тенг бўлсин.
Ҳеч ким жазодан яширилмасин, аялмасин, кечирилмасин. Агар ният коррупцияни чиндан йўқотиш бўлса.

Халқимиз жуда ювош халқ. Ҳукумати нима деса шуни қилади. Демак, коррупцияни йўқотишни аввало ҳукумат ўзи чиндан хоҳлаши керак.
Халқ коррупцияга қарши ҳукуматнинг иродасини сезар экан, ҳукуматга қулоқ солиб бошлайди, бўлмаса йўқ.

Халқ нима қилиши керак? Биз «ўзбекчилик» деб атайдиган одатлар ичида ҳар хил бемаъниликлар ҳам бор. Биз ўзимиз йиллар давомида азият чекиб келаётган иллатни йўқотмоқчи эканмиз, унга қарши ортиқча, андиша, юзхотирчилик одатларимизни йўқотишимиз керак.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигини туздик. Бу яхшидир, лекин коррупция илдизини ҳар хил, қўмита ва агентликлар тузмасдан ҳам қирқиш мумкин. Масалан, прокуратуранинг ўзи ҳам қилолади бу ишни. Боя айтганимдек, қонун ҳаммага тенг ишласа бўлди.

 «Жамиятда амримаъруфлар, накий мункардан кўпроқ фойдаланиш керак» – Мубашшир Аҳмад, диний уламо

Аввало коррупциянинг пайдо бўлиш омилларини кўриб чиқиш керак. Бу омиллардан қуйидагиларни эътироф этган бўлардим:
Биринчидан, инсоннинг шахсий ғаразлари: мол-мулкка ўчлик, тезроқ ва кўпроқ бойликни қўлга киритиш. Яъни нафс омили.
Инсон ахлоқий мезонлардан йироқ бўлар экан, нафс қулига айлана боради. Жумладан, коррупцияга ўрганади.

Иккинчидан, жамиятда ватанпарварлик ва ахлоқий туйғулар пасайиб кетиши. Бунда жамиятдаги таълим-тарбия издан чиққани ҳам коррупцияни пайдо қилади.

Учинчидан, жамиятнинг фасодга бепарволиги ва унга бутунлай кўникиб кетиши. Фасод – бу инсонлардаги пора бермасам мени ишим битмайди деган вазият ёки тушунчадир.

Тўртинчидан, коррупцияга йўл очиб берувчи бузуқ муҳит. Бу қонунлардаги бузуқлик ва яратилган имкониятлардан ҳамма тенг фойдаланолмаслиги, бунинг учун имконият берилмагани.
Ёки қонунлар чиройли ёзилган бўлса-да, унинг тўлиқ ишламаслигидир. Бунда ижтимоий назоратнинг йўқлиги ёки ўта суст эканлиги ҳам рол ўйнайди.

Айнан бугунги ҳолатимизда бизда суст бўлса-да, ижтимоий назорат бор, лекин унга давлат томонидан эътибор кучли эмас.
Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги коррупционерларга нисбатан жуда юмшоқ, шу билан бирга, қонунлар татбиқ қилиниши жуда секин.
Шунингдек, муқобил томон – коррупциядан жабр кўрадиганларда ҳуқуқий билим юқори эмас.

Афсуски, жамиятимизда амалга кўтарилишнинг ахлоқий мезонлари мавжуд эмас. Таниш-билишчилик, пора билан лавозимга кўтарилиш ҳамон кучли. Табиийки, амалга ўтириш учун пул сарфлаган одам уни бир неча баробар қилиб, тезроқ қайтариб олишга ҳаракат қилади. 
Шариатимизда мен санаган юқоридаги барча ҳолатлар қораланган, уларни йўқотиш кераклиги ҳақида гапирилган. Уларнинг барчасига ҳозир тўхталиб ўтирмоқчи эмасман.

Шуниси аниқки, одамлар қачон ўша қоидаларни тўлиқ англаб етса, шариат қоидалари ишлаб, фойда бера бошлайди.
Бу қоидалар жамиятга у ёғидан, бу ёғидан олиб, айрим қисмлари билан татбиқ қилинар экан, ўз самарасини кўрсатмайди. Кўп нарсалар қуруқ сўзга айланиб қолади.

Дин кишиси, уни озми-кўпми ўрганган киши сифатида ҳукуматга айтмоқчиманки, ҳозирги коррупционерларнинг бўйни жуда йўғонлашиб, илдизи чуқурлашиб кетган. Бунга қарши фақатгина қонунларни кучайтириш, жазони муқаррарлаштириш ва шу жиҳатларни ҳаммага тенг жорий қилиш билан курашиш мумкин.

Коррупционерларга диний таълимот етиб бориши жуда қийин. Уларнинг нафси ҳакалак отиб кетган. Тарбия бутунлай издан чиққан. Қайтараман, бунга қарши қонунларни қаттиқлаштириш керак.

Шунингдек, жамиятда амримаъруфлар, накий мункардан кўпроқ фойдаланиш керак. Афсуски, бунинг тўғрилигини билсак-да, унга йўл бериш масаласида катта муаммолар бор.

«Етарли даражада курашилмаса, халқнинг ҳукуматга ишончи тушиб бораверади» — Қобилбек Каримбеков, МТРК сиёсий шарҳловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Саратон, спит, оққон, коронавирус... (ва ҳ.к.) Дунёда қандай ёмон касаллик борки, коррупция шулардан ортиқ бўлса, ортиқ, асло кам эмас. Бу ҳам эпидемия. Афсуски, бу эпидемия ўзбек жамиятида йиллар давомида илдиз отиб кетган.

Мен бу масалада олимлар билан кўп гаплашаман. Улардан айримлари коррупция фақат қашшоқ, ривожланаётган ва эндигина оёққа тураётган, масалан, Эфиопия, Габон, Сомали, Бангладеш, Мянма каби давлатларда кўп бўлади, деган фикрни беришади. Бу бир жиҳатдан тўғридир. Бироқ мен ўша олимларнинг фикрига тўла қўшилмайманки, ривожланган давлатларда ҳам коррупция авж олган ҳолатлар жуда кўп.

Масалан, Италия, Япония, Жанубий Корея, Франция, Хитой каби. Узоққа бормайлик, яқинда Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози коррупцияда айбланди.

Америка Қўшма Штатларида ҳам коррупция жуда кўп. Россияни гапирмаса ҳам бўлади. Бу давлатда қанча коррупционерлар ўлдириб кетилади, яна қанчаси хорижий давлатларда қочиб юрибди.

Хўш, ҳамма жойда бор экан, Ўзбекистонда шундай рози бўлиб юраверамизми? Йўқ, бунга қарши жиддий, тизимли ва давомли уруш очиш керак. Чунки қайси жамиятда ҳукумат коррупцияга қарши етарли даражада курашмаса, у ерда халқнинг ҳукуматга ишончи тушиб бораверади.

Коррупция авж олган жамиятда бирор фармон, қонун ёки қарорнинг таъсири бўлмайди. Негаки, унинг адолатли ижросига ишонч бўлмайди.
Бизда ҳам шундай психология шаклланганига анча бўлган. Одамларимиз пул бермаса, иш битмайди деган фикрга қаттиқ ишонади.
«Пул бермасанг «прописка» битмайди, пул бермасанг шифохонада сифатли хизмат йўқ, ишга киролмайсан, ўқишга киролмайсан, ишлолмайсан», – дейди улар.

Яхши эслайман, президент Мирзиёев конституциянинг 28 йиллигида айтганди, 2020 йилда 1986та амалдор пора билан қўлга олинган экан.
Эътибор беринг, бу кўчада кўча супураётган фаррош эмас, бу автобусдаги кондуктор ёки боғча, мактаб қоровули эмас. Бу амалдорларимиз.

Менга таскин берадиган биргина кичик жиҳат шу рақамлар айтиляпти. Фикримча, коррупцияга қарши қонунларимиз бироз юмшоқ бўлса-да, бор. Унинг ижроси одамни ўйлантиради.

Бизда пора берган ҳам, олган ҳам айбланяпти, лекин ўртадаги воситачилар қолиб кетаётгандек. Уларга ҳам жазони қаттиқлаштириш керакмикин?..

Шунингдек, бизда поранинг бошқа турлари, автомобил совға қилиш, амалдорнинг «оқ билак» хотинига тилла совға қилиш, эсдалик совға бериш каби ҳолатлар ҳам кўпайиб боряпти. Хўш, буларга қарши қачон кураш бошлаймиз?

«Аслида, инсонлар истаган нарса мол-дунё, бойликлар эмас, адолат» — Исажон Султон, ёзувчи

Мустақилликдан кейинги қийинчиликларга кишилар тишини тишига қўйиб чидагани бор гап. Бироқ, афсуски, ҳар қанча уринишларга қарамай, у жарлик ғойиб бўлмади. Маънавий қадриятларни илғорга чиқарайлик деган шиорлар янграгани билан, аслида гап бошқа, иш бошқа бўлиб чиқди. Энди, буларни батафсил гапириб ўтиришнинг фойдаси йўқ: нималар бўлганини ҳамма яхши билади.
Сон-саноқсиз кишилар «Бу дунёда рўшнолик кўрмас эканмиз, Худонинг олдига ёруғ юз билан борсак бас» дейишди ва мангу манзилларига жўнаб кетишди.

Аслида, улар истаган нарса мол-дунё, бойликлар эмас, адолат эди. Мамлакат бойликларига, кишилар меҳнатига масъул бўлган зотлар адолат қилишса, ҳамма ҳаммадан рози бўларди. Афсуски, маҳалла йиғинидан тортиб давлат маҳкамасининг қоровулигача, борингки, қаерда кишилардан пул ундириб олиш имкони бўлса – тама қилиш одат тусига кирди. Имкон бўлмаса, яратилди. Буларнинг бари давлат билан халқ орасидаги кўп йиллик жарликни янада кенгайтирди. Адабиёт кишилар қалбига назар солади, дейдилар. Назар солинг-у, юзлаб-минглаб қалбларнинг изтиробини кўринг!

Уларни ҳаётда тутиб турган куч нима эканига назар ташланг. Оддий бир ўзбек кишисининг орзу-ҳаваси нимаям бўларди? «Таним соғ, умрим узоқ, болаларимни уйлаб-жойлаб, Худо деб тинчгина ўтирсам бас-да» дейдиганлар қанча? Айни ўша жарлик кишилар орасида ғайришуурий равишда «жон сақлаб қолиш инстинкти»ни шакллантириб берди. Мисол учун, саёҳатга чиққанлар постсовет мамлакатлари кишиларининг учоққа чиқиш эшиги очилганида гуриллаб бари бирданига ёпирилишини айтишади. Аслида хавотирга ҳожат йўқ: чипта қўлида, унда ўриндиқ рақами ёзиб қўйилган. Бу ҳолатда кимдир шошқалоқ оломонни кўрса, кимдир уни шу ҳолга олиб келган жамиятни кўради. Нимаям қилсин, адолатсизлик шу даражада эдики, чиптангиз бўла туриб ҳам учоқдан қолиб кетаверардингиз. Еган ошингиз ўзингизники бўлмасди.

Ҳозир ҳам эрталаб ишга бориш учун кўчага чиқсангиз, муаммоларнинг турли кўринишларига дуч келасиз, улар кишиларнинг тутумларида намоён бўлиб туради. Ўз ташвишларингиз бир ёқда қолиб, бошқаларнинг ташвишларига рўпара келасиз. Булар – жамиятдаги адолатсизликларнинг ҳосилалари, одамлар феъл-атворида пайдо қилган иллатлари, ҳақи олинаверганидан чўчиб қолган кишилар ахийри ён-веридагиларга ҳам ишонмай қўя бошлашининг далил-исботларидир. «Жон сақлаш инстинкти» бу ўринда ҳамма учун бирдай ишлайди, оддий кишилар бир амаллаб ҳақини олдириб қўймасликни истаса, коррупционерлар келажакда шу оддий кишилардай бўлиб қолмаслик учун мансабига ва мансаб туфайли турли йўллар билан келадиган мол-у давлатга жон-жаҳди билан тирмашадилар. 

Ҳозир боя айтиб ўтилган мудҳиш жарликни кўмиб ташлаш ҳақида гап бормоқда. «Халқни рози қилиш» деган гапнинг моҳияти жуда чуқур. Давлат хизматчиси, агар бир ишни халқ розилиги учун қилса, қарийб ўттиз беш миллион кишига, шу жумладан, қариялар, заифлар, ногиронлар, етимлар, муҳтожлар ва яна аллақанча кишиларга қилинган яхшиликнинг савобига эга бўлади. Улар орасида дуоси қабул бўладигани қанча, рози бўлиб дуо қиладигани қанча?

Пировардида, ҳамма гап энг асосий мезонга – адолатга бориб тақалади. «Сизда адолат борми, жаноб?» деб ҳайқиради Анвар, «Меҳробдан чаён»да. «Эй жаҳондори зафар, кавкабаи даври фалак, Гўш қил қиссаи қишлоғи хароби Ҳапалак» деб илтижо қилади Махмур «Ҳапалак» шеърида. Асрлар давомида кишилар орзу қилган адолат мезонлари тўла тикланиши керак. Адолат бўлса, одамлар ҳар қандай қийинчиликка чидайди, ҳар қандай юмушни оғринмай бажаради. Токи меҳнатига яраша қадр кўрсин, давлатидан, яшаб ўтган умридан рози бўлсин. Бу – жамиятда жуда катта силжишга имкон яратади.

Илёс Сафаров тайёрлади.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Зиёлилар ҳукуматни коррупцияга қарши янада қаттиқроқ туришга даъват этди