18:30 / 06.08.2021
3 983

Алишер Қодиров: «Ўзбекистон президенти сайловида ғолиб бўлишни орзу қиляпман»


«Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгашининг 6 август, жума куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари пленумида партия етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров номзоди президентлик сайловида иштирок этиш учун тавсия қилинди. Пленумдан кейин ОАВ вакилларига интервью берган Алишер Қодиров журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

— «Миллий тикланиш» партияси сиз, Содиқ Сафоев ва Феруза Муҳаммаджоновани президентликка номзод сифатида кўрсатган экан. Айтинг-чи, нима учун сизни танлашди?
— Менда бунақа маълумот йўқ. Партиянинг барча фидоийлари жуда узоқ муҳокамадан кейин бугунги кунда партиянинг илгари сураётган ғоялари бўйича менга ишонч билдириш масаласини кўтаришди. Бу масалани бугунги пленумнинг ишончи билан қабул қилдик. Навбатдаги қиладиган ишларимиз — Марказий Сайлов Комиссияси билан ишлаш ва ушбу номзод масаласини якуний партиянинг энг олий органи бўлган съезднинг муҳокамасига бериш. Агар съезд томонидан номзод масаласи ҳам якуний қарор сифатида маъқулланадиган бўлса, биз, албатта, сайловларга киришамиз.

— Номзодингиз бугунги пленумда маъқулланди. Сайлов олдидан нимани орзу қиляпсиз?
— Ютишни, сайловда ғолиб бўлишни.

— Қайси мақсадлар билан?
— Мақсадларимиз дастурларимизда белгиланган. Ўзбекистоннинг ривожланиши, бугунги муаммоларини бартараф этиш, ўзбек халқининг фаровон ва яхшироқ яшаши учун қилишимиз керак бўлган барча масалалар дастурда ўз аксини топган. Биз дастуримизда белгиланган масалаларни амалга ошириш учун ҳамма имкониятларимизни сарф қилган ҳолатда меҳнат қилишга, албатта, ваъда берамиз.

— «Миллий тикланиш» партияси учинчи бўлиб номзодини эълон қилди. Бу ижтимоий тармоқларда қанақа кутиб олинаётганини кузатяпсизми?
— Ижтимоий тармоқлар халқ дегани эмас.

— Лекин халқнинг фаол қатлами...
— Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Чунки биз кўчаларда, бозорларда юрганда шахсан ўзим бир масалага бир неча ойлардан бери эътибор қаратяпман. Ижтимоий тармоқлардаги муносабат билан кўча-кўй, бозорлар, маҳаллалардаги аҳолининг фикри бутунлай бир-бирига тескари тушяпти. Шу нарсага ишончим комилки, ижтимоий тармоқларда бугун фикрларни манипуляция қилиш, оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатиш мумкин. Шу сабабли мен ижтимоий тармоқлардаги фикрларга эмас, бевосита халқимизнинг оддий-оддий қатламларининг фикрларига кўпроқ қулоқ солишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган бўлардим.

— Сайловларда қанча овоз олишни тахмин қиляпсиз?
— Ўзбекистон янгиланди ва Ўзбекистонда янги сайловлар бўлади. Ҳозир Янги Ўзбекистонда бутунлай эркин ва ҳақиқий сайловлар бўлишига тўлиқ ишонамиз. Бу сайловларда ягона мақсадимиз — Ўзбекистоннинг тараққиёти учун ўз дастуримизни таклиф қилиш, ягона сайловчи бўлган ўзбек халқининг хулосаси ва қарорига бўйсуниш. Ниятимиз — ютиш, тахминларимиз — ўзбек сайловчисининг адолатли баҳо бериши.

— Икки йил аввал парламент депутатлигига биринчи уринишда етарли овоз тўплай олмагансиз. Бу гал етарли овоз йиғишга нисбатан ишончингиз қай даражада?
— Ўшанда парламент сайловларида юзага келган ҳолат бўйича ўз фикримни айтганман. Унда биз партия раиси сифатида барча вилоятларда ҳаракатларимизни амалга оширганмиз. Аммо ўз округимда ишламаганман. Бунга сайловчилар ҳақли равишда эътироз билдирган. У ерда сайлов жараёнлари бўйича янги тартиб жорий қилинган эди. Ўша пайтда 50 фоиздан юқори овоз олиш учун бизда қисқагина етишмовчилик бўлган. Биз буни иккинчи даврада жойига қўйдик ва сайловчиларнинг тўлиқ ишончига эришганмиз.

— Сиз партия етакчиси сифатида доим миллат, тил, адабиёт каби масалаларни кўтариб келасиз. Эшитишимиз бўйича фарзандларингиз рус мактабларига қатнайди. Бунга қанақа фикр билдирасиз?
— Фарзандларимнинг барчаси Ўзбекистон мактабларида ўқийди. Ўзбекистонда рус мактаби деган мактаб йўқ. Рус тили ўқитиладиган мактаблар бор. Бугунги кунда Ўзбекистондаги барча мактабларда рус тили фанлари ўқитилади. Менинг болаларим ўқийдиган мактабларда ҳам рус тили фанлари ўқитилади.

— Президент бўлсангиз, биринчи бўлиб қандай ислоҳотларни амалга оширасиз?
— Бу дастуримизда белгиланган. Ҳозир бу ҳақда алоҳида гапирсам, чўзилиб кетиши мумкин, дастурларимизда бу акс этади. Лекин партия ўз шиорларига содиқ қолган ҳолда, таълим ва тарбия соҳасини биринчи ўринда ҳамда устувор вазифа сифатида ислоҳ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

— Сайловларда аҳолининг кўпроқ қайси қатламининг овозини олишни ният қиляпсиз?
— Ишончимиз комил, агар дастуримизда белгиланган вазифаларни халқимизнинг барча қатламларига тўғри етказиб бера оладиган бўлсак, жуда кенг қатламнинг барчасининг ишончига эришишимиз мумкин.

— Баҳсли одамсиз. Номзодингизни кўрсатганингиздан кейин сизга нисбатан танқидлар кўпайиб кетади. Бунга муносабатингиз қандай?
— Юқорида айтганимдек, танқидларни таклиф ўрнига, мақтовларни танқид ўрнига қабул қиламан. Яъни барча мақтовлардан танқидни кўриш керак, лекин танқидлардан таклиф чиқариб оламиз. Менинг фикрларим ҳам кимларгадир ёқмаслиги мумкин, кимларнингдир фикрларидан ўзим учун хулоса қиламан. Бу ўзгариш жараёни. Танқидлар билан ўсамиз, ўзгарамиз ва бутун Ўзбекистон ҳам бугунги кунда ўзгариши керак, деб ҳисоблаймиз.

— Яқинда берган интервьюларингизнинг бирида «Биз бу сайловларда амалдаги ҳукуматни ва ҳокимиятни танқид қиламиз, уларга ўз танқидларимиз бор, камчиликларни айтамиз», — деган эдингиз. Бу қандай камчилик ва қанақа танқидлар?
— Бизнинг таклифларимиз кимлар учундир танқид бўлиши мумкин. Лекин бизнинг бу сайловдаги мақсадимиз кимларнидир танқид қилиш эмас. Ўз таклифларимизни сайловчиларга етказиш. Агар сайловчиларимиз томонидан маъқулланадиган бўлса, албатта, буни ўз фикрларимизни, таклифларимизни амалга ошириш учун имконият сифатида қабул қиламиз.

— Партия етакчиларининг номзод сифатида кўрсатилишига фикрингиз қанақа?
— Бу масалада мен мулоҳаза билдирмайман. Ҳамма партия ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Миролим Исажонов ёзиб олди

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алишер Қодиров: «Ўзбекистон президенти сайловида ғолиб бўлишни орзу қиляпман»