Реал Мадрид Дензел Думфриес трансфери бўйича Интер билан музокараларни бошлади

Мадриднинг Реал Мадрид клуби ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида Интер қанот ҳимоячиси Дензел Думфриесга бўлган қизиқишини жиддийлаштирди. Нидерландия терма жамоаси аъзосининг шартномасида 25 миллион евро миқдоридаги товон пули кўрсатилгани уни Испания гиганти учун асосий нишонга айлантирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Сантяго Бернабеуда президентлик сайловлари яқинлашаётганига қарамай, клуб таркибни янгилаш режаларини давом эттирмоқда. Дани Карвахаль кетганидан сўнг, ўнг қанот ҳимояси Реал Мадрид учун устувор вазифага айланди. Ҳозирда ушбу позицияда Трент Александер-Арнолд ҳаракат қилаётган бўлса-да, клуб раҳбарияти рақобатни кучайтириш ниятида.
Машҳур инсайдер Джанлука Ди Марзио хабарига кўра, Реал Мадрид аллақачон футболчининг трансфер имкониятларини ўрганиш учун дастлабки алоқаларни ўрнатган. 30 ёшли Думфриес Интер сафида барқарор ўйин кўрсатиб келаётган бўлса-да, Италия чемпионлари манфаатли таклиф тушса, уни сотишга тайёр.
Интер раҳбарияти ҳам бўш келмай, Думфриесга ўринбосар қидиришни бошлаб юборган. Миланликлар Аталанта ҳимоячиси Палестрани асосий номзод сифатида кўрмоқда. Ёш иқтидор эгасининг Каляри сафидаги ижарадан сўнг кўрсатган ўйинлари Интер скаутларида катта таассурот қолдирган.
Думфриеснинг 25 миллион евролик товон пули Реал Мадрид учун жуда қулай вариант ҳисобланади. Бу ҳолат клубга Интер билан узоқ давом этадиган музокаралардан қочиш имконини беради. Шунингдек, нидерландиялик ҳимоячи Педро Порро ва Иван Фреснеда каби муқобилларга қараганда арзонроқ ва тажрибалироқ вариант сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!