23:13 / 06.01.2022
1 958

Яқин беш йилда уч асосий вазифага диққатни жамлаш тақозо қилинади

Яқин беш йилда уч асосий вазифага диққатни жамлаш тақозо қилинади
Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисидаги» Фармони лойиҳаси, аввало, мамлакатимизда яқин келажакда амалга оширилажак ислоҳотларнинг туб мақсадлари ва устувор йўналишларини, мазкур мақсад ҳамда йўналишларнинг белгиланишига асос бўлаётган омилларни англаб олиш имконини беради.

Ҳужжатдан кўриниб турибдики, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг пировард мақсади халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш билан боғлиқ. Бу эса яқин беш йилда уч асосий вазифага диққатни жамлашни тақозо қилади.

Хусусан, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилмасдан ва тадбиркорликни жадал ривожлантирмасдан, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминламасдан, фаол фуқаролик жамиятини шакллантирмасдан туриб, жамият аъзолари турмушининг фаровонлигини ошириб бўлмайди. Стратегик мақсад ва вазифаларнинг бундай мазмунда белгиланаётгани бежиз эмас. Фармон лойиҳасида улар жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ҳамда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда аниқлангани алоҳида таъкидланади.

Дарҳақиқат, жаҳон ҳамжамияти бугун мураккаб ва зиддиятларга тўла даврни бошдан кечирмоқда. Жумладан, барча минтақалардаги иқтисодий жараёнлар жадаллашмоқда, кескинлашмоқда, иқтисодий рақобат тобора жиддий тус оляпти. Мамлакатлардаги ижтимоий ҳаётда трансформацион жараёнлар содир бўлмоқда. Дунё геосиёсий майдонидаги конфигурация мутлақо ўзгача мазмун ва шакл касб этаётир. Ҳатто миллат ва элатларнинг маънавий-маданий ҳаёти ҳам туб ўзгаришларга дучор бўлмоқда.

Бундай вазиятда мамлакат тараққиётига эришиш, халқ фаровонлигини юксалтириш учун энг аввало, иқтисодиётнинг узлуксиз ва барқарор ривожини таъминлаш, унинг рақобатбардошлиги ва таҳдидбардошлигини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларини такомиллаштириш, жамиятда қонун ва ҳуқуқ устуворлигини қарор топтириш тақозо қилинади.

Қўйилган стратегик мақсад ва вазифалар мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижалари билан ҳам уйғундир. Масаланинг моҳияти шундаки, ўтган даврда давлат раҳбарининг раҳнамолиги ва ташаббуси билан жамият ҳаётининг турли соҳаларида ниҳоятда самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур ислоҳотлар мамлакат иқтисодий қудратининг ошишига, ижтимоий барқарорлигининг мустаҳкамланишига, сиёсий нуфузининг ошишига, маънавий маконининг янгиланишига олиб келди.

Эндиликда Ўзбекистонда янги марраларни эгаллаш, фуқаролар турмуши даражасини юксалтириш учун барча ижтимоий-иқтисодий имкониятлар юзага келиб бўлди. Тараққиёт стратегиясининг халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ мақсади ана шу имкониятлардан келиб чиқиб белгиланмоқда. Тараққиёт стратегиясининг барча устувор йўналишлари, улар миқёсида амалга оширилиши режалаштирилган чоралар стратегия мақсад ва вазифаларига уйғун ҳолда белгилангани, яқин беш йилда кўлами кенг ва ижтимоий аҳамияти салмоқли бўлган механизмларни рўёбга чиқариш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозим.

Бу чора ва механизмлар Ўзбекистонда халқпарвар давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлигини қарор топтириш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий сиёсат адолатпарварлигини юксалтириш, маънавий тараққиётни таъминлаш, мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Масалан, Тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ўсишига эришиш, рақамли иқтисодиётни драйвер соҳага айлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, молиявий ресурсларни кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, экспорт салоҳиятини ошириш чоралари кўзда тутилган. Бундай чоралар 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан оширишга замин яратади.

Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт кадрлар масаласига бориб тақалиши барчамизга яхши маълум. Салоҳиятли, ўз касбини пухта ўзлаштирган кадрларгина мамлакат иқтисодий юксалишини таъминлай олади. Шуни назарда тутган ҳолда Тараққиёт стратегиясида иқтисодиёт соҳаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имконини берадиган узлуксиз таълим тизимини шакллантириш ва модернизация қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилган.

Яқин келажакда мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш, унинг сифатини такомиллаштириш, миллий мактабларни кўпайтириш ва замонавийлаштириш, ўрта махсус таълимнинг замонавий тизимини вужудга келтириш, олий таълимни халқаро андозаларга мослаштириш чоралари кўрилади. Эзгу мақсад уни рўёбга чиқаришга замин ҳозирлайдиган ижтимоий-маънавий муҳитни яратишни талаб этади. Айнан шунинг учун ҳам Тараққиёт стратегияси мақсад ва вазифалари «Инсон қадри учун» тамойилига бўйсундирилган. Бу тамойилни ҳаётга татбиқ этиш учун эса Тараққиёт стратегияси доирасида маҳалланинг фаол моделини жорий этиш, уни аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун зарур ресурслар билан таъминлаш назарда тутилган.

Фармон лойиҳасининг эътиборга лойиқ яна бир жиҳати шундаки, унинг билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигини таҳлил қилиб бориш механизми жорий қилинмоқда. Хусусан, «Тараққиёт стратегияси» маркази фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ равишда қайта ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Мазкур марказни яқин келажакда Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши таҳлил қилинадиган, тизимли муаммолар умумлаштириладиган, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиладиган мулоқот майдонига айлантириш режалаштирилган.

Айни пайтда вилоятларда мазкур марказ филиаллари ташкил этилса, фуқароларнинг Тараққиёт стратегияси доирасида ишлаб чиқилган «йўл харита»лари муҳокамасидаги иштироки фаоллашган бўлар эди. Шунингдек, Тараққиёт стратегияси мақсад ва вазифалари, устувор йўналишларига бағишланган тизимли маърифий тадбирларнинг йўлга қўйилиши жамият аъзоларини уларни рўёбга чиқаришга сафарбар қилиш имкониятини оширади.

Умуман олганда, Фармон қабул қилиниши билан мамлакат ўз тараққиётининг янги босқичига — Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш даврига қадам қўяди. Бу давр мамлакатда инсон қадр-қимматини улуғлаш, унинг манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариш, фаровон турмушини таъминлаш даври бўлади.

Албатта, қўйилган салмоқли мақсад ва вазифалар ижроси юртимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча фуқаронинг, айниқса, зиёлиларнинг фаол иштирокини талаб этади. Жамият аъзоларининг ҳамжиҳатликдаги фидокорона меҳнатигина кўзланган марраларга етиш имконини беради.

Дилмурод НАБИЕВ, Қарши давлат университети ректори.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яқин беш йилда уч асосий вазифага диққатни жамлаш тақозо қилинади