19:00 / 26.03.2022
1 158

Сиёсий партиялар давлат рўйхатидан қандай ўтказилади?

Сиёсий партиялар давлат рўйхатидан қандай ўтказилади?
Фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бири бу сиёсий партиялардир. Сиёсий партиялар фуқаролик жамиятини сиёсий тизим билан ўзаро алоқаларининг доимийлигини таъминлайди.

Сиёсий партияни ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2014-йил 10-мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига асосан, сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир.

Ушбу Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Сиёсий партия тузиш ташаббускорлари камида эллик кишидан иборат бўлиши, улар партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съезди ёки конференциясини чақириш бўйича ташкилий қўмитани тузишлари лозим.

Ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгадир.

Сиёсий партия таъсис съездида ёки конференциясида тузилади. Таъсис съезди ёки конференцияси партия устави ва дастурини қабул қилади, унинг сайлаб қўйиладиган органларини тузади.

Сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун устав қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида Адлия вазирлигига партия раҳбар органининг камида уч аъзоси имзолаган ариза, устав, дастур, таъсис съезди ёки конференциясининг баёни, давлат божи қонунда белгиланган миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати тақдим этилади.

Бундай ҳужжатлардан ташқари ушбу Қонун талаблари бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан мазкур партияга бирлашиш истагини билдирган йигирма минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўзлари имзо қўйган рўйхати, сайлаб қўйиладиган органларнинг аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, турар жойи ва иш жойи, телефон рақами), раҳбар орган аъзоларига ваколатлар, шу жумладан рўйхатдан ўтказиш жараёнида ёхуд мунозаралар келиб чиққан тақдирда судда партия номидан иштирок этиш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги партия олий органининг қарори илова қилинади.

Сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза у тушган кундан бошлаб бир ой муддат ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаларига биноан сиёсий партияни рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Агар сиёсий партиянинг устави, мақсадлари, вазифалари ва фаолият услуби Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига зид бўлса ёки олдинроқ худди шундай номдаги сиёсий партия ёки жамоатчилик ҳаракати рўйхатга олинган бўлса, бу партия рўйхатга олинмайди.

Сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

Сўнги йилларда Адлия вазирлигига нодавлат нотижорат ташкилотларини, шу жумладан сиёсий партияни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Вазирлик томонидан барча мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, Адлия вазирлигига 2021 йил 7 апрелда “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича бир гуруҳ фуқаролар ариза билан мурожаат қилди.

Вазирлик томонидан ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда кўриб чиқилиб, партияни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди.

Аризани рад этишга партияга бирлашиш истагида бўлган фуқароларнинг ўзлари имзолаган рўйхати қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб бермаслиги бўлди.

Қонунчиликка кўра, партияни рўйхатдан ўтказиш учун унга бирлашиш истагида бўлган камида 20 минг нафар фуқаронинг рўйхати тақдим қилиниши лозим бўлсада, аризага 9 873 нафар фуқароларнинг рўйхати илова қилинган.

Аниқланишича, рўйхатдаги фуқароларнинг 42 нафари вафот этган ҳамда айримларининг имзолари партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилган.

Сиёсий партия бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан ўзининг, мақсади ва вазифалари, мақоми, сиёсий жараёнларда қатнашиш ҳуқуқлари мавжудлиги билан ажралиб туради.

Ушбу ўзига хос хусусиятлар сабабли сиёсий партияни ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун қонунчиликда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан фарқли равишда алоҳида талаблар белгиланган.

Шу билан бирга, сиёсий партиянинг асосий вазифаси фикрлари муштарак бўлган фуқароларни давлатнинг ривожланиши стратегиясини белгилаш мақсадида бирлаштириш эканлигидан келиб чиқиб, партияни ташкил этишда фуқароларнинг ушбу партия мақсади ва вазифаларидан тўлиқ хабардор бўлиши ҳамда уларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши жуда муҳимдир.

Хулоса қилиб айтганда, аксарият аҳоли манфаатларини ифодалайдиган партия ташкил этишда қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий мезонидир.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сиёсий партиялар давлат рўйхатидан қандай ўтказилади?