Булыкин Россия банини бекор қилиш масаласида силжиш кутмоқда

Футбол эксперти Дмитрий Булыкин «Евро-Футбол.Ru»га берган эксклюзив интервьюсида FIFA президенти Жанни Инфантино Россияга қўйилган чекловларни юмшатиш ҳақидаги фикрлари, шунингдек, ХОК Россия спортига нисбатан санкцияларни яқин келажакда бекор қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Булыкиннинг айтишича, у 2028 йилга бориб россиялик спортчиларни мусобақаларга қайтариш ғояси ҳақида эшитган ва бунга ишонишни истайди. У бу жараён футболда ҳам имкони қадар тезроқ рўй беришидан умидвор, бироқ Беларусь терма жамоаси билан боғлиқ вазиятни мисол қилиб келтириб, айрим давлатлар рақобат қилишдан бош тортаётгани ёмон сигнал эканини таъкидлади.
Эксперт фикрича, спортдаги баҳслар майдонда ҳал бўлиши керак: ким кучли эканини футбол майдонида исботлаш лозим, турли бюрократик тўсиқлар ва ўзаро четлатишлар орқали эмас.
У Эстония ва Литванинг ўсмирлар жамоалари Беларусьга қарши ўйнашдан бош тортгани учун техник мағлубият ёзилгани ҳақидаги ҳолатга тўхталар экан, бундай қатъий чора муаммони ечишнинг йўли бўлиши мумкинлигини айтди. Булыкин FIFA ва UEFA принципиал позиция тутса, ўйинлардан қочиш амалиёти ишламаслигини қўшимча қилди.
ХОК санкцияларни бекор қилса, бу футболга ҳам туртки бўладими, деган саволга эса Булыкин эҳтиёткорона жавоб берди. Унинг фикрича, Олимпия ҳаракати бир йўналиш, футбол эса мутлақо бошқа тизим: қарорлар ва механизмлар ҳам ўзига хос, бироқ барибир Россия ҳар икки йўналишда ҳам имкони қадар тезроқ мусобақаларга қайтиши зарур.
Жанни Инфантинонинг Россия жамоаларини четлатиш “маъносиз” экани ҳақидаги сўзлари бўйича Булыкин: гаплар кўп, аммо ҳозирча амалий қарор йўқлигини айтди. Шунга қарамай, у яқин орада вазият “музлаган нуқта”дан силжиши ва россиялик спортчилар байроқ ҳамда мадҳияси билан мусобақаларга қўйилиши мумкинлигига умид билдирди.
Инфантино келажакда сиёсат сабаб жамоаларни мусобақалардан четлатишни қонунан тақиқлаш кераклигини ҳам тилга олган. Булыкин бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини айтиб, футбол доим сиёсатдан холи бўлиб келгани, бироқ айни вазиятда сиёсат биринчи ўринга чиқиб қолганини қайд этди.
Бан қанчалик тез бекор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволда Булыкин жараён чўзилиб кетмаслигига ишонч билдирди. Унингча, ҳеч бўлмаса аввал ўсмирлар ва аёллар терма жамоаларини қайтариш катта қадам бўлади, энг яхшиси эса барча жамоаларнинг бирданига мусобақаларга қўйилишидир.
2026 йилдаёқ бундай ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли ҳақида эса эксперт: буни амалга ошириш жуда қийин, аммо ҳар доим яхшиликка умид бор, дея якунлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!