Жорже Жезуш Роналдуга навбатдаги ўйин олдидан дам берди

«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналдунинг нега яқинлашиб келаётган учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс олиб боради. Аввалроқ юлдузли португалиялик ҳужумчи бойкотдан сўнг тез орада сафга қайтиши мумкинлиги айтилганди, бироқ бу ўйинда ҳам у рўйхатда бўлмайди.
Жезушнинг сўзларига кўра, жамоа тиғиз тақвим сабаб Роналдуни ва асосий таркибдаги яна бир қатор футболчиларни асрашга қарор қилган. Мураббий бу қарорни шанба куни «Ал-Фатеҳ»га қарши бўладиган муҳим чемпионат баҳси билан боғлади.
Шунингдек, у Роналдунинг Саудия Арабистонидан ташқарида ўтадиган учрашувларда вақти-вақти билан иштирок этмаслиги «янгилик эмаслиги»ни, бундай ҳолатлар аввал ҳам кўп бор кузатилганини таъкидлади.
Саудия чемпионатининг «Ал-Фатеҳ» — «Ал-Наср» учрашуви шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!