Джеймс Вебб 335 ёруғлик йили узоқликдаги сайёрада метан борлигини аниқлади

Джеймс Вебб 335 ёруғлик йили узоқликдаги сайёрада метан борлигини аниқлади
Аудио версияси

Джеймс Вебб (ЖВСТ) космик телескопи Ердан тахминан 335 ёруғлик йили узоқликда жойлашган ТОИ-199б экзосайёраси атмосферасида метан газини қайд этди. Ушбу кашфиёт “мўътадил” газ гигантлари атмосферасида метан топилган илк тасдиқланган ҳолат бўлиб, олимлар учун коинот эволюциясини ўрганишда янги саҳифа очади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

ТОИ-199б сайёрасининг массаси Юпитернинг 0,17 қисмини, радиуси эса 0,81 қисмини ташкил этади. У ўз юлдузи атрофини 104,9 кунда айланиб чиқади — бу кўрсаткич Қуёш тизимидаги Меркурий ва Венера орбиталари оралиғига тўғри келади. Сайёра ҳарорати тахминан 79 °К бўлиб, у юлдузига жуда яқин жойлашган “иссиқ юпитерлар”га қараганда анча совуқроқ ҳисобланади.

Атмосферани таҳлил қилиш учун трансмиссион спектроскопия усулидан фойдаланилди. Бунда юлдуз нури сайёра атмосферасидан ўтаётганда турли кимёвий элементлар ёруғликни ўзига хос тўлқин узунликларида ютади. Джеймс Вебб маълумотлари ТОИ-199б газ қобиғида метан борлигини аниқ кўрсатди, бу эса аввалги назарий моделларни тасдиқлади.

Тадқиқот ҳаммуаллифи, Пенсилвания штати университети астрономи Реню Ҳу сўзларига кўра, келгуси кузатувлар атмосферадаги газлар концентрациясини аниқлаштиришга ёрдам беради. Олимлар, шунингдек, сайёрада карбонат ангидрид ва аммиак мавжудлигини ҳам тахмин қилмоқдалар, бироқ бу маълумотлар ҳали якуний тасдиқини топгани йўқ.

Metaн илгари ВАСП-80б (550 °К) ва К2-18б каби бошқа экзосайёраларда ҳам топилган эди. ТОИ-199б каби мўътадил сайёраларни ўрганиш газ гигантларининг шаклланиши ва сайёра атмосфералари эволюциясини тушунишда, жумладан, Ер каби сайёралар моделларини аниқлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар