Россияда товушдан тез учар йўловчи самолёти прототипи яратилмоқда

Россияда товушдан тез ҳаракатланувчи янги авлод йўловчи самолёти прототипи устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бирлашган авиация корпорацияси (ОАК) раҳбари Вадим Бадеха ТАСС агентлигига берган интервюсида маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа аллақачон ҳисоб-китоб босқичидан ўтиб, амалий жараёнга кўчган. Ҳозирда ишлар қоғозда эмас, балки бевосита конструкция ва деталлар устида, яни "темирда" олиб борилмоқда. Лойиҳа устида Жуковский номидаги илмий-тадқиқот маркази ОАК билан ҳамкорликда ишламоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай лайнерлар келажакда авиакомпаниялар учун катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Тахминларга кўра, ушбу турдаги самолётлар парки келажакда ўнлаб бирликни ташкил этади. Асосий талаб бизнес ва биринчи класс йўловчилари томонидан бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида институт товушдан тез учувчи истиқболли самолёт конструкциясини патентлаган эди. Мазкур технология товуш зарбасини камайтириш ва аэропортлар яқинидаги шовқин даражасини пасайтириш имконини беради.





























Изоҳлар 0
…