13:56 / 03.11.2022
1 567

Болаларда инсультнинг сабаблари, ўзига хос хусусиятлари, турлари ва белгилари

Болаларда инсультнинг сабаблари, ўзига хос хусусиятлари, турлари ва белгилари
Фото: Pinterest
Инсульт мияда қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, у тўсатдан неврологик белгиларнинг пайдо бўлиши орқали тавсифланади. Невропатолог Саида Ахметова болаларда инсультнинг ўзига хос хусусиятлари, турлари, белгилари ва олдини олиш ҳақда сўз юритди, деб ёзади «Новий очаг».

Инсультнинг қандай турлари мавжуд?

Инсультнинг икки тури мавжуд — ишемик ва геморрагик. Ишемик инсульт — миядаги қон томирига тромблар тиқилиб қолиши, геморрагик эса мияга қон қуйилишидир. Касаллик боланинг туғилиш пайтида ҳам, каттароқ ёшида ҳам кузатилиши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, болаларда геморрагик ва ишемик инсульт бир хил частотада содир бўлади.

Болаларда инсультнинг сабаблари

Кичик ёшдаги болаларда бундай касалликнинг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:
- онанинг ҳомиладорлигидаги мураккаб ҳолатлар;
- ички гипоксия;
- туғма юрак нуқсонлари;
- миядаги ўзгаришлар (артериовеноз малформациялар, аневризмалар).

Қон ивиши тизимининг бузилиши, турли генетик касалликлар, вирусли ёки бактериал менингит билан касалланган болаларга инсульт таҳдид солади. Бир ойликдан бир ёшгача бўлган болаларда йиллик касалланиш даражаси 100 000 кишига 6-13 ҳолатни, катталар аҳолисида эса 100 000 кишига 175-200 нафарни ташкил қилади. Ушбу касалликнинг турлари 5 ёшдан 24 ёшгача бўлган беморлар ўлимининг ўнта асосий сабабларидан биридир.

Болада инсультнинг белгилари

Кўпинча мигрен ёки эпилептик хуруж болаларда дастлабки ташхис сифатида намоён бўлади. Касалликка ҳамроҳ бўлган белгилари қаторига қуйидагилар киради:
- онгнинг бузилиши;
- кўнгил айниши;
- қайт қилиш;
- кучли бош оғриғи;
- нутқда чалкашлик;
- кўриш қобилиятининг пасайиши;
- организмнинг бир томонидаги оёқ-қўлларда заифлик.

Болаларда инсульт қандай аниқланади?

Инсультнинг диагностикаси миянинг КТ ва МRT ёрдамида амалга оширилади. КТдан фойдаланиш касалликнинг табиатини аниқлашга ёрдам беради ва ангиографик режим билан МRT касалликнинг дастлабки босқичларида қон томирларининг шикастланишини ҳам аниқлаши мумкин. Ушбу усуллар билан бир қаторда, лаборатория тестлари мажбурий диагностика объектидир: тўлиқ лейкоцитлар формуласи ва эритроцитлар чўкиш тезлиги билан клиник қон текшируви, Д-димерни, гомосистеин даражасини, липид метаболизмини ва қон ивишини аниқлаш билан кенгайтирилган коагулограмма, гемоглобин.

Болаларда инсультнинг қандай оқибатлари қолади?

Педиатрик инсульт ногиронлик патологияси бўлиб, уни бошдан кечирган болаларнинг 60-90 фоизида доимий ёки умрбод неврологик нуқсонлар, нейропсихиатрик касалликлар, когнитив ва хатти-ҳаракатларнинг бузилиши, 33 фоиз болаларда эпилепсия ривожланади.

Кўпгина беморларда такрорий инсульт хавфини оширадиган ва беморнинг фаол реабилитациядан ўтиш қобилиятини чеклайдиган қўшимча касалликлар мавжуд. Болаликда инсультдан ўлим 10 фоизгача, такрорланиш хавфи 20 фоизни ташкил қилади.

Болаларда инсультнинг олдини олиш мумкинми?

Болаларда инсультнинг бирламчи профилактикаси мавжуд эмас. Касалликка мойил бўлган болани соғлом тенгдошидан ажратиб бўлмайди. Албатта, биринчи навбатда, хуружнинг асосий сабабини топиш керак: агар сиз барча мумкин бўлган хавфлар маълум бўлса, иккиламчи профилактикани амалга ошириш осонроқ бўлади. У бола учун индивидуал равишда танланадиган дори терапияси, Б витаминлари (фолий кислотаси, B6 ва B12 витаминлари) тайинлашни, темир танқислиги анемиясини тузатишни, парҳез терапиясини, ўртача жисмоний фаолиятни ўз ичига олади.

Болаларда инсультдан кейин тикланишни қандай тезлаштириш мумкин?

Ота-оналарнинг тўғри ва тезкор реакцияси билан реабилитация ва дори терапияси орқали боланинг соғлиғини тўлиқ тиклаш мумкин. Ижобий натижага эришиш учун тўғри жисмоний фаоллик, физиотерапия машқлари ва неврологнинг кузатуви зарур.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Болаларда инсультнинг сабаблари, ўзига хос хусусиятлари, турлари ва белгилари