Шамоллаш ва тумов вақтида қулоқларнинг битиб қолиши кенг тарқалган муаммо. Ушбу ёқимсиз ҳолат юзага келганда қандай йўл тутиш керак?
Қулоқ битишининг асосий сабаблари
Беморга шошилинч ёрдам беришдан аввал тумов вақтида қулоқ битишини келтириб чиқарган сабабларни аниқлаб олиш керак бўлади. Бурун бўшлиғида яллиғланиш юзага келганда шиш евстахиев найчасига зарар етказиши мумкин. Бунинг оқибатида унинг деворлари тораяди ва қулоқлар битади.
Агар даволаш муолажалари зудлик билан бошланмайдиган бўлса, евстахиев найчаси яллиғланиши, эшитиш қобилияти қисман ёки бутунлай йўқотилиши мумкин.
Бурун тумов вақтида битиб қолса нима қилиш керак?
Халқ табобатида қулоқлар битишига қарши курашишнинг бир нечта усуллари мавжуд.
• Энг аввало бурунни яхшилаб қоқиб ташланг ва бурун йўлларини тузли эритма билан чайинг. Агар қулоқлар мана шу усулдан кейин битиб қолган бўлса, бурун йўлларини ушбу усул билан тозалашдан вақтинча воз кечинг ва унинг ўрнига томирларни торайтирувчи спрей ёки томчи воситаларидан фойдаланинг.
• Ўта оддий ва ҳақиқатдан фойда берадиган усуллардан яна бири – бурнингизни бармоқлар билан сиқиб, унчалик баланд бўлмаган овозни эшитгунингизга қадар нафас чиқаришга ҳаракат қилишдир. Бу аксарият ҳолатларда қулоқ битиши муаммосини бартараф этса-да, сизни ЛОР аъзолари шифокорига бориш заруратидан халос қилмайди.
• Уқалаш усули ҳам бор: 15 дақиқа давомида қулоқлар ва бурунни бармоқлар билан уқаланг. Жараён давомида қулоқ чиғаноқлари ва буруннинг ён қанотларига кўпроқ эътибор беринг.
Даволаш жараёнига жиддий ёндашиш – қулоқлар саломатлиги гарови
Битиб қолган қулоқларга дори-дармон билан ёрдам берамиз!
Битиб қолган қулоқларни “очиш” учун мўлжалланган халқона усуллар фойда бермаса, дори воситаларини қўллаш тавсия этилади.
• Дорихонадан бурундаги томирларни торайтирувчи томчи дори харид қилинг – бу бурун бўшлиғидаги шишларни қайтариш, евстахиев найчасидаги босимдан халос бўлиш, унинг ўтказувчанлиги ва ўз навбатида эшитиш қобилиятини қайта тиклашга ёрдам беради. Шу билан бирга унутманг: ушбу чора муаммони вақтинча бартараф қилади холос, у шифокор томонидан тайинланган тўлақонли даволаш курсининг ўрнини боса олмайди.
• Қулоқларингизга махсус томчи доридан томизинг – у микробларга қарши курашиб, яллиғланишнинг олдини олади ва шишларни “қайтаради”.
• Қулоқларни спиртли компресс ёрдамида “қиздириш” ҳам мумкин – бунинг учун бир неча қават дока устига спирт томизиб, уни қулоқ устига бир неча соатга боғлаб қўйиш кифоя.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам тумов вақтида қулоқлар битадиган бўлса, зудлик билан отоларинологга мурожаат қилинг. Бу эшитиш қобилиятининг тўлиқ йўқотилиши каби жиддий асоратларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Манба: Daryo.uz
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг