
Япониядаги Tsukuba университети олимлари велосипедда мунтазам равишда сайр қилиш кекса инсонларнинг соғлиғига ижобий таъсир қилиб, уларнинг узоқ умр кўриш эҳтимолини оширишини аниқлади. Тадқиқот натижалари Transportation Research Part F: Traffic Psychology and Behaviour илмий журналининг саҳифаларида чоп этилди.
Тадқиқотчилар 10 йил давомида япон кексаларининг соғлиғи ва уларнинг ҳаёт тарзи ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқди. Аниқланишича, кузатув бошланган вақтда велосипедда кўпроқ сайр қилган кексалар кейинги йилларда жиддий касалликларга камроқ чалинган ва узоқ муддатли тиббий парваришга камроқ эҳтиёж сезган. Муҳими, бу ҳолат нафақат узоқ йиллар велосипед миниб келганлар, балки кейинчалик велосипедда сайр қилишни бошлаганларда ҳам кузатилган.
Тадқиқотда энг яхши натижаларни транспорт воситалари ҳайдаш ҳуқуқига эга бўлмаган кекса кишилар кўрсатган. Олимларнинг фикрича, бу инсонлар учун велосипед миниш ҳаёт тарзи ва кундалик фаолиятнинг муҳим қисмига айланган. Айниқса, улар учун велосипед сайрининг аҳамияти жуда катта бўлгани аниқланган.
Шунингдек, мутахассислар велосипед сайрининг фойдаси фақат жисмоний машқ билан чекланмаслигини таъкидламоқда. Велосипедда мунтазам равишда сайр қилиш кексаларнинг руҳий ҳолати, кайфияти ва мустақил ҳаёт тарзини сақлашларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу сабабли олимлар кекса инсонлар учун велосипедда юришни янада хавфсиз ва қулай қилиш мақсадида зарур инфратузилмани яратиш ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга чақиради. Бу орқали нафақат кексаларнинг ҳаёт сифати яхшиланади, балки уларнинг узоқ умр кўришига ҳам ёрдам беради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар