
Ҳар куни машқ қилиш нафақат умумий соғлиқ учун, балки хавфли ўсимталарга қарши курашишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда АҚШнинг клиник онкология жамияти (ASCO) томонидан ўтказилган кенг кўламли тадқиқот натижалари орқали маълум бўлди. The Guardian нашри хабар беришича, олимлар жисмоний машғулотларнинг саратони бор беморларга таъсирини илмий жиҳатдан тасдиқлашга муваффақ бўлишган.
Тадқиқотда турли мамлакатлардан — АҚШ, Британия, Франция, Канада, Австралия ва Исроилдан жами 889 нафар йўғон ичак саратони билан касалланган бемор иштирок этган. Қатнашчиларнинг 90 фоизи учинчи босқичдаги саратон билан касалланган эди, яъни бу босқичда касаллик хавфи юқори бўлади. Улар тасодифий тарзда икки асосий гуруҳга ажратилди.
Биринчи гуруҳдаги беморлар фақат умумий ахборот ва тавсияларни олган бўлса, иккинчи гуруҳдаги иштирокчилар учун алоҳида мураббий томонидан махсус дастур ишлаб чиқилди. Бу дастурга кўра беморлар ойига икки марта мутахассис билан бевосита шуғулланган, кейин эса бир марта назарий ва амалий ёрдам олишган. Машғулотлар асосан ҳафтасига 3-4 марта 45–60 дақиқа давомида мунтазам юришни ўз ичига олган бўлса-да, иштирокчилар ўз истагига кўра юкламалар турини ҳам ўзгартириш имконига эга бўлишди. Улар орасида чанғи спорти, югуриш ва велосипедда ҳаракатланиш каби турли спорт турлари ҳам бор эди.
Тадқиқотнинг натижалари ҳайратланарли даражада ижобий бўлиб чиқди. Жисмоний фаол ҳаёт тарзини танлаган беморларда беш йил ўтгач саратонинг қайталаниши ёки янги ўсимта пайдо бўлиш хавфи биринчи гуруҳдаги беморларга нисбатан 28 фоиз камайган. Саккиз йиллик кузатув натижалари эса янада ёрқинроқ бўлиб чиқди: жисмоний фаол гуруҳда ўлим ҳолати назорат гуруҳига қараганда 37 фоизга камроқ бўлган.
Англия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати раҳбари Стивен Поуис тадқиқот натижаларига баҳо берар экан, жисмоний фаоллик орқали нафақат вазнни назорат қилиш, балки иммунитетни мустаҳкамлаш, яллиғланиш жараёнларини камайтириш ва инсоннинг умумий соғлиғини яхшилаш мумкинлигини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, соғлом турмуш тарзи касалликнинг қайта ривожланиши хавфини сезиларли даражада пасайтиради.
ASCO тиббий маслаҳатчиси Жулиа Грелоунинг таъкидлашича, шу кунга қадар машқларнинг саратон билан касалланган беморлар учун фойдали эканлигига оид илмий тасдиқланган маълумотлар етарли эмас эди. Бу тадқиқот орқали эса биринчи марта жисмоний машқларнинг ўта самарали эканлиги исботланди. Шу билан бирга, у баъзи ҳолларда дори-дармондан ҳам яхшироқ натижа бериши мумкин ва бу усулнинг салбий таъсири йўқлиги уни янада қимматли қилади.
Шифокорларнинг ушбу хулосалари саратон касаллигига чалинган беморлар учун катта умид ва янги имкониятлар эшигини очиши мумкин. Олимлар ва тиббиёт мутахассислари эса энди бу каби тадқиқотларни янада кенгайтириш ва амалиётга кенгроқ жорий қилиш бўйича ишларни давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу эса миллионлаб инсонларга ҳаёт сифати ва умр узоқлигини яхшилаш имконини бериши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар