
Одамлар ҳафтани янги иш куни билан бошлаганда ҳис қиладиган кучли хавотир фақат ҳафталик иш вақти билан чекланиб қолмайди — у баъзида нафақага чиққанлар ҳаётини ҳам чамбарчас қамраб олади. Бу ҳақда Буюк Британия олимларининг сўнгги кенг кўламли тадқиқоти яққол тасдиқ берди, деб ёзади nature.com. Мутахассислар “душанба синдроми”нинг ҳақиқий сабаблари ва унинг организмга қандай таъсир ўтказишини биологик даражада ўрганди.
Тадқиқот қандай ўтказилди?
Таҳлил 2002 йилдан бери ҳар икки йилда ўтказиладиган аҳоли қариши бўйича лойиҳанинг бир қисми сифатида ташкил этилди. 50 ёш ва ундан катта ёшдаги минглаб британияликлар тадқиқотда иштирок этди. Демографик маълумотлар сўровнома ва суҳбатлар орқали, биомаркерлар эса махсус лаборатория шароитида йиғилди. Якуний статистик танловга 3,5 мингдан зиёд иштирокчи киритилди.
Ишлаб чиқилган методика орқали тадқиқотчилар ҳафтанинг турли кунларида одамларнинг организмидаги стресс гормони кортизолнинг сочдаги даражасини таҳлил қилди. Қолаверса, глюкокортикоидлар ишлаб чиқарилишининг умумий ҳажми ва ҳаёт сифатига таъсир қилувчи бошқа кўрсаткичлар ҳам аниқлаб борилди. Барча асосий омиллар: ёш, жинс, таълим, оилавий ҳолат, этник келиб чиқиш, чекадими-йўқми, дори истеъмоли, соч ранги, аёлларда ҳайз даври ва мавсум — ҳисобга олинди.
Натижалар: душанба кунги хавотир ва унинг оқибатлари
Тадқиқот натижалари душанба куни хавотирга тушган одамларда сочдаги кортизол даражаси бошқа кунларга нисбатан ўртача 23 фоизга юқори бўлганини кўрсатди. Яна бир муҳим хулоса: душанба стрессининг таъсири нафақат фаол ишлаётганлар, балки ишсиз ва ҳатто нафақадагилар орасида ҳам сезиларли бўлиб қолмоқда. Гормонал ўзгаришлар гипоталамус-гипофиз-буйрак усти бези тизимидаги номутаносибликлар ва бошқа физиологик муаммоларга олиб келаётгани аниқланди.
Шунингдек, аҳолини узлуксиз кузатиш натижалари шуни кўрсатдики, душанба кунлари инфаркт, юрак қон томирларининг тўсатдан тўхташи ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 19 фоизга ошган. Бу ҳафтанинг бошида организмга тушадиган стресс юкламаси ҳаёт учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини англатади.
Тадқиқот аҳамияти ва амалиёт учун хулосалар
Британия олимларининг хулосасига кўра, “душанба синдроми” пайдо бўлишининг биологик механизмлари илк марта илмий тасдиқланди. Бу эса келажакда юрак-қон томир касалликлари, руҳий саломатлик ва касалликларни олдини олишда янги профилактик тадбирлар жорий этишга йўл очади. Шифохоналар ва тиббиёт муассасалари душанба кунлари юракка боғлиқ мурожаатлар кўпаядиганини инобатга олиши тавсия этилди.
Тадқиқотнинг асосий устунликлари — катта ва репрезентатив танлов, шунингдек, инсон организмидаги гормонал тизимнинг чуқур таҳлили орқали юқори аниқликка эришилганидир.
Ҳар биримиз ҳафта бошидаги эмоционал босимни енгил қабул қилишимиз кераклигини тушунишимиз зарур. Оқибатларини бугун эмас, эртага ҳис этишимиз мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар