
Ўзбекистон Сенатида болалар таъминоти билан боғлиқ долзарб масала — алимент тизими муҳокамаси яна кун тартибига чиқди. 26 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда алимент ундириш ва тўлаш жараёнидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари атрофлича кўриб чиқилди. Парламент бу борада Вазирлар Маҳкамасига расмий сўров юбориш ҳақида қарор қабул қилди.
Мажлисда айтилишича, амалдаги алимент миқдори реал ҳаётий эҳтиёжлардан анча орқада қолмоқда. Айни пайтда Оила кодексининг 99-моддасига асосан, ҳар бир бола учун тўланадиган алимент ҳажми иш ҳақининг энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Бугунги кунда ушбу ҳисоблашга кўра, ҳар бир бола учун алимент — 306 минг сўмни ташкил этади.
Бироқ, 2025 йил 1 январидан бошлаб белгиланган минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўмни ташкил этаётганини ҳисобга олсак, амалдаги алимент миқдори бу рақамнинг ҳатто ярмига етмаяпти. Бу эса бола учун зарур озиқ-овқат, кийим-кечак, таълим ва тиббий хизматлар етишмаслигига олиб келиши мумкин. Сенат Ёшлар, хотин-қизлар ва маданият масалалари қўмитаси раиси Орзигул Мўйдинова ушбу ҳолатга алоҳида урғу берди: “Алимент миқдорини боланинг ёши ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш вақти келди.”
Шу билан бирга, алимент тўловини амалга оширишдаги масъулиятсизлик масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди. 2023 йилда алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун 5 697 киши маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 35 фоизга ошиб, 8 833 нафарга етди. Ушбу шахслар орасида 1 109 нафари жиноят ишлари бўйича суд ҳукми билан жазоланди.
Қизиғи шундаки, иш жойи бўлмаган ёки расмий даромади аниқланмаган қарздорлардан алимент ундириш янада мураккаб вазифага айланган. Ҳозирда бундай шахсларга нисбатан чора кўриш, молиявий манбаларини аниқлашда ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий муаммолар борлиги қайд этилди.
Сенаторлар халқаро тажрибани ҳам тилга олдилар. Хусусан, Гаага Конвенциясига қўшилиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳужжат чет элда истиқомат қилаётган шахслардан ҳам алимент ундириш имкониятини яратади. Шунингдек, “Алимент тўловлари” жамғармасини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш, унинг маблағларини тўлиқ қайтаришни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жамғарма ҳисобидан 2024 йилда 1 723 нафар ундирувчига 40,6 миллиард сўм тўлаб берилган. Аммо ушбу маблағларнинг фақат 2 фоизи — 849,2 миллион сўмигина қайта қайтарилган. Бу эса жамғарма самарадорлиги ва фойдаланиш механизми қайта кўриб чиқилишини талаб қилади.
Яна бир жиддий муаммо — болалар тарбия муассасаларига жойлаштирилган вояга етмаганлар номига алиментларнинг жамланиши билан боғлиқ. Қонунга кўра, ушбу болалар фойдасига алимент тўланиши ва маблағлар банк ҳисобварағида жамланиши керак. Аммо амалиётда вояга етмаганлар номига шахсий ҳисоб рақами очиш учун ҳуқуқий асослар аниқ эмаслиги сабабли, тўловлар бошқа ҳисобларга амалга ошириб келинмоқда. Бу эса кейинчалик маблағлардан фойдаланишда муаммолар келтириб чиқариши мумкин.
Шу муносабат билан Сенат аъзолари Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Унда алимент миқдорини қайта кўриб чиқиш, уни бола ёши ва эҳтиёжига мослаштириш, алимент жамғармаси ва электрон назорат тизимларини ривожлантириш каби муҳим таклифлар ўз аксини топган.
Ҳукумат ва жамоатчилик томонидан ушбу масалага жиддий ёндашиш болаларнинг моддий таъминотини таъминлаш, уларнинг тўлақонли камол топишида муҳим қадам бўлади. Яқин кунларда Вазирлар Маҳкамасининг мазкур масала юзасидан қандай чоралар кўраётгани ва қай тарзда амалга ошириши эълон қилинади. Бу ҳақда сайтимиз орқали кузатиб боришингизни тавсия қиламиз. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар