
Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасида муҳим маданий ташриф ҳам амалга оширилди. Минтақадаги қўшни мамлакатлар раҳбарлари, шунингдек, Озарбайжон президенти Ўзбекистон президенти ҳамроҳлигида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон лидери Садир Жапаров ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Шавкат Мирзиёев бошчилигида тарихий аҳамиятга эга бўлган Қуръони карим залига ташриф буюрди.

Бу ерда мусулмон дунёси учун айниқса қадрли бўлган — Усмон Мусҳафи сақланади. Мазкур нодир қўлёзма Ислом тарихидаги энг қадимги муқаддас манбалардан бири бўлиб, минтақа халқларининг маънавий бирлиги ва асрлар давомида шаклланган цивилизацион руҳини намоён этади.

Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бир нечта асосий бўлимлари билан ҳам танишди. Жумладан, “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ва “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” экспозициялари етакчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бу бўлимларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг бой илмий мероси, уларнинг инсоният тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси атрофлича ёритилган. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар ва темурийлар даврига оид қўлёзма манбалар, тарихий нашрлар ва қадимги ўзбек тилига қилинган таржималар кўргазманинг муҳим қисми сифатида намойиш этилган.

Тошкентдаги ушбу маърифий марказга ташриф давлат раҳбарларининг минтақа маданий бирлиги, умумий илмий мерос ва тарихий ўзликка бўлган чуқур ҳурматини яна бир бор намоён этди.


Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.