date

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади

“Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, бирлик ва ҳамжиҳатлик, ортга қайтмас демократик ислоҳотларимиз кафолати бўлган Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Ҳеч шубҳасиз, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккури ҳамда юксак хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституциямизда муҳрлаб қўйилган қоида ва тамойиллар Янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамиз учун беқиёс куч-ғайрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, янада кенг ваколат ва масъулиятга эга бўлган миллий парламентимиз ҳамда илк марта маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидан сайланган раислар бошчилик қилаётган вилоят Кенгашлари, жамият бошқарувида ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётган маҳалла институти фаолияти мисолида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани ҳақидаги конституциявий қоиданинг амалий тасдиғини кўрамиз.

Айниқса, янги парламентимиз томонидан жорий йилда судлар фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга оид қонунлар ҳамда юртимизда дўстлик, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, инклюзив жамият, ёшлар, хотин-қизлар масалалари, кам таъминланган инсонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш бўйича кўплаб муҳим қарорлар қабул қилинганини таъкидлаш лозим.

Маҳаллий кенгашлар ҳам ўз ҳудудларидаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Улар томонидан ўтган даврда 25 мингдан зиёд масала муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилингани, мансабдор шахсларга 14 мингга яқин депутатлик сўровлари юборилгани ҳам шундан далолат беради.

Вакиллик органларини чинакам халқ минбари, халқ овозига айлантиришга қаратилган ислоҳотларимизнинг давоми сифатида 2026 йилнинг 1 январидан туман ва шаҳарларда ҳам ҳоким ва Кенгаш раислари вазифаларини алоҳида ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Бир сўз билан айтганда, халқ ҳокимиятчилиги, вакиллик демократияси, Конституция ва қонун устуворлиги каби конституциявий принципларга бундан буён ҳам содиқ қолиб, ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирамиз”, дейилади табрикда.

Президент табригида айтилишича, жорий йилда аҳоли жон бошига даромад 3 минг 500 долларни ташкил этгани, мактабгача таълимда қамров 78 фоиз, олий таълимда эса 42 фоизга етгани, одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайган.

“Конституциямизга асосан давлат зиммасига юклатилган ижтимоий мажбуриятларни бажариш ҳамда юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1 миллион нафардан зиёд фуқаро камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси 6,6 фоизга туширилди.

Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш, мустаҳкам ҳуқуқий тизим ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимиз дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда.

Масалан, 2025 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 19 поғона юқори кўтарилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қайд этилди. Глобал инновация индексида юртимиз Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бўйича кучли учликдан жой олди. “S&P”, “Fitch” ва “Moodyʼs” каби нуфузли халқаро агентликлар томонидан Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги оширилди.

Нуфузли халқаро анжуман – ЮНЕСКО Бош конференцияси сўнгги 40 йил давомида биринчи марта Париждан ташқарида, яъни, Самарқандда муваффақиятли ўтказилгани ҳам жаҳон ҳамжамияти томонидан муҳим воқеа сифатида эътироф этилмоқда”, дейилади президент табригида.

Шавкат Мирзиёев бутун Ўзбекистон халқига сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-тотувлик ва фаровонлик тилаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади