Москва вилоятида уй интернети учун оқ рўйхатлар жорий этилди

1 майдан бошлаб Россиянинг Москва вилояти Шчёлково туманидаги "Всем Wi-Fi" провайдери абонентлари уй интернетининг ноодатий ишлаш режимига дуч келишди. Эндиликда тармоққа кириш фақатгина махсус оқ рўйхатдаги ресурслар учунгина мумкин бўлмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Фойдаланувчиларнинг сўзларига кўра, ушбу чекловлар юқори турувчи оператор ташаббуси билан киритилган. Бу ҳолат май байрамлари даврида вақтинчалик характерга эга эканлиги айтилмоқда.
Шунга ўхшаш хабарлар Россиянинг бошқа ҳудудларидан, жумладан Сибир, Урал ва Кавказдан ҳам келиб тушмоқда. Бироқ ҳозирча бу фақат тармоқдаги хусусий кузатувлар ва шикоятлардан иборат бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб бундай амалиёт жорий этилгани расман тасдиқланмаган.
Март ойи охирида Ростов-на-Дону каби қатор жанубий ҳудудларда ҳам оқ рўйхатлар синовдан ўтказилаётгани хабар қилинган эди. Бунга қарамай, йирик алоқа операторлари ва Рақамли ривожланиш вазирлиги уй интернети учун тизимли чекловлар киритилмаганини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!